Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:31

"Гулнора Каримова парламентга киришга ҳаракат қилаяпти"


2 май кунги матбуот анжуманида Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова президентлик амбицияларини яна очиқламади. Айни пайтда¸ Каримова раҳбарлик қилаëтган Фонд Форумнинг мамлакат парламентига кириш ҳаракатида экани айтилмоқда.


Президентлик даъвоси


Кейинги пайтда ўзини турли соҳада, турфа кўринишда “кўз-кўз” қилаётган Гулнора Каримова пайшанба куни Тошкентда матбуот анжумани ўтказиб, журналистларнинг сиёсат, санъат, маданият борасидаги саволларига жавоб берди.

Shov-shuv.uz Интернет сайти муҳаририри Жасур Ҳамроевнинг ўз сайтида ëзишича, у матбуот анжумани пайтида Каримовага "2014 йил депутат сайловларида, 2015 йил президент сайловларида ўз номзодингизни қўясизми?”, деган савол билан мурожаат қилган.

Бу саволга жавобан Гулнора Каримова “Мабодо Худонинг кулгисини келтиришни истасанг, беш минутдан кейин нима қилишингни айт”, деган мақолни келтирган ҳолда ўз ниятларини яна очиқламаган.

Айни пайтда ушбу анжуманда иштирок этган Uzmetronom.com нашри муҳаррири Сергей Ежковга кўра, Гулнора Каримова сиёсат оламида жиддий қадамлар ташлаш ҳаракатида:

- Фонд Форум жамоатчилик ҳаракати сифатида 2014 йил декабрига белгиланган сайловларидан сўнг парламентга кириши мумкин. Худди Экологик ҳаракат каби. Ҳозирда 7,5 миллион тарафдорига эга экани айтилаётган Фонд Форумнинг сайловда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун 150 минг имзони тўплаши қийин бўлмаслиги аниқ. Кейин парламент ҳаммага маълум ва машҳур шахсни ҳукумат лавозимига тавсия қилиши мумкин, дейди Ежков.

Ўтган йил декабр ойида Гулнора Каримова ўз етакчилигидаги Фонд Форумнинг ҳисобот анжуманида ҳам келгусида президентликка номзодини илгари суриши эҳтимолини назардан соқит қилмаган ҳолда¸ "иддаоли¸ мияси жойида ва интилувчан ҳар бир одам потенциал давлат раҳбари бўлиши мумкин”, дея жавоб қайтарган эди.

Шунингдек, жорий йилнинг март ойида Гулнора Каримова Celebrity Scene News PR агентлиги мухбири билан суҳбатда келажакда президентликка ўз номзодини илгари суришини эҳтимолдан истисно қилмаслиги ҳақида гапирган эди.

Товус патлари, Gangnam style ва яна бошқа қизиқишлар


2 май кунги анжуманда Гулнора Каримова ўзининг Instagram тармоғидаги саҳифасида ярим яланғоч суратларини эълон қилгани, отаси - президент Ислом Каримовнинг бетоблиги, Бош вазир биринчи ўринбосари Рустам Азимов шахсига нисбатан "тош отган"лари билан боғлиқ саволларга ҳам жавоб берган.

Жумладан, анжуманда қатнашган журналистлардан бирининг исмини очиқламаслик шарти билан айтишича, Гулнора отаси –президент Ислом Каримовнинг бетоблиги ҳақидаги гап-сўзларга нима сабабдан расмий изоҳ бўлмагани ҳақидаги саволга "бунинг сабаби менга қоронғу" дея жавоб берган.

Сергей Ежковга кўра, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтидаги элчилар рўйхатидан мамлакатнинг БМТдаги доимий вакили сифатида қайд этилган Гулнора Каримованинг номи олиб ташланиши сабаблари борасидаги унинг саволи эса жавобсиз қолган.

Жорий йилнинг март ойида Гулнора Каримова ўз блоглари орқали мамлакатда юқори технология лойиҳалари, Навоий вилоятидаги эркин иқтисодий зона, Самарқанд вилоятида қурилаётган электр станцияси ва бошқа лойиҳаларни амалга оширишда бош вазир биринчи ўринбосари Рустам Азимовни яширин иш олиб бораётганлик ва коррупцияга аралашганликда айблаган эди.

Анжуманда бу борада кўтарилган саволларга жавобан Каримова “жаноб Азимов билан жуда яхши муносабатда экани ва тез-тез учрашиб, муаммоларни муҳокама қилиши” ҳақида гапирган.

Instagram тармоғидаги саҳифасида товус патига ўралган ҳолда эълон қилинган ярим яланғоч суратларини эса Гулнора ўзининг дизайнерлик фаолияти билан боғлаб, хайрли мақсадлар йўлида Япония бош вазирининг подиумга шортикда чиққанини мисол тарзида келтирган.

Шу ўринда Каримова хоним яқинда ўзининг шортик кийиб Gangnam styleга рақсга тушгани акс этган суратни Instagram орқали намойиш қилганини ҳам қўшимча қилган.
XS
SM
MD
LG