Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:46

Ўшда 2010 йил июн воқеалари қурбонлари хотирланди


Ўш қирғини қурбонларини хотирлаш маросимида Қирғизистон Бош вазири Жантўра Сатибалдиев ва Ўш шаҳар ҳокими Мелис Мирзақматов иштирок этди.
Ўш қирғини қурбонларини хотирлаш маросимида Қирғизистон Бош вазири Жантўра Сатибалдиев ва Ўш шаҳар ҳокими Мелис Мирзақматов иштирок этди.

Қирғизистон Ўш ва Жалолобод вилоятларида 2010 йилги Ўш қирғинининг 3 йиллиги муносабати билан хотирлаш маросимлари бўлиб ўтди. Душанба куни Ўш шаҳрида ўтказилган тадбирларда Қирғизистон Бош вазири Жантўра Сатибалдиев ҳамда Ўш шаҳар ҳокими Мелис Мирзақматов иштирок этди. Тадбир иштирокчиларига кўра, Ўшда вазият аввалги йилларгига нисбатан барқарорлашган.



2010 йил июнида содир бўлган қонли воқеаларни хотирлаш маросими Ўш шахридаги “Онанинг кўз ёши” ва “Тинчлик қўнғироғи” мажмуаси олдида бошланди. Тадбир иштирокчилари қурбонлар хотирасига Қуръон тиловат қилиб тирикларга инсоф ва сабр тоқат тиладилар. Расмийлар шундан сўнг Ўш шаҳрининг бошқа жойларида ўтказилаётган Ўш воқеаси қурбонларини ҳотирлаш маросимларига боришди :

- Биз сизларни қайғуингиз билан ёлғиз қолдирмаймиз. Ҳукматимиз бундан кейин ҳам тиклаш ишларини олиб бормоқчи. Энг аввало, бир-биримизни ҳурмат қилишни, иззат қилишни, илиқ тушунчаларни юрагимизда пайдо қилсак, бундан кейин бу каби қонли воқеалар такрорланмайди, деган ишончдаман. Сизларга тинчлик-тотувлик тилайман. Бор бўлинглар бир бўлинглар,- деди Қирғизистон Бош вазири Жантўра Сотибалдиев Ўшдаги “Магнат” ресторанида ўтказилган маросимда қилган чиқишида.

Ўш воқеаси қурбонларини хотирлаш маросимлари Ўшнинг бошқа туман ва мавзеларида ҳам ўтказилмоқда.

Ўш шаҳар ҳокими Мелис Мирзақматов шаҳарда тинчлик-тотувлик ўрнатилди дейишга тўла асос бор, дея таъкидлади:

- Шаҳар кўриниши ўз ўрнига келди бироқ юракдаги ярани даволаш, идеология масаласида ишлар олиб борилаяпти. Мен бир нарсани айтиб ўтай, бу йил Ўшга инвесторлар кела бошлади. Шунинг ўзи барқарорлик ўрнади, тинчлик бўлади деганининг белгисидир,- деди Мелис Мирзақматов.

Ўш воқеаси қурбонларини хотирлаш маросимида иштирок этган Ўш шаҳрининг Анар микрорайонида яшовчи Рўзихон Қосимова, бугунги кунга келиб икки миллат ўртасида адоват йўқолиб бораётганини айтади.
- Барчамиз ахилмиз, бирга барча ишларимизни қиламиз, бирга зиёфат еймиз. Худога шукр, ҳозир ҳаммаси яҳши. Барча ёмон кунлар эсдан чиқсин, Илоҳим ҳеч қайси миллат фарзандлари бундай кунларни кўрмасин, бу кунлар ҳеч қачон такрорланмасин,- дейди Рўзихон Қосимова.

“Ўш шаҳидлари” жамоатчилик ташкилоти раиси Турғунойим Айтиева эса, Ўш воқеаларидан халқ ўзига яраша сабоқ олгани билан расмийлар сабоқ олмаган, деб ҳисобдайди.

- Ҳозир 63га кирдим. Уруш бошланганида 60 ёшда эдим. 60 йиллик умрим билан 3 йиллик умрим бирдай. Мен шунчалик дарс олдим. Биринчидан, халқнинг эслилиги, иккинчидан, ҳукумат тепасидагиларнинг эси йўқлигини билдим, халқ ўзича, ҳукумат тепасидагилар ўзича, уларнинг чиқарган қонунлари умуман бошқа экан. Агарда мен тилга олган шу уч нарса бирликда бўлмаса, тинчлик бўлиши қийин,- дейди Турғунойим Айтиева.
Унинг айтишича, Ўш воқеаларида жабр кўрган айрим одамлар давлат томонидан белгиланган ёрдамларни ололмай сарсон қолмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, 2010 йил 10 июнида бошланиб, бир неча кун давом этган этник тўқнашувларда 442 киши ҳалок бўлган. Қурбон бўлганлардан 295 нафари ўзбек, 123 нафари қирғиз, 1 рус, 1 покистонлик ва 1 уйғурдир.

Ўш воқеалари бўйича 545 киши жиноий жавобгарликка тортилган. Улардан 400 нафари ўзбек, 133 нафари қирғиз, 8 нафари бошқа миллатлар вакилларидир.
XS
SM
MD
LG