Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:24

Жамолиддин Қурбонов: Укам илм олишни жиҳод, деб билади


АҚШ расмийлари томонидан террорчиликда гумонланаётган ўзбекистонлик Фазлиддин Қурбонов.
АҚШ расмийлари томонидан террорчиликда гумонланаётган ўзбекистонлик Фазлиддин Қурбонов.

Таъқиблар туфайли юртини тарк этишга мажбур бўлган тошкентлик Жамолиддин Қурбонов шу йил май ойи ўрталарида АҚШнинг Бойсе шаҳрида ҳибсга олинган укаси Фазлиддиннинг террорчи эканига ишонмайди.



АҚШнинг Айдаҳо ва Юта штатлари расмийлари томонидан террорчилик фаолияти билан боғлиқ уч модда бўйича айбланаётган Фазлиддин Қурбоновнинг акаси Жамолиддин билан Озодлик суҳбатлашишга муваффақ бўлди.

Суҳбат аввалида 32 ёшли Жамолиддин Қурбонов укасига қўйилаётган айбловлар унинг яқинлари учун эриш туюлаётганини, Фазлиддиннинг жиҳод тўғрисидаги фикрлари мутлақо бошқача эканини таъкидлади.

Фазлиддин Колумбия университетида ўқиётган эди

- Укам жиҳоднинг энг афзали – илм олиш, деб биларди, ҳалигача у шундай, деб билади. Америкага келишган пайтда - 2011 йилларда у юристликка ўқимоқчи бўлиб, Колумбийский университетга ўқишга кирганди. “Ё правозашитник (ҳуқуқ ҳимоячиси демоқчи – таҳр.), ёки адвокат бўламан”, деган нияти бор эди. Озгина ўқиганидан кейин уйдаги шароитга қараб, ота-онам озгина касаллиги сабабли улар: “Бизнинг ёнимизда бўлгин” деб, қайтариб чақириб олишди. Шунга кейин ўқишни қўйиб, [Ню Йоркдан] уйга [Бойсега] қайтишга мажбур бўлган. Ўшанга мен бу нарсаларга ҳечам ишонмайман, террорист деганлари ёлғон, - дейди Жамолиддин Қурбонов.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, Фазлиддин ёшлигидан киришимли ва очиқ йигит бўлган.

Эслатиб ўтамиз, АҚШга 2009 йили қочқин сифатида келган 30 ёшли ўзбекистонлик Фазлиддин Қурбонов 16 май куни Бойсе шаҳрида ноқонуний тарзда портловчи модда сақлаганлик ва террорчилик ташкилотига ёрдам кўрсатганликда гумонланиб, ҳибсга олинган эди. Унга қўйилаётган айблов хулосасида айтилишича, Фазлиддин Қурбонов 2012 йил августидан 2013 йилнинг май ойигача террор ташкилоти деб ҳисобланувчи Ўзбекистон исломий ҳаракатини маблағ ва компютер дастурлари билан таъминлаш мақсадидида бошқа шахслар билан онгли тарзда тил бириктирган. Шунингдек, Қурбонов кишиларни портловчи мослама тайёрлашга ўргатганликда ҳам айбланмоқда. Бу айблов ўзбекистонлик қочқинга Юта штати расмийлари томонидан қўйилган. Мазкур айбловлар бўйича суд Айдаҳода шу йилнинг 2 июл куни бошланиши айтилмоқда.

Фазлиддин Қурбонов Ўзбекистонда таъқибга учраган насронийларнинг ўғли

Жамолиддин оила аъзоларининг АҚШга бориб қолиш тарихига ҳам тўхталди. Унинг айтишича, узоқ йиллар Тошкентдаги вино заводида ишлаган ота-онаси ўртаҳол турмуш кечирган. 1994 йилга бориб, улар заводдан кетишган. Отаси Зайниддин ака бир муддат исломий ибодатларни адо этиб юрган. Бу орада у гипертония касалига йўлиқиб, қон босими ошадиган бўлиб қолган, маҳаллий шифокорлар эса унинг дардига чора тополмаганлар.

- Жудаям оғир эди касалликлари, давлениелари 300 гача кўтарилиб кетар эди. Докторлар ҳам: “Бўлди, сизлар тайёргарликларингизни кўраверинглар”, деб айтишган бир неча марта, - дер экан Жамолиддин бу орада отаси бир яқин дўстини учратиб қолгани, у киши отасига насроний черковига бориб даволанишни тавсия қилганларини айтади.

Шундан сўнг Зайниддин ака ўз дўсти билан Тошкентдаги Максим Горкий метроси яқинида жойлашган Ибодат уйига (“Тўлиқ Инжил христианлари” черкови) борган ва у ерга қатнаш асносида дардидан фориғ бўлган. Бу орада Зайниддин ака Исо Масиҳ услуби билан даволашни ўрганган ва масиҳий дини ақидаларини қабул қилган. Насроний динини онаси ва синглиси ҳам қабул қилганини айтган Жамолиддин укаси Фазлиддин ҳам бир муддат черковга қатнаб, даволанганини айтади.

Тарки ватан

Жамолиддинга кўра, ота-онаси насронийликни қабул қилганидан кейин уларга нисбатан Тошкентда таъқиб-тазйиқ кучайиб кетади ва улар куч ишлатар тизим ходимлари босимидан қутулиш мақсадида 2007 йилда Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрига келиб, БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссарлиги ваколатхонасига мурожаат қиладилар. Олмаотада 1,5 йилдан кўпроқ турган Қурбоновларга (шу жумладан, Фазлиддинга ҳам) АҚШ бошпана беради ва 2009 йилда улар Айдаҳо штатининг Бойсе шаҳрига келиб ерлашадилар.

“Ота-онам ва синглим насроний бўлгани билан Фазлиддин мусулмонликдан воз кечмаганди, имкон борича намоз ўқиб, бошқа ибодатларни қилиб турарди”, дейди Жамолиддин.

“Айнан ота-онангизнинг бошқа динга ўтиб кетиши укангизда радикал кайфият пайдо бўлишига сабаб бўлмаганмикин?” деган саволимизга Жамолиддин “мен ундай деб ўйламайман”, деб жавоб берди.

Суҳбатдошимизга кўра, ўзи учун Исломни мақбул дин деб билган Фазлиддин айни пайтда ота-онасининг дини борасида уларга эътироз билдирмаган, эътиқод хорижидаги масалаларда эса уларнинг гапини икки қилмасликка ҳаракат қилган.

Фазлиддин - Қурбоновларнинг энг муросасози

“Умуман олганда, Фазлиддин оиламизда энг муросасоз одам эди”, дейди Жамолиддин ва бунга турмушларидан бир мисол келтиради:

- 2001 йилда мен уйланадиган бўлиб қолдим. Корейс миллатига мансуб бир қизни яхши кўрардим. У православ христиан динида эди. Ўша пайтларда ота-онам ҳам намоз ўқиб юришган эди. Ўшанда ота-онамдан тортиб барча қариндош-уруғларим норози бўлиб, қарши бўлишганда, укам мени қўллаб-қувватлаб, ота-онамнинг рози бўлишига сабабчи бўлганди. Шундан буён турмуш ўртоғим билан яхши ҳаёт кечириб келаяпмиз. Айтмоқчи бўлганим, Фазлиддиндан бунақа нарса (диний адоват демоқчи – таҳр.) чиқишига ишонмайман. Чунки у ўзидан ёрдам сўраган одамга, ким бўлса ҳам, қўлдан келганча ёрдам беради, - дейди Жамолиддин Қурбонов.

Суҳбатдошимизнинг гапини унинг рафиқаси Юлия Чикурова ҳам тасдиқлайди:

- Фазлиддин менга ҳеч қачон ёмон муносабатда бўлган эмас. Ваҳоланки, мен ўшанда на ўзбек, на мусулмон эдим. Диним, миллатим бошқа бўлганига қарамасдан, у ҳеч қачон менга: “нари тур”, демаган. Аксинча, у ҳаммага ёрдам берарди. Корейс миллатига мансуб дугонамнинг фарзанди иккинчи қаватдан йиқилиб, унга донор қони керак бўлиб қолган пайтда Фазлиддин ўзи ҳам қон топширган, дўстларини ҳам қон топширишга кўндирган. У “миллати бошқа, дини бошқа, мен бу одамни биламан ё билмайман” деб ўтирмасдан, ҳаммага ёрдам бериб кетаверарди, - деди Фазлиддиннинг келинойиси Юлия Чикурова.

Жамолиддин Қурбонов укасидаги айнан шу фазилат, яъни саҳоват шу кунда Фазлиддиннинг бошига бало бўлиб турган бўлиши мумкинлигини қўшимча қилди. Унинг айтишича, террорчи деб гумонланган бирор кимса ундан ёрдам сўраб келган бўлса, у суриштирмасдан, пул бериб юборган бўлиши мумкин. Жамолиддин укасининг махсус хизматлар назарига тушиб қолишига бошқа бир сабаб ҳам борлигини тахмин қилади.

Фазлиддин Жамшид Мухторов ишлаган корхонадан юк машинасини ижарага олмоқчи бўлган

Жамолиддиннинг айтишича, Бойседа бир муддат тургандан кейин Фазлиддин кўпроқ даромад орттириб, яқинларига ёрдам беришни ният қилган. Шундан сўнг у даромадлироқ касб ҳисобланмиш юк машинаси ҳайдовчиси бўлишга қарор қилган.

- Унга шунақа маслаҳат беришган: “Денверга (Колорадо штати – таҳр.) борсанг, бир одам бор Жамшид исмли, ўша Жамшидга учрасанг, ишга олади” деб. Ўшанда бориб, ўша Жамшид деган одам билан учрашиб, гаплашганда, Жамшид: “Сенинг праванг ҳам йўқ экан, truck (юк машинаси) ҳайдаш учун рухсатноманг йўқ экан, шунга ўқиб келасан, кейин ишга оламиз”, деб орқага қайтарворган. Бу правага ўқигунича, оказивается, у Жамшид Мухторов экан, уни Чикаго аэропортида ушлаб қамашган экан. Ўша Жамшид Мухторов текширувда бўлган пайтда балки укам ҳам шунга тушиб қолган бўлиши мумкин, - деди Жамолиддин Қурбонов.

“Келажакда нима қилмоқчи эди Фазлиддин, америкалик терговчилар гапидан келиб чиқадиган бўлсак, Вазиристонга кетмоқчи эдими?” деб сўраймиз суҳбатдошимиздан.

- У ёқ-бу ёққа кетаман, деган ниятлари йўқ эди. Америка фуқаролигини қабул қилиб, қўлдан келганча қийналган оилаларга ёрдам беришга тайёр бўлиб турувди. Бизга ҳам ёрдам берарди постоянно. Биздан ташқари, қийин аҳволда бўлиб турган одамларга қўлдан келганча ёрдам беришга ҳаракат қиларди. Лекин сиз айтаётган Вазиристонга ўхшаган жойларга ёрдам берган, деб ҳечам ўйламайман, - дер экан Жамолиддин Қурбонов, агар бундай ёрдам юборилган тақдирда ҳам бу иш Фазлиддиннинг хабари бўлмаган ҳолда амалга оширилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилади.
XS
SM
MD
LG