Линклар

Шошилинч хабар
06 июл 2022, Тошкент вақти: 15:30

Халқаро хабарлар

Қандахорда портлашдан камида 10 киши ҳалок бўлди

Афғонистоннинг Қандахор вилоятида йўл четига ўрнатилган бомба портлаб камида 10 киши ҳалок бўлди, камида 12 киши тан жароҳати олди. Жабрларганларнинг барчаси тинч аҳолидир.

Вилоят полицияси ва расмийлари душанба куни амалга оширилган ҳуруж учун вилоят ҳудудида ўрнашиб олган Толибон жанггариларини айблади.

Қандахор вилояти полицияси бошлиғи Абдул Разиқнинг айтишича, воқеа бомба портлашидан жабрланганлар бир неча кун олдин худди шунга ўхшаш бошқа бир портлашдан ҳалок бўлганларнинг таъзиясига кетаётган пайтда содир бўлган.

Полиция бошлиғига кўра, ҳалок бўлган ва яраланганлар орасида аёллар ва болалар бўлган.

Кун янгиликлари

Минтақада энг катта экани айтиладиган “Дўрдўй” бозорида 51 та савдо шаҳобчаси ёниб кетди

"Дўрдўй" бозорида ёнғин содир бўлган ҳудуд.

Бишкекдаги “Дўрдўй” бозорида 5 июнда чиққан ёнғинда 42 та контейнер ва 9 та тез овқатланиш шаҳобчаси ёниб кетгани тўғрисида 6 июль куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълум қилди.

Ёниб кетган контейнерларда асосан кийим-кечак сотилган.
Ёнғин оқибатида бозордаги 1000 квадрат метр майдондаги савдо шаҳобчалари вайрон бўлди. Ёнғин пайтида ис газидан заҳарланган икки киши касалхонага ётқизилди.

5 июлда бозордаги ёнғинни бартараф этишга 60 қутқарувчи ва 7 та ўт ўчириш бўлинмаси жалб қилинган.

Юз гектарлик майдонга жойлашган “Дўрдўй” бозорида 40 минг савдо шаҳобчаси мавжуд. Уларда 55 минг сотувчи меҳнат қилади. Ҳаммоллар, умумий овқатланиш шаҳобчалари, қўшимча хизмат кўрсатиш соҳаси вакилларини ҳисобга олганда “Дўрдўй” камида юз минг кишини иш билан таъминлаши расман айтилади.

АҚШ дохил 35 мамлакат Россия ва Беларусга қарши спортга оид санкцияларни кучайтиришга чақирди

Россия термаси аъзоларининг Олимпиада-2020 дан қайтишига бағишлаб Москвада ўтказилган маросимдан лавҳа

АҚШ, Канада, Япония, Буюк Британия ҳамда Европа Иттифоқи давлатлари дохил 35 та мамлакат 5 июль куни Россия ва Беларусга қарши спорт санкцияларини кучайтиришга чақирилган қўшма баёнотни имзолади.

Янги чеклов чоралари доирасида:

  • Халқаро спорт федерацияларининг Россия ва Беларусь миллий спорт бошқарув органлари билан ҳамкорлигини тўхтатиш;
  • Россия ва Беларусь ҳукумати билан яқин алоқаларга эга шахсларни халқаро спорт федерацияларидаги нуфузли лавозимлардан четлатиш;
  • Россия ва Беларусда халқаро спорт мусобақалари трансляцияларини вақтинча тўхтатиш имкониятларини кўриб чиқиш назарда тутилган.

“Миллий ёки халқаро спорт ташкилотлари ушбу икки мамлакат атлетларига мусобақаларда иштирок этишга рухсат берган тақдирда ҳам улар фақат нейтрал мақомдагина қатнашишлари керак”, дея урғуланган баёнотда мусобақаларда Россия ёки Беларусь байроқлари, герб ва гимнларидан фойдаланиш тақиқланиши лозимлиги айтилган.

Украинада уруш бошланганидан сўнг кўплаб халқаро спорт ташкилотлари, ХОҚ тавсиясига мувофиқ, россияликларни мусобақаларга жалб этмай қўйган. Улар футбол, хоккей, енгил атлетика ва фигурали учиш каби спорт турларида мусобақалардан буткул четлатилган. Автоспорт, велоспорт, теннис ва шахматда эса нейтрал мақомда иштирок этишмоқда.

Украинада Коммунистик партия фаолияти суд қарори билан тақиқланди

Украина Коммунистик партияси раҳбарияти, 2014 йил 1 майи

Львовдаги апелляцион маъмурий суд 5 июль куни Адлия вазирлиги аризасини қаноатлантирган ҳолда Украина Коммунистик партияси (УКП) фаолиятини тақиқлаш ҳақида қарор чиқарди.

Компартия Россия қўшинлари Украинага бостириб кирганидан кейин мамлакатда фаолияти тақиқланган 15-партияга айланди. У билан бирга сешанба куни “Бахтиёр Украина” партияси фаолияти ҳам тақиқланган. Мазкур сиёсий ташкилот Виктор Янукович даврида вазир бўлиб ишлаган Александр Клименко томонидан тузилган эди.

Украина мустақиллигининг илк йилларида УКП мамлакатдаги энг йирик сиёсий кучлардан бири бўлган, унинг ўзгармас раиси Пётр Симоненко 1999 йили президентлик сайловида иккинчи босқичга чиқиб, пировардида Леонид Кучмага мағлуб бўлган эди. Компартия вакиллари 2014 йилгача Украина парламентига киришга муваффақ бўлишган, Майдон ғалабасидан кейин эса партия сайловларда мағлуб бўлган. Партия аъзоларининг бир қанчаси Донецк ва Луганск вилоятларидаги айирмачиларни дастаклаб чиқишган.

2015 йили суд партия фаолиятини тақиқлаган, бироқ ўшандан кейин ҳам қарор тўлалигича қонуний кучга киргани йўқ эди.

Россия кучлари Украина ҳудудига бостириб кирган 24 февралдан кейин мамлакатда россияпараст деб ҳисобланган партиялардан қарийб барчасининг фаолияти тақиқланган.

Швеция ва Финляндиянинг НАТОга киришига доир протоколлар имзоланди

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг, Финляндия ва Швеция ташқи ишлар вазирлари 5 июлни “тарихий кун” деб аташди.

НАТОнинг Брюсселдаги бош қароргоҳида Швеция ва Финляндиянинг Шимолий Атлантика иттифоқига аъзо бўлиши тўғрисида баённомалар имзоланди. Ҳужжатларга НАТОга аъзо 30 мамлакат ҳамда Швеция ва Финляндия вакиллари имзо чекишди.

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг, Финляндия ва Швеция ташқи ишлар вазирлари 5 июлни “тарихий кун” деб аташди. Улар мазкур икки мамлакатнинг альянсга қўшилиши уларнинг хавфсизлигини мустаҳкамлашга ёрдам бериши билан бирга, НАТОни ҳам кучайтиришини урғуладилар.

Йиғилишда Россия номи тўғридан-тўғри тилга олинмаган бўлса-да, айнан Россиянинг Украинага тажовузи ушбу икки анъанавий бетараф мамлакатнинг Шимолий Атлантика иттифоқига киришга қарор қилишида асосий сабаб бўлди.

Финляндия ва Швеция май ойи ўрталарида НАТОга аъзо бўлиш учун расман ариза берган эди. Уларни НАТО аъзолигига қабул қилиш қарори рекорд даражада қисқа муддатда қабул қилинди – бу ҳақда июннинг охирларидаёқ Мадриддаги саммитда эълон қилинди. Ягона жиддий тўсиқ Туркиянинг талаблари бўлган эди, аммо томонлар бу борада тил топишишга муваффақ бўлишди.

Швеция билан Финляндия НАТОнинг тўла ҳуқуқли аъзолари бўлиши учун бугун имзоланган ҳужжатлар альянс таркибидаги 30 мамлакатнинг парламентлари томонидан ратификация қилиниши керак.

Россия ҳукумати вакиллари икки мамлакатнинг НАТОга аъзо бўлаётганига изоҳ беришар экан, бир тарафдан мазкур қарорни қоралашди, бошқа томондан, бунда жиддий муаммо кўрмаётганларини, чунки Россиянинг Финляндия ва Швеция билан ҳудудий низолари йўқлигини айтишди. Шу билан бирга, улар Финляндия ва Швецияда НАТО инфратузилмаси жойлаштирилган тақдирда Россия жавоб ўлароқ муайян чоралар қўллашига ваъда беришди.

Полиция Чикагода олти кишини отиб ташлаганликда гумонланган шахсни ушлади

Чикагода отишма содир бўлган жой.

АҚШнинг Чикаго шаҳри яқинидаги Ҳайленд-паркда Мустақиллик кунига бағишлаган парад чоғида одамларга ўқ узганликда гумонланаётган шахс қўлга олинди. У ўқ узганидан сўнг қочишга улгурган эди.

Полиция қўлга олинган шахс 22 ёшли Роберт Кримо эканини билдирди. Си-эн-эн телекомпаниясининг хабар беришича, полициячилардан бири уни автомобил бошқариб кетаётганини кўриб қолган. Кримо полициячининг автомобилни тўхтатиш тўғрисидаги буйруғини бажармай, қоча бошлаган. Аммо кўп ўтмай у машинасини тўхтатган ва полицияга таслим бўлган. Ҳозирча ҳужум мотивлари ноаниқ бўлиб қолмоқда.

Дастлаб Ҳайленд-паркдаги отишмада олти киши ҳалок бўлгани ва 20 чоғли киши яралангани хабар қилинганди. Сўнгги маълумотларга қараганда, парадда яраланган 36 киши касалхонага ётқизилган. Улар орасида болалар ҳам бор.

АҚШ президенти Жо Байден бу воқеага муносабат билдирар экан «ўқотар қурол билан мантиқсиз ҳужум қилинганидан шокда» эканини айтди ва «қуролли зўравонлик эпидемиясига қарши курашиш»га ваъда берди.

Бундан аввал Техас штатининг Ювалде шаҳридаги мактабга қуролли ҳужум қилинган ва 19 ўқувчи ҳамда 2 ўқитувчи ҳалок бўлганди.

Италияда Альп тоғларидан муз кўчиши натижасида 7 киши нобуд бўлди, 15 киши бедарак йўқолди

Альп тоғларидаги музлик кўчган жой, 2022 йил 4 июли

Италияда Альп тоғларида йирик музлик қулаши натижасида камида 7 киши ҳалок бўлди, 15 киши бедарак кетгани айтилмоқда. Ҳодиса чоғида 8 киши тан жароҳати олган, улардан икки нафарининг аҳволи оғир. Муз кўчган жойда вертолётлар ва қидирув итлари ёрдамида қутқарув ишлари давом этмоқда.

Мармолада деб номланган музлик шу номдаги тоғ қиясида жойлашган эди. Мармоладанинг баландлиги 3300 метр келади. У ерда қишин-ёзин сайёҳлар чанғи учган. Қурбонлар ва жароҳатланганлар орасида турли мамлакатлардан келган туристлар ҳам бўлган.

Маҳаллий қутқарув хизмати вакили Вальтер Милан, гарчи фожианинг бевосита сабаби ҳали аниқланмаган бўлса-да, музлик Италияда сўнгги пайтларда кузатилаётган аномал иссиқ натижасида эрий бошлагани туфайли қулаган бўлиши мумкинлигини билдирган. Унга кўра, ҳатто муз ва қор ҳеч қачон эримаган 3000 метр баландликда ҳам сўнгги кунларда ҳарорат +10 даража атрофида бўлган.

Воқеа жойига етиб келган Италия бош вазири Марио Драги муз эришига сабаб бўлган аномал иссиқ сўнгги йилларда Европада тобора сезиларли бўлиб бораётган иқлим ўзгариши туфайли юзага келганини қайд этган.

Швеция ва Финляндия НАТОга қўшилиш тўғрисидаги шартномани 5 июль куни имзолайди

Швеция ва Финляндия НАТОга қўшилишга оид 4 июль куни бўлиб ўтган музокараларни битта раунддаёқ якунига етказишган. Альянсга қўшилиш тўғрисидаги шартнома 5 июль куни НАТО қароргоҳида имзоланади. Бу ҳақда НАТОнинг расмий сайтида маълумот тарқатилди.

Финляндия ва Швециянинг НАТОга расман қўшилиши учун мазкур шартнома ўз парламентлари ва альянсга кирган 30 та мамлакат парламентлари томонидан ратификация қилиниши зарур.

Бу икки мамлакат Россия қўшинлари Украинага бостириб кирганидан кейин НАТОга аъзо бўлиш истагини билдирган. Финляндия ва Швеция Европада Россия тажовузи сақланиб қолаётган бир шароитда ўз хавфсизлиги учун ташвишланиб, НАТОга қўшилиш учун ариза топширган. НАТО бош котиби Йенс Столтенберг ва АҚШ президенти Жо Байден бу мамлакатларнинг альянсга қўшилиши жараёнини тезлатишни ваъда қилишган.

Финляндия ва Швециянинг НАТОга қўшилишига Туркия қарши чиққан. Анқара иддаосича, бу мамлакатлар Туркия томонидан террорчиликка алоқадор деб ҳисобланган шахсларни топширишдан бош тортишган. Бироқ 28 июнь куни НАТОнинг Мадриддаги саммитида мазкур мамлакатлар ўзаро муросага келишга муваффақ бўлишган.

Шундан кейиноқ НАТО Финляндия ва Швецияга альянсга қўшилишни расман таклиф қилган. “Финляндия ва Швециянинг НАТОга қўшилиши уларни янада ҳимояланганроқ, альянсни янада кучлироқ, Евроатлантика ҳудудини эса янада хавфсизроқ қилади”, дейилган Мадрид саммитининг якуний декларациясида.

Ўша декларацияда НАТО мамлакатлари Россияни Европа ва дунё хавфсизлиги учун асосий ва тўғридан-тўғри таҳдид деб аташган. Аввал НАТО Россия Федерациясини стратегик ҳамкор ўлароқ кўрар эди.

АҚШ: Чикагода Мустақиллик байрамига бағишланган параддаги отишмада 6 киши ҳалок бўлди

Чикагода одамлар ўққа тутилган жой, 2022 йил 4 июли

АҚШнинг Чикаго шаҳри яқинидаги Ҳайленд-паркда Мустақиллик кунига бағишлаган парад чоғидаги отишма натижасида олти киши нобуд бўлди, 20 чоғли киши яраланди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар қилди.

Гувоҳлардан бир қанчаси The Chicago Sun-Times газетасига айримлари қонга бўялган юзлаб парад иштирокчиси курсилар, болалар коляскаси ва адёлларини ташлаб, чор-атрофга қоча бошлаганини айтиб беришган. Парад ўқ овозлари янграганидан 10 дақиқа кейин тўхтатилган.

Гувоҳлардан бири бўлмиш Шон Котро CBS News’га ўқ узган шахс бинолардан бирининг томида бўлганини айтган. Унга кўра, ўқ узиш бир неча дақиқа давом этган. Нашр отишма пайтида 24 киши яраланганини ёзган.

Чикаго расмийлари маълумотига кўра, ҳуқуқ-тартиботчилар гумонланувчини изламоқда, шаҳар маркази атрофи ўраб олинган, ўқотар қурол топилган. Полиция қайдича, ўқ узган киши 18-20 ёшлардаги йигит бўлиб, оқ ёки кўк футболкада бўлган. Унинг нима мақсадда одамларни ўққа тутгани ҳозирча маълум эмас.

Путин Байденни АҚШ Мустақиллик куни билан табрикламайди

Байден ва Путин Женева саммитида. 2021 йил июнида олинган фотосурат.

Россия президенти Владимир Путин америкалик ҳамкасби Жо Байденга АҚШ Мустақиллик куни муносабати билан табрикнома жўнатмайди. Путин матбуот котиби Дмитрий Песковга кўра, АҚШ Россияга нисбатан “нодўстона сиёсат” олиб бораётгани ортидан мана шундай қарор қабул қилинди.

Песковнинг айтишича, “айниқса жорий йилда Қўшма Штатларнинг Россияга нисбатан нодўстона сиёсати кульминация нуқтасига кўтарилди”.

АҚШ Мустақиллик куни ҳар йили 4 июлда нишонланади. 1776 йилнинг 4 июлида АҚШнинг Британия қироллигидан мустақил экани тўғрисидаги декларация қабул қилинган.

Путин расман кўп йиллардан бери Грузия ва Украина президентларига турли саналар муносабати билан табрик жўнатмайди. У сўнгги марта Украина президенти Януковични 2013 йилнинг декабрида Янги йил билан табриклаган.

2019 йилда Путин Зеленскийни ҳам президентлик сайловида ғолиб чиққвани муносабати билан табрикламаган.

Зеленский Лисичанскни қайтариб олишга ваъда берди

Украина президенти Владимир Зеленский украин қўшинларининг Лисичанскдан чекинишига изоҳ бераркан, армия тактика ҳамда замонавий қурол-аслаҳа етказиб берилиши ҳисобига шаҳарни қайтариб олажагини айтди.

“Украина ҳеч нимани бериб қўймайди. Москвада Луганск вилояти ишғол этилгани ҳақида Путинга ҳисоб бераётганлар 24 февраль олдидан, босқиннинг илк кунларида, баҳорда ва ундан кейин қандай ҳисобот берганларини, нималарни ваъда қилганларини бир эсга олсинлар. Ўтган шунча вақт мобайнида нимани қўлга киритишганию бунинг учун нималарни бой берганларини реал баҳоласинлар. Уларнинг бу ҳисоботлари ҳам олдингилари каби барбод бўлажак”, деди Зеленский ўз мурожаатида.

3 июль куни Украина армияси Бош штаби чекиниш қарори “оккупация кучларининг артиллерия, авиация, ялпи ўт очиш реактив тизимлари, ўқ-дори ва шахсий таркиб борасида” бир неча баравар устунлиги шароитида қабул қилинганини маълум қилди. Бош штабга кўра, шаҳар мудофаасини давом эттириш мудҳиш оқибатларга олиб келиши мумкин эди.

“Биз ўз жангчиларимиз, одамларимиз ҳаётини асраймиз. Йиқилган деворни қайта қурамиз, еримизни жанг билан қайтариб оламиз, аммо одамларни эҳтиёт қилиш керак”, деди ўз мурожаатида Владимир Зеленский.

Лисичанск – Луганск вилоятининг украин қўшинлари назорат қилиб турган сўнгги шаҳри бўлиб қолаётганди.

Якшанба куни Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Лисичанск шаҳри устидан тўлиқ назорат ўрнатилгани ва шу муносабат билан ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси “озод этилгани” ҳақида Владимир Путинга ҳисоб берди.

Сўнгги кунларда Лисичанск зўр бериб ўққа тутилаётган эди. Аввалроқ Россия ҳарбийлари Лисичанск яқинида, Северский Донец дарёсининг нариги соҳилида жойлашган Северодонецк шаҳрини босиб олишди. Северодонецк ишғол этилиши арафасида буткул вайрон қилинган эди.

Лисичанск Москва тарафидан Украинанинг саноат маркази бўлмиш Донбассни босиб олиш учун муҳим нуқта ўлароқ кўрилади.

Покистонда автобус ағдарилиши оқибатида камида 19 киши ҳалок бўлди

Балужистондаги авариялардан бири.

Покистон жануби-ғарбида жала ёғиши оқибатида давонда кетаётган автобус йўлдан чиқиб кетиб ағдарилди. Бунинг оқибатида камида 19 киши ҳалок бўлди.

Балужистон вилоятидаги Ширани округи расмий вакили Маҳтоб Шох автобусда 35 йўловчи бўлганини айтди. Айни пайтда аврия жойида қутқарувчилар ишламоқда.

Автобус Исломободдан Кветтага кетаётган эди. Барча йўловчилар катта ёшдаги эркаклар бўлган. Ағдарилиш оқибатида тан жароҳати олган йўловчилардан айримларининг аҳволи оғир экани айтилмоқда.

Покистонда кўп қурбонлар бериладиган бу каби йўл-транспорт ҳодисалари тез-тез содир этилади. Бунга инфраструктуранинг ёмонлиги, автомашиналар техник ҳолатининг қониқарли эмаслиги ва ҳайдовчиларнинг йўл қоидаларига амал қилмаслиги сабаб қилиб кўрсатилади.

Ўтган ойда Балужистоннинг бошқа бир туманида ҳам автобус довондан жарга қулаб тушган ва 22 киши ҳалок бўлганди.

Россия чегарадан ўтишда COVID-19 га ўрнатилган барча чекловларни бекор қилди

Россия 15 июлдан бошлаб COVID-19 муносабати билан чегарани кесиб ўтишда ўрнатилган барча чекловларни бекор қилди. Мазкур чекловлар пандемия муносабати билан 2020 йилнинг мартида жорий этилган эди.

Россияга денгиз ва ҳаво йўллари орқали киришга ўрнатилган чекловлар 14 июнда бекор қилинган эди. 15 июлдан бошлаб эса Россияга ер усти транспорти билан ҳам кириш мумкин бўлади. Аммо Беларус фуқароларидан ташқари бошқа барча мамлакатлардан келаётганларга чегарадан ўтишда ПЦР-тест топшириш талаби сақлаб қолинади.

Роспотребнадзор 1 июлдан бошлаб ниқоб тақиб юриш, тунда умумий овқатланиш шаҳобчалири фаолиятини тўхтатиш, оммавий тадбирлар ва митинглар ўтказишни тақиқлаш каби қатор чекловларни бекор қилган.

Роспотребнадзор чекловлар сўнги тўрт ойдан бери коронавирус ҳолатлари озайиб бораётгани муносабати билан бекор қилинганини, вазият мураккаблашган тақдирда чекловлар қайта тикланишини билдирди.

Тбилисида евроинтеграция талаби билан муддатсиз норозилик ҳаракати бошланди

Тбилисидаги норозилик чиқишидан лавҳа, 2022 йил 3 июли

“Уят” нотижорат ташкилоти Грузия ҳукуматига қўйган етти кунлик ультиматум муддати тугаганидан сўнг Тбилисида, парламент биноси олдидаги Руставели марказий кўчасида 3 июль куни ўн минглаб одам тўпланди. Бир ҳафта муқаддам ушбу ташкилот лидерлари “Уйга – Европага” номли оммавий ижтимоий ҳаракатни тузишган эди, дея хабар қилди Озодликнинг рус хизмати.

Ультиматумга мувофиқ, бош вазир Ираклий Гарибашвили якшанба кунигача истеъфо бериши, иқтидордаги “Грузия орзуси” партияси эса мамлакатга Евроиттифоқ аъзолигига номзод мақоми берилиши учун лозим 12 шартни бажариш мақсадида халқ ишончи “техник ҳукумати” тузилишига розилигини эълон қилиши керак эди.

Руставели майдонидаги акцияда митинг то Гарибашвили ҳукумати истеъфо чиққунига қадар давом этиши ҳақида қарор ўқиб эшиттирилган. Митинг тинч, грузин ва украин миллий қўшиқлари садолари остида ўтмоқда.

17 июнь куни Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен Украина ва Молдовага Европа Иттифоқи аъзолигига номзод мақоми берилганини маълум қилган. Грузияга эса номзод бўлиш учун қатор шартларни бажариш вазифаси топширилган. Мамлакат қатор тизимли ислоҳотлар ўтказиши, хусусан, сиёсий ва иқтисодий ҳаётни олигархлар таъсиридан чиқармоғи, суд ҳокимияти мустақиллигини, журналистлар ҳамда турли озчиликлар ҳуқуқлари ҳимоясини таъминламоғи лозим.

Бош вазир Гарибашвили истеъфога чиқишдан бош тортган, иқтидордаги партия раиси Ираклий Кобахидзе эса мухолифатга ЕИ шартларини босқичма-босқич бажариш учун бир нечта парламент комиссияси ташкил этишни таклиф қилган.

Мухолифатдаги партиялар, жумладан, улардан энг йириги – Михаил Саакашвилининг “Ягона миллий ҳаракати” “Грузия орзуси” билан музокараларда “ҳеч қандай маъно йўқ”, деб ҳисобламоқда.

Қозоғистонда қорақалпоғистонлик намойишчиларни дастаклаб митинг қилган мигрантлар қўлга олинди

Атираудаги полиция автомобили (иллюстратив сурат)

Қозоғистоннинг Атирау шаҳрида 1 июль куни шаҳар майдонидаги стихияли митингдан сўнг ўнлаб киши ушланди. Уларнинг аксарияти сўроқдан кейин озод қилинган. Бу ҳақда Озодликнинг қозоқ хизмати Атирау вилояти полициясидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Полиция маълумотига кўра, жума куни Атираудаги майдонда 75 чоғли одам рухсат этилмаган митинг ўтказган.

“Кўпчилиги қўлга олиниб, сўроқ қилингач, қўйиб юборилди. Ҳозирда “Мигрант” тезкор-профилактика тадбири ўтказилмоқда, ушланганлар орасида Атирау вилоятида ҳужжатсиз, ноқонуний бўлиб турганлар бор эди. Уларга маъмурий жарима қўлланди. Айримлари суд қарорини кутишмоқда”, дея маълум қилган Озодликка департамент матбуот хизмати.

Полиция қайдича, қўлга олинганлар орасида Ўзбекистон фуқароларидан ташқари бошқа чет элликлар ҳам бўлган.

Қорақалпоғистон Республикаси маркази Нукус шаҳрида 1 июль Ўзбекистон Конституциясига киритилажак ўзгартишларга қарши оммавий митинг бўлиб ўтгани ҳақида аввалроқ хабар қилинган эди. Нукусда тасвирга олингани айтилаётган видеоларда майдонда тўпланган минглар одамлар “Даулет!” дея хитоб қилаётгани акс этган. Хорижда истиқомат қилувчи қорақалпоқларга кўра, митингчилар аҳолини 5 июль куни тинч митингга чиқишга даъват қилган Даулетмурат Тажимуратовни озод этишни талаб қилганлар.

Ўзбекистон ИИВ “жамоат тартиби бузилишига йўл қўймаслик ва фуқаролар турли ҳуқуқбузарликлар содир этишининг олдини олиш мақсадида” митингчиларга куч ишлатганини тан олган.

Эртасига Қорақалпоғистон ҳукумати “давлат бошқаруви идораларини босиб олишга уринишлар” бўлгани ҳақида маълум қилган. Республика олий вакиллик органи, ҳукумати ҳамда ИИВнинг 2 июлдаги қўшма баёнотида “тартибсизлик ташкилотчилари” одамларни Нукусдаги маъмурий бинолар олдидаги майдонга тўплаб, “ушбу давлат муассасаларини эгаллаб олишга ва шу орқали жамиятда ихтилоф келтириб чиқариш, Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий вазият барқарорлигини издан чиқаришга урингани” ҳақида гап боради. Баёнотга кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари “тартибсизлик ташаббускорларининг ғайриқонуний ҳатти-ҳаракатларини тўхтатган” ва қаршилик кўрсатганларни қўлга олган.

Норозилик манзарасида Ўзбекистон Қозоғистоннинг Мангистау вилояти билан чегарани ёпган. Бу расман ахборот тизими ишдан чиққанлиги билан изоҳланмоқда.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон ҳудудида 2022 йил 3 июлидан 2 августигача фавқулодда ҳолат жорий этган. Президент фуқаролар хавфсизлиги, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, шунингдек ҳуқуқ-тартиботни тиклаш шуни тақазо этишини айтган.

Дания пойтахтидаги савдо марказида амалга оширилган ҳужумда камида 3 киши қурбон бўлди

Копенгаген полицияси вакиллари воқеа жойида, 2022 йил 3 июли

Даниянинг Копенгаген шаҳри жанубида рўй берган отишма натижасида камида 3 киши нобуд бўлди, ўқдан яраланган яна 3 кишининг эса аҳволи оғир, дея хабар қилди Би-би-си.

Ҳодиса 3 июль куни Field's савдо марказида содир бўлган. Field's Даниядаги энг йирик савдо марказларидан бири бўлиб, унда 140 та дўкон ва ресторанлар жойлашган.

Полиция ҳодиса ортидан 22 ёшли даниялик йигитни қўлга олган, милтиқ ва патронларини эса мусодара қилган. Йигитнинг исми очиқланмаяпти, фақат унинг Данияда туғилгани маълум, холос. Полиция вакиллари ҳодисанинг террор хуружи бўлиши мумкинлигини истисно этишмаяпти.

Field's савдо маркази Royal Arena стадионининг ёнида жойлашган. 3 июль куни у ерда британиялик қўшиқчи Гарри Стайлзнинг концерти бўлиб ўтиши керак эди. Бироқ шаҳар полицияси хавфсизлик нуқтаи назаридан концерт бекор қилинишини талаб қилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG