Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:57

Меҳнат муҳожирлари нега муштлашяпти?


Ўтган ҳафта Краснодар ўлкаси Анапа шаҳар шифохонасига оғир тан жароҳатлари билан бир неча нафар Ўзбекистон фуқароси келтирилди. Полиция касалхонага келтирилган ўзбек мардикорлари оммавий муштлашув пайтида пичоқдан яраланганини айтмоқда.



Уч ўзбекистонлик оғир аҳволда
Ўтган ҳафта, 22 мартга ўтар кечаси Анапа шаҳар Марказий шифохонасига тан жароҳати олган бир гуруҳ ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари келтирилди.

Шаҳар касалхонасининг жарроҳлик бўлими ходими Озодликка уларнинг барчаси пичоқ билан яралангани, уч нафарининг аҳволи жуда оғир эканини маълум қилди.

- Ҳа, мен яраланганларнинг фамилиясини биламан. Улар учта ўзбек: Очилов ва ака-ука Тўқмонов Зоир ва Ҳикматулло. Уларни кечаси олиб келишди. Ҳаммасида пичоқлашдан олган жароҳат бор. Биттасида тешиб ўтган оғир яраси борлиги аниқланди. Уларни 3 кун олдин кечаси олиб келишди,- деди жароҳатланган ўзбекистонликларни шахсан қабул қилганини Озодликка айтган навбатчи врач.

Ўзини Михаил Александрович деб таништирган врач ҳодиса куни бу уч нафар қурувчи-мардикордан ташқари шифохонага яна бир неча нафар енгил жароҳат олган ўзбеклар ҳам мурожаат қилгани, зарурий муолажа қилингач жавоб бериб юборилганини билдирди.

- Бу уччала ярадорнинг аҳволи қуйидагича: биттаси ўрта ҳолатда, иккитаси ўта оғир ҳолатда. Уларнинг барчасига оғир тешиб ўтган жароҳатлар етказилган, демак жиноий иш ҳам оғир моддалар асосида қўзғатилади. Ҳозирда касалхонамиз реанимация бўлимида фақат шу уч йигит ётибди. Полициячилар бизга муштлашув бўлгани маълум қилишди, бундан ортиқ ҳодиса тафсилотлари тўғрисида маълумотга эга эмасман. Бизга беморлар тезроқ даволаниб кетса, бас, чунки уларнинг соғлиги жиддий хавф остида қолмоқда,- дейди хирург Михаил Александрович.

Анапа шаҳар Ички ишлар бошқармаси ахборот бўлими бошлиғи Алексей Лисюкдан олинган маълумотга кўра, ўзбек муҳожирларининг оммавий муштлашуви Пионерский проспектида жойлашган “Дельфин” пансионатида содир бўлган. Муштлашган ва жароҳат олганларнинг барчаси шу пансионатда мавсумий қурилиш ишларига жалб қилинган.

Полиция вакиллари Озодликка ҳодиса тафсилотлари ўрганилаётгани ва кейинроқ тергов натижалари эълон қилинишини билдиришди.

Муҳожирлар нега муштлашяпти?

Озодлик 2014 йилги Қишки Олимпиадага ҳозирланаётган қурилишлар марказига айланган Краснодар ўлкасида бундан олдин ҳам ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари иштирокида оммавий муштлашувлар чиқаётгани ҳақида хабар берган.

Ўтган йилнинг 5 ноябрида Сочи шаҳрининг “Горная карусел” спорт ва туризм мажмуаси қурилишида ишлаётган 240 нафар ўзбекистонлик меҳнат муҳожири орасида эски пайпоқ масаласида келиб чиққан оммавий муштлашув ва маиший жанжалдан кейин маҳаллий ҳокимият томонидан 192 киши депортация қилинган эди.

Муҳожирлар орасидаги оммавий муштлашувлар мунтазам равишда Россиянинг бошқа ўлкаларида ҳам рўй бераётгани маълум.

2013 йилнинг 24 февралида Санкт Петербургнинг Московский туманида содир бўлган ўзбеклар орасидаги оммавий муштлашувга муҳожир аёл сабабчи бўлгани; 21 февралга ўтар кечаси Москва марказидаги Новокузнецкая кўчасида тўрт ўзбекистонлик билан тўрт тожикистонлик ўртасида рўй берган муштлашув пайтида совуқ қурол ишга солинган ва Ўзбекистоннинг уч фуқароси пичоқдан жароҳат олгани; Москва жануби-шарқидаги Марьино туманида меҳнат муҳожирлари ўртасида чиққан оммавий муштлашув оқибатида 4 киши шифохонага олиб кетилгани хабар қилинган эди.

Москва, Санкт Петербург, Владивосток, Сочи каби йирик шаҳарларда содир бўлаётган оммавий жанжалларнинг асосий қисми маиший характерга эга ва, биринчи навбатда, ёлланма ишчиларнинг маданий даражасига боғлиқ, дейди Озодликка Краснодардаги “Умид” ўзбекистонлик ватандошлар жамияти раиси Тожиддин Нурматов.

- Энг аввало пул масаласида, асосан. Кейин, одатда бизда Ўзбекистонда мавжуд минтақалараро жанжаллар бу ерга ҳам кўчириб келиняпти. Хоразмлик, сурхондарёлик, фарғоналик ва ҳоказо қилиб бўлинишлар ҳам одатда бундай жанжалларни келтириб чиқаряпти. Бу сиёсат ва маданиятдан жуда узоқ бўлган ҳамда минтақавий белгилар асосида бирлашишга ҳаракат қилаётган ўзбеклар орасида жуда кучлидир. Қолаверса, оғир шароитда ва доимий стрессда яшаб келаётган одам арзимаган нарсадан муштлашувни бошлаб кетиши турган гап. Миллатлараро низолар ҳам одатий ҳол. Масалан, яқинда чечен ва ўзбек йигити ўртасидаги муштлашув оқибатида чеченни пичоқлаб қўйишди. Чечен йигит бригадир бўлиб ўзбекларга пул бермаган экан. Қизиғи, маҳаллий чеченлар “Ўзи айбдор экан”, дейди ўзбеклар жамияти раиси Тожиддин Нурматов.
XS
SM
MD
LG