Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:49

Евровидениеда ғалаба даниялик қўшиқчига насиб этди


Евровидение-2013 танлови ғолибаси Эммели де Форест.
Евровидение-2013 танлови ғолибаси Эммели де Форест.

Шанба оқшомида Швециянинг Малмё шаҳрида ўтказилган Евровидение-2013 танлови финалида даниялик Эммели де Форест ғолиб чиқди.


20 ёшли Эммели де Форестнинг ғалабаси айрим қўшиқсеварлар учун кутилган натижа бўлса, бошқалар учун сюрприз бўлди.

Only Teardrops қўшиғини ижро этган Эммели пировардида ўзининг 25 нафар рақибини доғда қолдирди.

281 балл жамғарган даниялик қўшиқчига овоз беришда иштирок этган 39 мамлакатдан 8 таси энг юқори, яъни 12 баллдан бердилар.

Иккинчи ўринни Hold me қўшиғини ижро этган ва 234 балл йиққан озарбайжонлик Фарид Мамедов эгаллади. Учинчи ўрин эса 214 балл жамғаролган украиналик Злата Огневичга насиб этди.

Танловда бошқа постсовет ўлкаларидан ҳам қўшиқчилар қатнашди. Хусусан, россиялик Дина Гарипова 5-ўринни, молдовалик Алена Мун 11-ўринни, грузиялик Софо Геловани и Нодико Татишвили 15-ўринни, беларуслик Алена Ланская 16-ўринни, арманистонлик Дорианс 18-ўринни, эстониялик Birgit 20-ўринни, литвалик Andrius Pojavis эса 22-ўринни эгаллади.

Евровидение Европа ёйинлов уюшмасига (EBU) аъзо бўлган мамлакатлар орасида ўтказиб келинадиган эстрада қўшиғи конкурси бўлиб ҳисобланади. У 1956 йилдан буён ўтказиб келинади.

Швецияда ўтган бу йилги танловга TeliaSonera ширкати ҳомийлик қилди. Ўзбекистон мобил алоқа бозорига кириш учун Гулнора Каримовага пора берганликда айбланаëтган бу ширкатнинг Европадаги нуфузли маданий тадбирга ҳомийлик қилаётгани аввалроқ жиддий эътирозларга сабаб бўлган ва бу ҳақда аввалроқ Озодлик ёзганди.

Евровидение-2013 шоусини бутун дунё бўйлаб миллионлаган мухлислар томоша қилдилар.

Галдаги Евровидение конкурси, таомилга кўра, танлов ғолиби мансуб бўлган мамлакатда, яъни Данияда ўтказилади.
XS
SM
MD
LG