Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:26

Ўзбек божгирлари европаликлардан муҳрли декларация талаб қилмоқда


Ўзбек божхоначилари сўнгги ҳафталарда мамлакатга олиб кирилаётган товарлар устидан назоратни кучайтириш бўйича ички тадбирларни жон-жаҳди билан адо этмоқдалар.


Чехияда фаолият юритувчи e15.cz сайтида ҳафта бошида чиққан Даша Гиклованинг “Ўзбекистонга импорт ишини муҳрлар мураккаблаштирмоқда” сарлавҳали мақоласи ана шундай бошланади.

Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон чегараларидаги божхона назорат пунктлари 1 апрелдан импортни чеклашга қаратилган янги тартибда иш бошлаган. Мазкур тартибга мувофиқ, хориждан товар келтираётган юк ташувчилар божхоначиларга ўндан ортиқ янги ҳужжатни тақдим қилиши шарт эди.

Гиклованинг ёзишича, ўзбек божгирлари импортёрлар мамлакатга олиб кирилаётган моллар бўйича ҳужжатларни фақат фактуралар ва накладнойларнинг асл нусхаси билангина эмас, балки экспортчи мамлакатлар божгирлари томонидан тўлдирилган ва муҳр билан тасдиқланган божхона декларациялари билан ҳам тасдиқлатишни талаб қилмоқдалар.

“Ваҳоланки, Европа Иттифоқи мамлакатларида экспорт қилинаётган товарлар учун қоғоз шаклидаги декларациялардан аллақачон фойдаланмай қўйганлар ва 2009 йилдан бошлаб декларация қилиш электрон шаклда олиб борилаяпти”, деб ёзади мақола муаллифи.

Ўзбек божхоналаридаги юзага келган муаммо ёритилмиш бу мақола Чехиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси сайтида ҳам кўчириб босилган.

Бу борада изоҳ олиш учун биз Чехиянинг Тошкентдаги элчихонасига мурожаат қилдик.

- Элчихонамиз ҳам Ўзбекистонда, ҳам Чехияда чиққан қизиқарли мақолаларни доим чоп қилиб боради. Сиз айтган мақола Ўзбекистон билан Чехия ўртасидаги бизнесга тааллуқли эди. Биз бу ахборотни ўта муҳим деб билганимиз учун ўз сайтимизда ҳам кўчириб босдик, - деди Чехиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси масъули Роман Масарик.

Жаноб Масарик Ўзбекистон божхоналарида юзага келган муаммо Европа Иттифоқига кирувчи қатор мамлакатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари ташаббуси билан ЕИнинг Тошкентдаги делегацияси эътиборига тушганини, ЕИ делегацияси Брюсселдаги марказ билан келишган ҳолда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигига вазиятни тузатиш бўйича нота юборганини айтади. 1 май куни юборилган нотада жойлардаги ўзбек божгирларидан Европа Иттифоқи мамлакатларидан муҳр билан тасдиқланган ёзма божхона декларацияси талаб қилишни бас қилиш сўралган.

Чех дипломати Роман Масарик мазкур нотага ўзбек расмийлари жавоб берган-бермаганидан хабари йўқлигини айтиб, бу борада ЕИнинг Ўзбекистондаги делегациясига мурожаат қилишни тавсия қилди.

ЕИ делегациясининг сиёсий бўлимлар раҳбари Ондрей Шимек эса Озодлик билан суҳбатда 1 май куни Ўзбекистон вазирликларига юборилган нота тақдири ҳақида бирор маълумот беролмаслигини билдирди.

- Ташқи ишлар вазирлиги ёки бошқа бирор жойга қандайдир ноталар жўнатган пайтимизда биз буни эълон қилмаймиз, чунки бу бизнинг ички ишимиз. Афтидан, Чехия элчихонаси бу гаплардан жуда яхши хабардорга ўхшайди, шунинг учун бу борада яна уларга мурожаат қила қолинг. Биз ўз ишимиз ҳақида матбуотга маълум қилмоқчи бўлсак, пресс-релиз тарқатамиз. Журналистлар қандайдир маълумот олмоқчи бўлсалар, одатда, улар бизга тўғридан-тўғри қўнғироқ қилмасдан, хат ёзадилар. Ўша хат асосида биз уларга қайсидир бир маълумотни бериш ёки бермаслик ҳақида қарор қабул қиламиз, - деди Ондрей Шимек.

ЕИ делегацияси нотаси борада ўзбек дипломатларидан ҳам жавоб олишга муваффақ бўлолмадик. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидаги телефонлар гўшакларини қабулхонада ҳам, девонхонада ҳам ҳеч ким кўтармади.
XS
SM
MD
LG