Линклар

Шошилинч хабар
10 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:05

Фермерни ўлдирганликда гумонланган милиционер қўлга олинди


Тошкент вилояти Янгийўл туман милиция бошлиғи Азиз Тошпўлатов маҳаллий фермер ўлимида айбланиб қўлга олинди. Маҳаллий фермер Турсунали Содиқов милиция бошлиғидан калтак еганидан кейин вафот этган эди.


Бу ҳақда Озодлик радиосига маҳаллий журналист маълум қилди. (Бу журналистнинг исмини, маълум сабабларга кўра, айтмасликни маъқул кўрдик)

Суҳбатдошга кўра¸ Янгийўл тумани Ички ишлар бўлими бошлиғи Азиз Тошпўлатов фермер Турсунали Содиқов ўлимига сабаб бўлганликда айбланиб, 1 май куни ҳибсга олинган.

Маҳаллий журналист тафсилотларни ўрганиб, яна биз билан боғланишга ваъда берди.

Янгийўл туман милиция бошлиғи Азиз Тошпўлатов ҳибсга олингани ҳақида маълумот тарқатган Uznews.net нашри мухбири янгийўлликлар фикрига таяниб, милиция бошлиғи Азиз Тошпўлатов 1 май куни қора ниқоб кийганлар тарафидан ҳибс қилинганини ëзади.

Фермернинг ўлими


Тошкент вилояти Янгийўл тумани ҳокимлигида ўтказилган мажлис пайтида маҳаллий фермер Турсунали Содиқов ички ишлар бўлими раҳбари Азиз Тошпўлатов томонидан калтакланганидан бир кун ўтиб юрак хуружидан жон берган эди.

Янгийўллик Давронбек отаси - фермер Турсунали Содиқов 16 апрел куни вафот этиши арафасида туман ҳокимлигида ўтказилган йиғилиш пайтида туман Ички ишлар бўлими бошлиғи томонидан калтаклангани тўғрисидаги хабарни Озодлик билан суҳбатда тасдиқлаган эди.

Суҳбатдошга кўра, 15 апрел куни Янгийўл туман ҳокими фермерларни йиғиб, мажлис ўтказган ва мажлисга кеч қолиб келган 63 яшар фермер Турсунали Содиқовни калтаклаттирган.

17 апрел куни дафн этилган фермер Турсунали Содиқовнинг ўғли Давронбекнинг айтишича, отасининг калтакланганига амакиси шахсан гувоҳ бўлган.

Янгийўллик маҳаллий мухбирнинг айтишича¸ туман Ички ишлар бошқармаси раҳбари Азиз Тошпўлатов 63 яшар фермер Турсунали Содиқовни қулоғининг орқасига мушти билан қаттиқ зарба берган.

Янгийўл туман Ички ишлар бошқармаси раҳбаридан ҳамманинг олдида мушт еган фермер Турсунали Содиқов бир кун ўтиб, 16 апрел куни юрак ҳуружидан ўлди.

Бу воқеа рўй берганидан кейин Озодлик билан суҳбатда бўлган Тошкент вилоят Ички ишлар бошқармаси масъул ходими “янгийўллик фермернинг ўлими юзасидан шикоят ўрганилмоқда”, деб маълумот берган эди.

Калтак еб ўлмаган фермерлар


Наманган вилояти ҳокими ўринбосари Ўктам Эргашев 19 апрел куни Косонсой туманида ўтказган йиғилишида ўнга яқин фермерни калтаклади.

Озодлик манбасининг хабар қилишича, орадан икки кун ўтиб вилоят ҳокими Баҳодир Юсупов ҳам шаҳар газ таъминоти идораси раҳбарини ҳамманинг олдида калтаклаган.

Ўктам Эргашев Бўстон қишлоғида ўтказган йиғилишида фермерлар ва туман Ер ресурслари кадастр бўлими мутахассисини калтаклади.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган ва исми сир қолишини сўраган косонсойлик манбанинг айтишича, вилоят ҳокими ўринбосари фермерларни ўз ерларига ғайриқонуний тарзда пиёз экканликда айблаган:

- Фермерлардан етти киши Ўктам Эргашевдан калтак еган. Ҳаммасини бир чеккадан уриб чиққан. Калтакнинг энг қаттиғини земломер Муҳиддин Саидов еган. Уни: " Сен пиёзга ер бергансан", деб уриб, кейин ўша дала шийпонидаги ҳовузга итариб юборган. Земломер ҳовуздан чиқаётганда яна ўша ерда ётган бир хода билан бошига солган. Муҳиддиннинг боши ёрилиб, қонаб кетган, дейди бу манба.

Наманган ва Янгийўлдаги муштумзўрлик ҳолатлари Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Тошкент вилояти Халқ депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишида шундай ҳокимларни танқид қилгандан сўнг содир бўлди:

- Ҳоким одамларни бирлаштириш ўрнига, қўл остидагиларга юқоридан қарашни, менсимасликни, қўпол муносабатда бўлишни ўзига маъқул топди. Кўп мисоллар олиб келиш мумкин. Буни майдалаб ўтириш ҳам шарт эмас. Нимага деганда ҳаммаси сизлар учун аён. Халқ ҳамма нарсани билади. Кимнидир ҳаммани олдида беобрў қилиш, куч ишлатиш, кимнидир обориб қамаб қўйиш бир кечасига, э, бу қайси қонунда ёзилган?, деган эди Ислом Каримов.

Тошкент вилояти собиқ ҳокими “айбдор” фермерни ўзи ташкил қилган қамоқда “ҳибс” қилгани президент танқидига сабаб бўлган эди.

Ўзбекистонда ҳокимлар, прокурорлар ва бошқа мансабдор шахсларнинг ўз қўл остидаги одамларни калтаклаш ҳолатлари кўп кузатилади.

Ўтган йили Жиззах вилояти, Зарбдор тумани ҳокими металлолом йиғиш бўйича вазифани бажаришга ваъда бера олмаган туман Халқ таълими бўлими мудирини калтаклаган.

2011 йилнинг август ойида Жиззах вилоят Зарбдор туман прокурори Дадажон Мубиев Бўстон ғишт заводи директори Бронислав Тагайни дўппослагани учун ишдан бўшатилган эди.

2010 йилда қизириқлик фермерлар пахта режасини бажаролмаётганлиги учун прокурордан калтак еган эди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:35:54 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG