Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:10

Ислом Каримов Тошкент вилояти ҳокимини ишдан олди


Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Тошкент вилояти Халқ депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида вилоят ҳокими Рустам Холматовни ишдан олиб, унинг ўрнига Андижон вилояти ҳокимини тайинлади.

1 апрел куни Тошкент вилояти Халқ депутатлари кенгашининг сессияси бўлиб ўтди.

Сессияда иштирок этган президент Ислом Каримов вилоят ҳокими Рустам Холматовни ишдан олиб, унинг ўрнига Андижон вилояти ҳокими Аҳмаджон Усмоновни ҳоким қилиб тайинлади.

Бунга қадар март ойи бошида Тошкент вилояти Халқ депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиши ва унда ҳоким кескин танқидлар остида ишдан олиниши мустақил манбалар орқали хабар қилинган эди.

2008 йилдан бери Тошкент вилоятига ҳокимлик қилиб келган сенатор Рустам Холматов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Илм-фан, таълим, маданият ва спорт масалалари бўйича қўмитаси аъзоси.

Ўзбекистон Либерал Демократик партияси (ЎзЛиДеП) аъзоси бўлган Холматов 1961 йил 18 майда Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида туғилган.

У 1987 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтини иқтисодчи мутахассислиги бўйича тамомлаган.

Холматовнинг ўрнини эгаллаган Аҳмад Усмонов эса Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси.

ЎзЛиДеП аъзоси бўлган Аҳмад Усмонов 1957 йил 14 январда Самарқанд вилоятининг Кўшработ туманида туғилган.

Усмонов 1981 йилда Самарқанд давлат университетини ҳуқуқшунос мутахассислиги бўйича тамомлаган.

Ҳозирча, сенатор Рустам Холматовнинг кейинги тақдирига оид маълумот берилмади.

Айни пайтда Андижон вилоятига кимнинг ҳоким этиб тайинлангани ҳам номаълум қолмоқда.
XS
SM
MD
LG