Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:13

Тошкент автобусларида маданият оширилади


Ўзбекистонда 1 июлдан автобус ҳайдовчилари кабинасидаги магнитафонлар олиб ташланади. Жамоат транспортида хизмат кўрсатиш сифатини ошириш тадбири доирасида йўловчиларни ҳам маданиятга ўргатиш чоралари кўрилиши айтилмоқда.


“Тошшаҳарйўловчихизмат” расмийларига кўра, бу Тошкентда жамоат транспортида йўловчиларга хизмат кўрсатиш маданиятини ошириш ҳаракатлари доирасида ўтказилаётган икки ойлик тадбирларининг биридир.

- Кўпчилик ҳайдовчилар кабинага катта карнайли магнитафонларни ўрнатиб олган. Бу билан улар йўловчилар ҳаётини ҳам хавф остига қўймоқда. Яна бу маданиятсизлик, кўпларни ғашига тегади. Ҳуллас, энди бундай ускуналар автобуслардан олиб ташланади,- деди “Тошшаҳарйўловчихизмат” уюшмаси матбуот котиби Фарҳод Низомов Озодлик билан суҳбатда.

Шунингдек, автобус ҳайдовчиларига линияда тезликни ошириш, кабинада ҳар хил безаклар, тумор, суратлар ёки плакатлар осиш тақиқланади.

Ушбу чора-тадбирлар Тошкентда йўловчи транспортларида рўй берган бир қанча бахтсиз ҳодисалар ортидан ўтказилмоқда.

Ўтган ой ўрталарида Тошкентнинг Кичик ҳалқа йўлида Mercedez-Benz Conecto йўловчи автобуси ёниб кетди.

Март ойида ҳам Тошкентнинг “Чўпонота” бекатида 2-йўналишда ҳаракат қилувчи бошқа бир йўловчи автобусига ҳам ўт кетган эди.

"Тошшаҳарйўловчихизмат" уюшмасига кўра, шаҳардаги сўнгги автобус ёнғинининг асосий сабаби ёнилғи етказиб берадиган трубанинг ёрилиб кетиши бўлган.

Аммо бахтли тасодиф туфайли қурбонлар бўлмаган, ёнғин ҳам жуда тез бартараф этилган.

Узоқ йил автобус ҳайдовчиси бўлиб ишлаган тошкентлик Мухсин аканинг айтишича, автобуснинг ёниб кетишига ҳайдовчи ва йўловчиларнинг эътиборсизлиги ҳам сабаб бўлиши мумкин.

- Автобус двигателини бир қисми салон ичида бўлади. Сал учқун бўлса кетди. Масалан, чекадиганлар бор. Ўзи жамоат транспортида чекиш мумкин эмас, лекин автобусда бемалол чекиб кетаётганларни кўп кўрамиз. Айрим ҳолларда ҳайдовчининг ўзи рулда чекиб ўтиради. Ахир юзлаб одамнинг ҳаёти уни қўлидаку,- дейди тошкентлик Мухсин ака.

Тошкентда ўтказилаётган икки ойлик тадбирлар давомида “Тошшаҳарйўловчихизмат” уюшмаси жамоат транспортида тозаликни сақлаш, йўловчиларнинг ўзини тутиш маданияти ва уларга хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашга қаратилган тадбирларни ҳам ўтказади.

Автобус салонига писта пўчоғи, қоғоз, пластмасса идишлар ташлаб кетадиган ёки ўриндиқларга сақич ёпиштириб кетадиган йўловчилар, шунингдек автобус ўриндиқлари ва ойналарига ёзув ёки расм солиб кетадиган "рассом"ларга ҳам қаттиқ чора қўлланилади.

- Ҳафтанинг ҳар жума куни ҳайдовчилар кабинаси ва салон тозалиги назорат текширувидан ўтказилади,- деди “Тошшаҳарйўловчихизмат” матбуот вакили Фарҳод Низомов.

"Тошшаҳарйўловчихизмат" ширкатига кўра, ҳозирги кунда Ўзбекистон пойтахтида Германияда ишлаб чиқарилган мингдан зиёд Mercedes-Benz автобуси ҳамда Самарқандда йиғилган “Isuzu” автобуслари кунига бир ярим миллион йўловчига хизмат кўрсатмоқда.

Германиянинг EvoBus GmbH ширкати билан имзоланган шартномага мувофиқ яна 100та Mercedes-Benz Conecto Low Floor русумидаги йўловчи автобуси йилнинг охиригача Тошкентга олиб келиниши кутиляпти.

Автобус ҳалокатлари Ўзбекистон вилоятларида ҳам кўп кузатилади. Ўтган ҳафта, 24 июн куни Қашқадарёда, Нишон-Талимаржон автомобил трассасида Otoyol автобуси йўлдан чиқиб кетган эди. Автобус Тико машинасига урилиши оқибатида икки киши ҳалок бўлди.
XS
SM
MD
LG