Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:49

Ўзбекистон болалари руҳан¸ ақлан ва жисмонан қанчалар соғлом?


Болалар куни муносабати билан 3 июн, душанба куни Тошкент вақти билан 21:05 да бошланган жонли суҳбатимизни ота-оналарининг кўпи хорижга пул ишлашга кетиб назоратсиз қолган¸ ўқув йилининг аксар ойларини синф хоналари эмас¸ далаларда ўтказишга мажбурланаëтган Ўзбекистон болаларининг бугунги ҳаëтига бағишладик.

БМТ қошидаги Болалар жамғармасининг сўнгги статистик маълумотларига кўра¸ бугунга келиб 30 миллионга етган Ўзбекистон аҳолисининг 10 миллиондан кўпроғи¸ яъни учдан бир қисмини 18 ëшга етмаганлар ташкил қилади.

АҚШ Марказий разведка бошқармаси ҳозирлайдиган йиллик “The World Factbook” тадқиқотининг сўнги нашрига кўра¸ Ўзбекистондаги 14 ëшгача бўлган болалар сони умум аҳолининг 25¸3 фоизи¸ ëинки 7¸5 миллионга яқинини ташкил этади.

Статистик маълумотларда Ўзбекистон аҳолиси учдан бирининг шаҳарларда яшаши айтилади ва бундан 20 миллионга яқин ўзбекистонликнинг асосан қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилиши¸ демакки¸ болалар аксариятининг ҳам шаҳарлардан ташқарида яшаши англашилади.



Британиядаги “Save The Children” - "Болаларни Асранг" халқаро хайрия ташкилоти чиқарган 2013 йилги ҳисоботга кўра, Ўзбекистонда ҳар минг боланинг бештаси туғилганидан сал ўтмай оламдан ўтади.

Британиядаги яна бир ноҳукумат ташкилоти – “Anti-Slaver” – “Қулликка қарши” гуруҳи таъкидича¸ қишлоқ ҳудудларида яшовчи камида 2 миллион ўзбекистонлик бола ҳар йили мажбурий меҳнатга жалб этилади.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 1:32:40 0:00
Бевосита линк


Норасмий статистикага кўра¸ бугун 5 миллионга яқин ўзбекистонлик меҳнат муҳожиратига чиқиб кетган ва уларнинг ота-она назоратисиз қолган фарзандлари сони ҳам миллионларни ташкил этади.

Ана шундай рақамлар омухтасидан келиб чиқадиган ташвишли манзарага¸ расмий Тошкент¸ пинагини ҳам бузмай келади. Боз устига¸ Ўзбекистон раҳбарлари¸ болалар ҳаëти¸ улар саломатлиги¸ ижтимоий-иқтисодий ҳақларининг ҳимояланиши борасида дунëдаги илғор давлатлар қаторида эканини иддао қиладилар.

Хусусан¸ Болалар спортини ривожлантириш ҳомийлик кенгашининг жорий йил15 март куни Тошкентда бўлиб ўтган мажлисида мазкур кенгаш раиси, президент Каримов маъруза қилар экан, шу кунда “92 фоиз ўғил-қизларимизнинг вазни ва бўйига доир кўрсаткичлари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келади”, деди.

Ўзбекистон президентига кўра, “сўнгги ўн йилда 14 ёшгача бўлган ўғил болалар ўртасида ўртача вазн кўрсаткичи 43 килограммдан 47 килограммга, қизлар ўртасида эса 44 килограммдан 48 килограммга” ортган.

Давлат раҳбари маърузасида мана бу маълумот ҳам бор: сўнгги 10 йилда ”Болаларнинг бўйи эса ўғил болалар ўртасида ўртача 3 сантиметрга, қиз болалар ўртасида эса 2,9 сантиметрга ўсгани аниқланган”.

Бу ютуқлар сабаби тўғрисида гапирар экан, Ўзбекистон раҳбари ўз маърузасида “Айтиш керакки, бу кўрсаткичлар шунчаки оддий рақамлар эмас. Уларнинг замирида бизнинг мустақиллик йилларида юртимизда дунёда ҳеч кимдан кам бўлмайдиган соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш борасида қилаётган қанча-қанча меҳнатларимиз, шу борада эришаётган улкан ютуқларимиз мужассамдир”, деган.

Президентга кўра, шунингдек, “2003 йилда ҳарбий хизматга яроқли деб топилган йигитлар 67,6 фоизни ташкил этган бўлса, 2012 йилда бу кўрсаткич 82,5 фоизга етган”.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда соғлом ва баркамол авлод вояга етгани ҳақидаги президент баëнотига қўшиласизми?

Сизнинг болаларингиз¸ қардош ëхуд қариндошларингиз президент мақтанаëтган “соғлом ва баркамол авлод”га мансубми?

Оилангиздаги “мустақиллик болалари” жисмоний саломатлигини қандай тасвирлайсиз?

Уларнинг руҳий ҳамда ақлий тараққиëти даражасиничи?

Ўзини болажон халқ деб биладиган ўзбек жамиятидаги болаларга нисбатан “тарбиявий усул” деб кўриладиган жисмоний ва руҳий тажовуз улар саломатлигига қандай таъсир кўрсатмоқда?

Давлат томонидан бошқарилаëтган мажбурий меҳнатчи?

Ота-онаси меҳнат муҳожиратига кетиб¸ ҳаëти бобо-бувилари қўлида қолган ўзбек болаларининг руҳий-ахлоқий аҳволини қандай тасвирлайсиз?

Бугунги Ўзбекистон болаларининг буюк келажак меъморлари бўлишига ишонасизми?


OzodlikOnlineнинг 3 июн куни Тошкент вақти билан 21:05 да бошланадиган навбатдаги мулоқотида ана шу саволларга Сиз билан бирга ана шу саволларга жавоб излаймиз.

Агар ҳозирга қадар OzodSkype ва OzodlikOnline Skype манзилларимизга қўшилмаган бўлсангиз¸ марҳамат¸ дарҳол бу манзилларга сўров юборинг ва скайпдошларимиз сафига қўшилинг!






OzodlikOnline дастурида ўзбек жамиятининг илғор вакиллари билан ҳафтанинг энг асосий воқеалари, миллатнинг энг долзарб муаммолари муҳокама этилади.

Дастурни ҳар душанба куни Тошкент вақти билан соат 21:05 да www.ozodlik.org ҳамда Озодликнинг Facebook саҳифасида жонли эшитинг!


OzodlikOnline мулоқотини эшитиш давомида Skypeдаги Оzodskype ва OzodlikOnline манзиллари орқали тўғридан-тўғри алоқага чиқиб¸ очиқ мулоқот иштирокчисига айланишингиз мумкин.

OzodlikOnline дастурида Озодликнинг Facebook ва Twitterдаги саҳифаси орқали ҳам қатнашиш мумкин. Айни пайтда савол ва шарҳларингизни +420 724 971 539 рақамига СМС тарзда йўллашингиз мумкин.


Биз билан боғланинг! Ўз фикрларингизни билдиринг!

OzodlikOnline – Сиз учун муносабат билдиришнинг энг қулай имконияти!
XS
SM
MD
LG