Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:30

Андижон қатлиомининг 8 йиллиги Истанбулдаги тадбирда хотирланади


Андижон қирғинидан кейин ўзбекистонда тазйиқлар кучайди
Андижон қирғинидан кейин ўзбекистонда тазйиқлар кучайди



Андижон қатлиомининг 8 йиллиги муносабати билан 11 майда Туркиянинг Истанбул шаҳрида “Озод Ўзбекистон” халқаро анжумани бўлиб ўтади. Тадбирда бир қатор таниқли шахслар, жумладан, Британиянинг Тошкентдаги собиқ элчиси Крейг Мюррей, Эрк демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳ, Ўзбекистон Халқ ҳаракати фаоллари¸ журналистлар ҳамда ёзувчилар қатнашади.

Бу ҳақда 10 май куни Истанбулда ўтказилган матбуот анжуманида билдирилди.

Матбуот анжуманида қатнашган Озодлик мухбирига кўра¸“Ўзбеклар бирлиги” жамияти ташаббуси билан ўтказилажак халқаро тадбир доирасида Истанбул шаҳридаги Üsküdar Bağlarbaşı анжуманлар саройида 23 йилдан буён Ўзбекистонда кузатилаётган қатлиом ва қийноқлар, шунингдек, 2005 йил майида Андижонда рўй берган хунрезликка оид фотокўргазма ҳам намойишга қўйилади.

10 май эрталаб соат 11 да Истанбул марказидаги Тақсим майдонида ташкиллаштирилган матбуот анжуманида қатнашган журналистларга бундан 8 йил муқаддам Андижонда содир этилган воқеалар яна бир бор эслатилди.

Расмий маълумотларга қараганда, Андижонда бундан 8 йил олдин содир бўлган қирғинда 180 киши ҳалок бўлган. Ўша воқеаларнинг бевосита гувоҳи бўлган юзлаб оддий одамлар ва журналистлар мажбуран мамлакатни тарк этган.

Матбуот анжуманида чиқиш қилган ўзбек мухолифатининг таниқли арбоби Муҳаммад Солиҳга кўра , Андижон воқеасида 3000 киши ҳалок бўлган ва яна 10000 дан ортиқ киши эса қўшни Қирғизистонга қочиб чиққан.

Анжуманда орадан 8 йил ўтиб Ўзбекистон ҳукумати халқаро жамоатчиликнинг Андижон хунрезлиги бўйича текширув ўтказилишига оид талабини бажармай келаëтгани таъкидланди.

Ўзбек расмийлари Андижонда аслида нима бўлганини ўрганиш истагини билдирган халқаро комиссияга рухсат бермагани ҳам Истанбулдаги матбуот анжумани ташкилотчилар тарафидан ташвиш билан қайд қилинди.

2005 йилнинг 13 май куни Андижоннинг Бобур майдонида тўпланган тинч намойишчилар ҳукумат аскарлари томонидан ўққа тутилгани халқаро жамоатчилик тарафидан қораланган эди.

Анжуман ташаббускорлари икки кундан сўнг очилажак тадбирдан мақсад – 8 йил муқаддам Андижонда рўй берган қатлиом унутилиб кетишига йўл қўймаслик, аксинча бунга халқаро ҳамжамият диққатини қаратиш эканини таъкидлашди.

XS
SM
MD
LG