Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:32

Жиззахда бир фляга сув 2 минг сўмга чиқди


Жиззах вилоятининг Пахтакор, Зафаробод, Дўстлик ва Ғаллаорол туманларининг айрим ҳудудларида бир фляга ичимлик сувининг нархи 1 ярим минг сўмдан 2 минг сўмга қадар қимматлади. Маҳаллий ҳокимият мутасаддилари тоза ичимлик сувининг сотилаётганини инкор қилсада, бу туманларнинг айрим қисмида сув танқислигини тан олмоқда.

Озодликка Жиззах вилоятининг Зафаробод туманидан мактуб йўллаган манба шу кунларда туман аҳолиси тоза ичимлик суви танқислиги боис, канал ва зовурлардан оқаётган сувни истеъмол қилишга мажбур қолаётгани ҳақида ёзди.

Исми сир қолишини истаган манбанинг ёзишича: "Зафаробод туманининг баъзи жойларида, яъни, чекка хўжаликларида зовур сувини ҳам ичишга мажбур бўлишмокда. Бунга мисол килиб, Ф.Хўжаев номли хўжаликни мисол килиб келтириш мумкин. Бунинг оқибатида ҳар-хил касалликлар келиб чиқмоқда".

Бу туманлардаги зовурлар собиқ совет замонларида пахта далаларига ўрнатилган дренажларда йиғиладиган яҳоб ва сизот сувларини оқизиш учун қурилган махсус ариқлардир.

Жиззах вилоятининг чўл ва чала чўл ҳудудларида қазилган бу зовурлар суви, одатан шўр бўлади. Бу сув истеъмол учун мутлақо яроқсиз ҳамда саломатлик учун хавфлидир.

Зафарободлик манбанинг ёзишича, зовур сувларини ичишга мажбур бўлаётган аҳоли орасида юқумли касалликлар тарқалиши ҳам кузатилмоқда.

Туманнинг сув қувури ётқизилган аксар ҳудудларида ҳам қувурларнинг ишдан чиққани ва айрим ҳудудларида чириб битганини кузатиш мумкин.

"Ичимлик суви келадиган қувурлар аллақачон чириб бўлган, халқ эса гох каналдан окиб келадиган гохида узоқ-узоқ жойлардан оқиб ўтадиган сувлардан ташиб келиб сув ичишади", деб ёзди исми сир қолиши билан Жиззахнинг Зафаробод туманидан хабар йўллаган манба.

Озодлик мухбири бу мактуб ортидан боғланганида, Зафаробод ва унга қўшни туманларда шу кунларда тоза ичимлик сувининг бир флягаси 1 ярим минг сўмдан 2 минг сўмга қадар қимматлагани ҳақидаги маълумотни ҳам олди.

Жумладан, Пахтакор туманида истиқомат қилувчи фаол Саида Қурбонова ушбу туман марказининг ўзи ҳам тоза ичимлик суви билан тўлиқ таъминламаганини айтди.

- Адашмасам, 2007 ёки 2008 йилда водопровод ўтказилди, деб қабул қилинган. Лекин туман марказининг ўзидаям сув йўқ трубаларда. Бир жойлари ковланган бўйича, очиқ қолиб кетган. Менинг уйимдан 2 километр нарида крандан сув чиқади. Эшак аравада ташиб ичамиз. Лекин болаларим уйда бўлмаган пайтларда битта флягасини 1 ярим мингдан 2 минг сўмгача сотиб олган пайтларимиз бўляпти, деди Саида Қурбонова.

Унинг айтишича, Зафаробод туманида ҳам айни манзара ва аҳолининг каттагина қисми ҳозир каналлардан оқаётган сувни ҳам ичмоқда.

- Зафаробод томонларда танишларимиз яшайди. Улар айтишади, одамлар каналлардан оқаётган сувни йиллардан бери истеъмол қилишиб келишяпти. Чунки, водопроводдан сув оқмайди. Одамлар олиб келиб берадиган сув қиммат, унга пул йўқ. Бизнинг Пахтакорда ҳам каналдан сув ичилаётган жойлар бор, деди Саида Қурбонова.

Озодлик мухбири Пахтакор ва Зафарободдаги бир қатор давлат ташкилотлари, жумладан, туман ҳокимликларига ҳам боғланишга уринди.

Хусусан, Зафаробод тумани ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мутасаддиси, туманнинг сув қувурлари ётқизилмаган ҳудудлари борлигини тан олди ва айни дамда шундай ҳудудларга қувур ётқизиш ишлари кетаётганини айтди.

Бироқ аҳолининг канал ва зовурлардан келаётган оқар сувни ичишига мажбур қолаётгани, айрим ҳудудларда сувнинг сотилаётганига оид саволларга жавобни мутасадди кейинга қолдирди.

Зафаробод тумани "Сувоқова" ишлаб чиқариш корхонасидан ҳам бу борада маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Аммо Зафаробод туманидаги давлат ташкилотларидан бирининг ўзини таништиришни истамаган вакили мустақил манба йўллаган хабарни қисман тасдиқлади.

"Файзулла Хўжаев, Чимқўрғон, Беруний, Мустақиллик, деган совхозларимиз бор. У ерларда полний сотиб олинади. Фермерлар олиб келиб сотадида. Энди сатили (Челак - Таҳр.) қанча, флягаси қанча - мени аниқ билмайман, тўғриси. Бизда ҳам водопроводда сув йўқ. Лекин бизга яқин жойда сув чиқади, ташиб келиб ичамиз бизлар. Лекин сув чиқмай қолган жойларда каналдан ичишаётган бўлиши мумкин", деди Зафаробод давлат идораларидан бирининг ходими Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Шу кунларда Жиззах вилоятида ҳаво ҳарорати 40 даражадан ошди. Тоза ичимлик суви танқислиги бу вилоятнинг Пахтакор, Зафаробод, Дўстлик, Арнасой, Фориш, Ғаллаорол каби туманларида бир неча ўн йиллик муаммога айланган.

Бу туманларнинг айрим қисмларига собиқ совет замонида "чўлларни ўзлаштириш" кампанияси ортидан аҳоли кўчириб келтирилган ва ўша вақтларда бу ҳудудларга сув қувурлари ҳам ётқизилган.

Ҳозирга келиб, зафарободлик манба таъкидлагани каби, сув қувурларининг аксарияти занглаб, чириб кетган. Айрим ҳудудларда тоза ичимлик суви қувурлари мустақиллик йилларида бирор марта ҳам таъмирланмаган.
XS
SM
MD
LG