Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:27

Ўзбек машиналари сўмга сотила бошлагани саросимага сабаб бўлди


Ўзбекистонлик автоҳаваскорларга кўра, машина олиш учун тўланадиган "шапка" шу кунларда 3000 долларгачани ташкил қилиши мумкин.
Ўзбекистонлик автоҳаваскорларга кўра, машина олиш учун тўланадиган "шапка" шу кунларда 3000 долларгачани ташкил қилиши мумкин.

Тошкентдаги автосалонларда Ўзбекистода ишлаб чиқарилган автомобилларнинг сўмга сотилиш ҳақидаги ҳабар ортидан салонлар олидида узунқуйруқ навбатлар пайдо бўлди ва бу ҳолат доллар курсининг пасайишига олиб келгани айтилмоқда. Ўзбек машиналарининг сўмга сотила бошлагани бу соҳадаги порахўрликни янада кучайтиргани кузатилмоқда.



Ўзини Баxтиëр деб таништирган тошкентлик 31 яшар йигит сўмга сотилаётган машинага харидор бўлиб, пойтахтнинг Сирғали туманидаги автосалонга борганида кўрган кечирганларини Озодликка гапириб берди:

- “Дамас” ва “Матиз” каби автомобилларни xарид қилиш учун Сергелидаги автосалон олдида навбат ва тўполонни кўрдим. Одамлар бир кун олдин бориб навбатга туришди. Кечаси ëтиб қолишди. Эрталаб кимдир ичкаридан чиқиб навбат тугади, машина йўқ, деди. Охири ур-тўпoлон бўлиб кетди. Жаҳли чиққан олoмон автосалон деразаларини синдирди¸- дейди суҳбатдош.

Ҳафта бошида Тошкентдаги автосалонларда General Motors Uzbekistan қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган Chevrolet русумидаги автомобилларни миллий валютада xарид қилиш имконияти пайдо бўлгани эълон қилинди.

Тошкентдаги “Учтепа” автосалони мулозими, Озодлик билан 29 май кунги суҳбатда, сўмга сотилаётган машиналар харидорлари билан шартнома тузиш ва уларни навбатга рўйхатга олиш яна қайта йўлга қўйилганини билдирди:

- Сўмга Captiva, Lacetti, Chevrolet Cobaltнинг учинчисини сўмга сотяпмиз. Давлат нарxида. Масалан, Lacetti 50 миллион 624 минг сўм. Навбат бор. Навбатга туриш керак. Бугун пулини ҳаммасини тўлаб қўйса, октябр-ноябр ойларида машина калитини олади,- дейди автосалон вакили.

Озодлик мухбирининг салонлар олдидаги ур-йиқит навбатлар ва шартнома сотилаëтгани борасидаги саволига автосалон вакили “ҳеч қанақа муаммо йўқ”, деб жавоб берди. Айни пайтда, суҳбатдош муаммо мавжудлигини ҳам қисман тан олди:

- Ока бор машинага пул қабул қилинади. Ҳозир муаммо йўқ. Лекин эртага машина тугаса, муаммо бўлиши мумкин¸- дейди Тошкентдаги “Учтепа” автосалони мулозими Озодлик билан суҳбатда.

Айни пайтда қайси автосалонда машина борлиги “давлат сири” бўлиб қолмоқда дейди машинасини янгиламоқчи бўлган тошкентлик Фазлиддин исмли йигит:

- Қайси автосалонда машина борлигини билиш учун Нукус кўчасидаги General Motors Uzbekistan идорасига бориб маълумот оляпмиз. Улар маълумотни бекитишади. Бир-икки сўм берсангиз секин айтишяпти¸ фалон автосалонга машина тушди деб. Кейин ўша автосалондан таниш топасиз¸- дейди суҳбатдош.

Озодлик билан суҳбатлашган автоҳаваскорларга кўра, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган машиналарни сотиш схемаси шундай қурилганки, истаган шахс кўнглига ёққан машинани автосалоннинг ўзидан сотиб олиб кетиши мумкин эмас.

Автосалондан харид қилиш учун, аввало салон билан шартнома тузилиши, машина нархининг 85 фоизи тўланиши, кейин бир ярим йил атрофида кутилиши зарур. Нархнинг 100 фоизини тўласангиз, кутиш муддати олти ойга қисқаради, дейди суҳбатдошларимиз.

Уларнинг сўзларига кўра, бир ярим йил ичида машинанинг нархи ошади, машина нархининг асосий қисмини тўлаб қўйган харидорлар, янги нархлардан келиб чиқиб, автосалонга қўшимча ҳақ тўлашлари лозим.

Навбатни ўлпон эвазига яқинлаштириш мумкин

Озодлик суҳбатлашган тошкентлик икки автоҳаваскор машина олиш учун тўланадиган ва халқ орасида “шапка” деб аталадиган пора прейскурантини яхши билишади.

- Навбатни яқинлаштириш учун салон ходимларига автомобил моделидан келиб чиқиб 500 доллардан 3000 долларгача пора беришади¸- дейди Фазлиддин.

Суҳбатдошга кўра, “Дамас” ва “Матиз” автомобиллари харидоргир бўлгани учун улар устига кийгизилган “шапка” ҳам қимматроқ бўлади.

- Ман таниш-билиш қилиб “Матиз” устига бир ярим минг доллар пора бердим. Энди Худо хоҳласа, октябр ойида машинани оламан¸- дейди Фазлиддин.

Яна бир суҳбатдош Бахтиëрнинг иддаосига кўра, "Дамас" учун берилган 3000 долларлик "шапка" навбатдагилар рўйхатининг юқори поғонасига чиқиш ва машинани бир неча ойда олиш имконини беради.

Озодлик General Motors Uzbekistan ширкати реализация бўлими билан боғланиб¸ машиналарнинг пора эвазига сотилиши ва автомобил дефицити борасида изоҳ сўради.

Ўзини 6-оператор, деб таништирган аëл бу ҳолатни телефон орқали изоҳламаслигини айтди.

Машина васвасаси ижтимоий тармоқлар муҳокамасида

Машина навбатида қийналганлар ўз дардини Интернетдаги форумларда элга достон қилмоқда.

Улар Тошкент автосалонларидаги навбат ва ур-йиқитлар акс этган суратларни ҳам ëйинламоқда.

"Рўйҳатга ёзилиш ҳақида хабар тарқалгандан бошлаб, автосалонлар олдида навбат, дея аташ қийин бўлган катта оломон тўпланмоқда. Тўполонда бир аёлнинг қўлини синдиришди, биттасини эса, ўласи қилиб тепкилашди"¸ деб ëзади Интернет фойдаланувчиларидан бири.

Доллар тушди

Автосалонларда сўмга машина сотила бошланиши билан АҚШ долларининг "қора курс"и пастга қараб кета бошлади, дейди Бахтиëр исмли харидор.

Суҳбатдошга кўра, машина салонидаги навбатга параллел тарзда валютачиларнинг олдида ҳам турнақатор навбат пайдо бўлмоқда.

- Сўмга талаб ошди, валютачилар сўмни уни дефицит қилиб туришибди. Кеча бир доллар 2700 бўлса бугун 2650 ка тушди. Тушдан кейин эса валютачилар долларни 2650 сўмдан камига ҳам беришяпти. Лекин бозорда сўм ҳам йўқ¸- дейди суҳбатдош.
XS
SM
MD
LG