Линклар

Шошилинч хабар
10 октябр 2024, Тошкент вақти: 21:24

LIVE BLOG: Абитуриент кундалиги


LIVE BLOG

Ўзбекистон олийгоҳларидаги 56 минг 722 ўрин учун 480 минг 405 абитуриент ва уларнинг ота-оналари ўртасида ойлардан бери бораëтган "рақобат" манзарасини Озодликнинг "Абитуриент кундалиги"да кузатинг!
23 август: Домла 2 минг доллар пора билан ушланди

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг ўқитувчиси 2 минг АҚШ долларини пора сифатида олаётган пайти ҳибсга олинди.

Бу ҳақда хабар қилган 12uz.com сайтининг Ўзбекистон Бош Прокуратураси вакили Зиёдбек Холиқбердиевга таяниб берган маълумотига кўра, исми ошкор қилинмаётган ўқитувчи абитуриентнинг ўқишга киришини таъминлаш учун 4 минг доллар миқдорида пора талаб қилган.

У поранинг ярми- 2000 долларни олаётган пайти ҳуқуқни муҳофаза қилиш орган ходимлари томонидан қўлга олинган.


22 август: “Тест натижасидан норози абитуриентларга қўл қовуштириб ўтирмаслик тавсия этилди”

1 август куни ўтган тест синови натижаларидан норози бўлган абитуриентларга қўл қовуштириб ўтирмай, тест натижаларини қайта текширишни талаб қилиш тавсия этилди (“Даракчи”, 22 август).

Натижалардан шубҳаланган абитуриентлар тест натижалари эълон қилинган кундан бошлаб ўттиз кун давомида Давлат тест марказида ташкил этилган апелляция комиссиясига ёзма шикоят билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Апелляция шикояти абитуриент, унинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босган шахс иштирокида ўн кун муддат ичида кўриб чиқилиши керак. Эслатилишича, апелляция комиссиясининг шикоятни кўриб чиқиш бўйича қабул қилган хулосаси юзасидан ҳам норозилик туғилса, судга мурожаат қилиш мумкин.

16 август: Ўзбекистон Давлат тест маркази маълумотига кўра, бугун эрталабдан абитуриентлар тест натижаларини билиш имконига эга бўлишди.

Жорий йилдаги абитуриентлар сони ўтган йилга нисбатан кўп бўлгани тест натижаларининг бир кунга кечикишига сабаб тарзида келтирилди.

Абитуриентлар ўзлари ҳужжат топширган олийгоҳ олдидаги тест натижалари илинган "доска"лар орқали балларини билишлари мумкин.

Бу йил ўз билими билан ўқишга кирганлар ҳам, “Танка” кўмагидан фойдаланиб, талаба бўлганлар ҳам етарлича топилади.

​Репетитор ҳикояси: Билими билан ўқишга кирганлар кўп

Жорий йилда икки абитуриентни ўқишга тайёрлаган репетитор йигитнинг Озодлик билан суҳбатда айтишича, бир ўқувчиси Тошкент Молия институтининг банк иши факултетига ўз кучи билан ўқишга кирган.

Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:39 0:00
Бевосита линк







Ҳозиргина Тошкентдаги мобил мухбиримиз томонидан жўнатилган ушбу суратда Ўзбекистон Миллий университетининг Биология факультетига ҳужжат топширган абитуриентлар тест натижалари билан танишмоқда.






Тест натижаларини 0,75 АҚШ доллари эвазига 5100 рақамига СМС йўллаб, билиш имкони ҳам бор.



Ушбу суратда эса Ўзбекистон Миллий университетининг Механика-математика факультети бўйича тест натижалари илинган "доска" орқали ўз баллари билан танишаётган абитуриент йигит акс этган.






ДТМнинг расмий сайтида ҳам тест натижалари эълон қилинган. Бироқ ҳозирча ушбу сайтдаги тест натижалари эълон қилинган махсус саҳифа ишламаётгани айтилаяпти. Ботинкасига яширилган телефон ёрдамида талаба бўлган йигит ҳикояси:

Талаба бўлиш бахтига муяссар бўлган андижонлик талаба йигитнинг айтишича, унга ботинкаси ичига яшириб олиб кирган телефон орқали ёрдам беришган. Ушбу ёрдам натижасида у шартнома асосида ўқишга киришга муваффақ бўлган.

У билан суҳбатни қуйида тўлиқ тинглашингиз мумкин:


Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:57 0:00
Бевосита линк





Тошкентдан олинган хабарларга кўра, ҳар бир олийгоҳнинг Мандат комиссиялари яқинида тез тиббий ёрдам хизмати навбатчилик қилмоқда.

Хурсандчилигидан ёки аксинча хафа бўлиш натижасида ҳушини йўқотиш ҳоллари бўлиш эҳтимоли кучлилиги учун шифокорлар жалб қилинган.

Ушбу суратда Ўзбекистон Миллий университети Мандат комиссияси олдида навбатчилик қилаётган тез ёрдам хизмати ходимлари акс этган.


Олти йилдан буён талаба бўла олмаётган йигит ҳикояси : Х вариант ҳам иш бермади

Олти йилдан буён ҳар йили Тошкент Ахборот ва технологиялар институтига ҳужжат топшириб талаба бўла олмаётган йигитнинг айтишича, бу йил ҳам омади келмаган.

Суҳбатдошга айтишича, ҳатто имтиҳонга олиб кирган Х вариант ҳам иш бермаган.


Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:28 0:00
Бевосита линк



Агар тест натижалари бўйича шикоятлар бўлса, бу юзасидан абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари Ўзбекистон Олий таълим вазирлиги ва Давлат тест маркази ҳузуридаги консултатив марказларга мурожаат қилишлари мумкин.







2013-2014 йилги ўқув йили учун бир йиллик шартнома пули 4 миллион
600 минг сўмдан 6 миллион 640 минг сўмгача белгиланган.






















15 август: Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси Хушнудбек Худайберганов 15 август куни кечги соат 9дан кейин Facebookдаги шахсий саҳифаси орқали ушбу университетга жорий йилдаги кириш баллари борасида кичик бир хабар жойлади.


Ушбу хабарга кўра, бу йил Тошкент давлат юридик университетидаги ўзбек гуруҳлари учун кириш баллари қуйидагича:

Шартнома: - 168,4
Бюджет: - 199,2


Демак, бу хабар ишонилса, тест натижалари чиққан ва абитуриентлар эртага - 16 август куни ўз баллари билан танишишлари мумкин бўлади.




Шунингдек, Twitter ижтимоий тармоғида ҳам шунга ўхшаш твит-хабар тарқатилди:


Айни пайтда Anons.uz сайти ҳам тест натижалари 16 август куннинг биринчи ярмида эълон қилиниши мумкинлиги ҳақида хабар қилди. Бироқ сайт хабарни қаердан олгани ва манба кимлигини очиқламаган.

********** ************* ************ ******** ************ *****

Бугун Халқаро Вестминстер Университети имтиҳон натижаларини эълон қилди. Ушбу университетга ҳужжат топширган абитуриентлар имтиҳон натижаларини олийгоҳнинг расмий сайти- wiut.uz орқали билиб олишлари мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистондаги хорижий олийгоҳларининг филиалларига қабул алоҳида амалга оширилади.



********* ************** *************** **************** *********

15 август: Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Давлат Тест маркази (ДТМ)дан олинган маълумотга кўра, тест натижалари бугун эълон қилинмайди.

ДТМнинг ўзини таништирмаган ходими натижаларнинг эълон қилиниш аниқ санасини ҳам айта олмади.

"Эрта-индин маълум бўлади. Эълон қиламиз", деди ДТМ ходими.

ДТМнинг расмий сайтида, 15 август кечги соат 8ларда ҳам бу борада бирор маълумот берилмади.

Сайтда фақат абитуриентлар диққатига тест натижаларини СМС орқали билиш имкони ҳақида 13 август куни жойлаштирилган эълонгина мавжуд.

Ушбу эълонга кўра, абитуриентлар 5100 рақамига СМС йўллаб, тест синовида тўплаган балл бўйича маълумот олишлари мумкин.

Лекин бунинг учун аввал Ўзбекистон Республикаси Давлат комиссияси қарори чиқиши лозим.

СМС йўллаш ҳам текин бўлмай, битта хабар жўнатиш 0,75 АҚШ долларига тенгдир.


Twitterдаги хабарлардан:




5 август: “Абитуриент кундалиги”га келган навбатдаги блог эгасининг ёзишича, ўзи талаба бўлган пайти ҳарбий хизматни ўтаган акасини ҳам ўқишга киришига кўмаклашмоқчи бўлган.

Блоггерга кўра, бунинг учун акасининг номидан олийгоҳга ҳужжат топширган.

“Bu voqeaga 4-5 yilcha bo’ldi. Ikki yil tayyorgarlikdan so’ng kontrakt bilan o’qishga kirdim. O’sha vaqtlar akam ham boshqa shaxarda budjetda o’qir edi.

Birinchi kursda kursdoshlarimdan kim necha ball bilan, kimlar esa qancha $ bilan va qaysi yo’llar bilan kirganligini bildim.

So’ng xarbiy xizmatdan imtiyoz bilan qaytgan ikkinchi akamni o’qishga kiritishni o’ylay boshladim.

Boshlab vijdonim qiynaldi, keyin o’zimni akamku deb o’zimni ovitdim.

Ikkinchi kursni bitirgach akamni hujjatlarini olib, qo’shni viloyatga bordim. Lekin muommo shunda ediki, menda akamning pasporti yo’q edi. Pasport o’rniga paspotniy stoldan ma’lumotnoma ham bo’lar edi.

Hujjatlarimni qabul qilayotgan yosh yigit (ismi hali ham esimda - Laziz edi) ligotamni va rasmlarni ko’rib, qachon, qaerda va qaysi harbiy bo’limda xizmat qilganimni, harbiy qism raqami, hattoki qurolim raqamini ham so’radi.

Men hammasiga javob bera olmadim "boshim chayqalgan eslay olmadim" dedim.

Xullas u ishonmadi, o’sha yili akamning hujjatlarini topshira olmadim (O’zimizni viloyatga topshirishga qo’rqqan edim).

Ikkinchi yili qattiq tayorlandim. O’sha yili bir kishi bilan tanishib qoldim. U shu atrofdagi viloyatlarga bollalarni har- xil yo’llar bilan o’qishga kiritar ekan.

Menga ham ularni guruhiga qo’shilishni taklif qildi, men rejamni unga aytdim. Keyin u bu yil ishimni bitirishimni va kelasi yil ular bilan ishlashimni aytdi.

Keyin meni guruhi bilan tanishtirish uchun birinchi yil akamning hujjatini topshira olmagan Institutga bordik. Asosiy guruhi shu yoqda ekan.

U erda bir zam dekan bilan tanishdik. O’sha vaqtning o’zida zam dekanning 70 dan ortiq abiturentlari bor ekan. O’sha Laziz ham uni guruhidan ekan.

Hujjatlar 20 - iyulga tayyor bo’ldi. Oxirgi kun bo’lganligi va pasport yo’qligi uchun hujjat topshirishga rosa qiynaldim.

Kechasi 11 yarimda pasport stoliga qabul komissiyadagilar tel qilib, pasport o’rniga bergan hujjatlarining raqamini tekshrib ko’rishdi.

Xullas o’sha yili, 20 - iyulda yarim kechasi oxirgi bo’lib, meni hujjatlarimni qabul qilishdi", деб ёзади "Абитуриент кундалиги"га навбатдаги блоггеримиз.

Блоггердан воқеанинг давомини кутиб қоламиз.


2 август: Етти йилдан буён ҳар йили абитуриент бўлиб, ҳануз талаба бўлиш бахтига муяссар бўла олмаётган бир муштарийнинг ёзишича, бу йил "Х" вариантни алдаб сотишгани учун кўпчилик чув тушиб қолган.
"Assalomu alaykum tahriryat... Men bu yil TDPU ga mehnat fakultetiga imtihon topshirdim. Lekin afsus bu yilgi tayorgarliklar 100 emas 200% behuda ketti (ohshamadi).

Eng asosiy sabab usha x variantni obchiqib sotadigan vijdonsiz shpargalkachilar hammani qoyniga puch yongoq toldirib ketdi. Soat 6:30_ 8:30 da olib ammalab obkirgan shporamizdan loaqal harfiyam togri kemadi.

Yonimdagi bir abiturentga hatto aniq 100 % javob dib usha oliygohni katta lavozimdagi hodimini shahsan uzi obkirib bergan shporasiyam mutlaqo "0" hech narsa yoq.

Bir bechora qiz qiynalgan oila farzandi ekan onaizor bolasi uchun alla qancha $$ ga x variant obergan ekan. Hech narsa chiqmadi rosa yigaladi bechora qiz.

Lekin hukumat va oliygoh hafsizlik hizmatidagilaga gab yoq +5 baho tekshiruv uchun. Bunker, vagon, kamon, tanka, sms, kalla, urniga kirish, qorin ogrib qolish variantlari bino buyicha umuman ohshamadi. Uzimgayam zarilmi didigan inson yoq naht 7- marta topshirishim. Omad hammaga uqishga obkirib qoyadigan va kiradiganlaga", дейди абитуриент. (Унинг хати таҳрирсиз эълон қилинаяпти)

************************

Бошқа бир муштарий эса "Х" вариант ҳақида "Абитуриент кундалиги"га шарҳ ёзиб, қуйидагиларни маълум қилди:
"ОТМ қалъасини забт этиш учун жанг қилган пиёда ва отлиқ абитуриентларнинг кўпчилигини шамшири синиб, қалқони тешилди. На СМС, на ММС, на Х-вариант.
Институтлар яқинида бир гуруҳ товламачилар ўтган йилги Х-вариантни ҳар бир фандан 200 доллардан (3 та фан 600) пуллаб, кўпчилик содда ота-оналарни ва уларнинг фарзандларини чув тушириш эвазига чўнтак қаппайтиришди.
Бу йил Х-вариант етиб келмади. Бу йил ҳамма институтларда тест синовлари ўтказилган аудиторияларда 1 мактаб ўқитувчиси, 1 та коллеж ўқитувчисидан ташқари 3 чи бўлиб кузатувчи сифатида шу институтни ўқитувчилари жалб қилинганлиги тест жараёнини ҳаққоний ўтишига путур етказди.
Чунки ҳар бир тест синовлари ўтаётган аудиторияга 2 чи кузатувчи сифатида жалб қилинган институт ўқитувчиси, институт рахбарлари ва мактаб-коллежлардан келган аудитория рахбарлари, кузатувчилари ўртасида воситачилик қилишди", деб хабар қилади ўз исмини ошкор қилмаган муштарий. (Шарҳ таҳрирсиз эълон қилинди)

1 август кунги хабарлар:


**************************

Тест синовлари туфайли Ўзбекистондаги уяли алоқа операторлари 1 август куни эрталаб соат 8:30дан 13:30гача қўшимча алоқа хизматлари – SMS, MMS ва мобил интернет хизматларини ўчириб қўяди.
Мазкур чора-тадбирлар абитурентларнинг синов пайти шпаргалкалардан фойдаланиши ва бошқа сохтакорликларнинг олдини олиш мақсадида амалга оширилаëтгани иддао қилинади.

******************

Давлат тест маркази маълумотига кўра, мамлакат олийгоҳларига жами 480 минг 405 нафар абитуриент қабул қилинди.
Тошкент тиббиёт академиясининг Фарғона филиалига энг кўп ҳужжат топширилди. Бу ерга 115та ўрин учун жами 2 минг 599 нафар абитуриент ҳужжат топширган. Бу мамлакат бўйича энг юқори кўрсаткич бўлиб, битта ўрин учун 22,60 нафар абитуриент даъвогарлик қилади.
Тошкентдаги Миллий рақс ва хореография олий мактабида энг паст кўрсаткич қайд этилган. Бу ерда битта ўринга 2,02 даъвогар бор.
480 минг 405 абитуриентдан фақат 56 минг 722 нафари талабалик бахтига муяссар бўлади. Яъни ҳар бир ўрин учун 8,47 абитуриент даъвогарлик қилаяпти.








30 июл: "Абитуриент кундалиги"да олий ўқув юртларига пора эвазига ноқонуний йўлларни қўллаб кирувчилар кўплиги ҳақида кўп гапирилаяпти.
Тест имтиҳонлари пайти қўлланиладиган усулларнинг эса сон- саноғи йўқ.
Озодлик мухбири ўтган йили қабул комиссияларидан бирида ишлаган тошкентлик домла билан гаплашганида ушбу блогимизда тилга олинмаган бошқа яна бир усул ҳақида айтиб берганди.
Домла ушбу усулнинг номи "Телепатия" эканини айтган:
"Сканер-ручка деган нарса бор агар эшитган бўлсангиз. Боланинг қўлига 300-350 долларлик сканер-ручка тутқазилади. Бола тест вариантини бу асбоб ёрдамида копиялайди ва 10-15 та сканер-ручка битта компьютерга ташланади. Шу аудиторияга битта қишлоқда қўй боқиб юрган бола олиб кириб қўйилган бўлади. У “тестни ишлаб бўлдим” деган баҳона билан чиқиб кетади. Унинг ўзи ўқишга кириш нияти йўқ. Ўша чиқиб кетган боладан сканер-ручкани қабул қилиб олган мутахассислар тестларни ишлашади ва жавоблари СМС орқали ичкарига жўнатилади", дейди тошкентлик домла.

************************************
28 июл: WhatsApp орқали Озодликка боғланган ўзбекистонлик талаба йигит ўз ҳикоясида “калла” бўлиб, 4 кишининг ўқишга киришида ёрдамлашгани, ҳозир бу ишидан таассуфда эканини баён этган. У исм-фамилияси, қаерда ўқиши ва ўзи айтадиган айрим одамлар ва институтлар номи сир бўлиб қолишини сўраган:

Мен лицейни тамомлаб, университетга кирганимда инглиз тилидан 36 та тестдан ҳаммасини тўғри топганман.

Шу даражага етдимки, 36 та саволни 6-8 минутга қолмасдан камида 34 ёки 35 та тўғри жавоб билан еча олардим.

Бундан 3 йил аввал мен Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида ўқийдиган бир йигит билан танишгандим, кейинчалик у билан яқин дўст бўлиб қолдик.

Унга университетга киришда 36 та тестнинг ҳаммасини ўз каллам билан ишлаганим, она тилидан эса 32 та топганимни айтгандим. У буни эслаб қолган экан.

Кейин у менга ўзининг институтларга одам киргизадиган бир гуруҳ билан ишлашини, агар мен инглиз тили ва она тилидан 1 август куни тест ишлаб берсам, ҳар бир фандан 500 доллар олишим мумкинлигини айтди. Аммо мен бошида кўнмадим, тўғриси, виждоним чидамади.

Малайзия орзуси

Мен Малайзиядаги бир университетга имтиҳон топшириб, у ерга киргандим. Фақат контракт пули - 5000 долларни тўласам, бир йил ўқишим мумкин бўларди. Мен: “Шу бир йиллик контрактни тўласам, кейинги йилларига Малайзияда ишлаб топарман” деган хаёлга бордим. Дастлаб фақат 5000 минг доллар керак эди.

Оилам ундай пулни менга бера олмасди, менинг хаёлимга ҳалиги дўстим келди ва дарров унга телефон қилдим. Мен ундан: “Бир сезонда 5000 доллар топиш мумкинми?” деб сўрадим. У: “Ҳа”, деб жавоб берди.

“Катта” гуруҳнинг кичик “ходим”и

Ўша дўстим мени ўқишга киргизадиганлар гуруҳининг бошлиқларидан бири билан таништирди. У мен билан суҳбатлашиб, имтиҳон куни аудитория киришим ва уч клиентнинг она тили ва инглиз тилидан тестини ишлаб беришим кераклигини айтди. Шундай ҳисоблаганда мен 3000 доллар топишим мумкин экан.

“Менга 5000 минг керак” дедим. У бунинг жисмоний жиҳатдан иложи йўқлигини, таваккал қила олмаслиги ва вақт етмай қолишини айтди. Бошлиқдан улар мени аудиторияга қандай қилиб олиб кириб қўйиши ҳақида суриштирдим, хавфсизлигига қандай жавоб беришларини сўрадим. У: “Ҳаммаси гаплашилган бўлади, мелиса, кузатувчилар, ҳаттоки СНБ (Миллий хавфсизлик хизмати демоқчи – таҳр.) ҳам гаплашилган. Бизнинг гуруҳ жуда катта гуруҳ, биз катта иш қиламиз”, деди.

Бу орада мен роса ўйландим – қўрқдим, тўғриси. Ҳалиги ўртадаги дўстимдан роса бу гуруҳ ҳақида суриштирдим. У мени тинчлантириб, узоқ йиллардан бери шу гуруҳ билан ишлаши ва хавфсиз эканлигини айтди.

Ниҳоят, мен кўндим - 3000 доллар кўзимни хира қилганди. Бу пулни бир йил стипендиямни йиғиб ҳам, ишлаб ҳам тополмасдим - олдимда бир кунда топиш имконияти пайдо бўлди. Мен аҳмоқ шу ишга қўл урдим ва 1 августга тайёрлана бошладим. Бу пайт аслида мен университетнинг биринчи курсини тамомлаб, ёз таътилида эдим.

Мижоз билан келишув

1 августга уч кун қолганда мени уччала “клиент” билан таништиришди, иккитаси нормалний одам эдию, биттаси сал “кетган”роқ эди, яъни у одам ҳеч қачон университетга киролмасди.

Мен улар билан танишиб, имтиҳон куни галма-галдан менга саволлар китобини узатишни, атрофдаги оддий абитуриентларнинг ўта эътиборини тортмасликларини ва ўзларини ҳар доим бош кўтармай, тест ишлаётгандай қилиб тутишлари кераклигини уқтирдим.

Синов куни

Тест куни мен бир клиентнинг паспорти ва ДТМсини олиб, унинг ўрнидан кирадиган бўлдим. Мен инглиз тили ва она тилидан, яна битта “калла” эса математикадан ечарди, ҳаммамизни битта аудиторияга жойлашганди. Ҳалиги математикадан ечадиган йигит бир "чўпон"нинг документларини олиб кирадиган бўлди. Биз у билан бир оператив гуруҳ эдик.

Бизга шерик яна бир гуруҳ бор эди - уларда Дипломатияда ўқийдиган бир бола математика ва инглиз тилидан, бир қиз эса она тилидан ечарди. Бир жиноий гуруҳдан бўлсак ҳам бизга улар рақобатчи эдилар, чунки ким кўп ва тўғри ишлашга “калла”лар ўртасида ҳам пойга бўлади.

Ҳаммаси келишиб қўйилган

Ростданам мелисалар ҳам, СНБ ҳам гаплашилган экан. Бўлмаса, мен “клиент”га умуман ўхшамаслигимни оддий одам ҳам биларди. Улар менинг ҳужжатларимни кўришиб, бир менга, бир паспорт ва ДТМга қараб қўяр ва жилмайиб ўтказворарди. Битта кулгили ҳолат – бир СНБчи ДМТни мендан олиб, қуёшга тутиб, “Сохтамасми?” деб, текшириб ҳам кўрган “хўжакўрсин”га.

Ичкарига кирсам, ҳатто хонадаги кузатувчи ҳам гаплашилган экан. Иш жуда силлиқ ўтди - ҳамма ишни бажариб, елкамдан тоғ ағдарилгандек тестдан чиқдим.

Мижози илғор “калла”лар

Мандат чиққач, бориб кўрдим. Битта клиентнинг инглиз тилисидан 36 тасининг ҳаммасини тўғри топибман, она тилидан эса 29 та. Инглиз тили 2-блок, она тили 3-блок, математика эса 1-блок эди. Математикани ечадиган шеригим 31 та ишлабди ва шу клиент бюджетнинг 1-ўрнида турибди.

Яна битта клиентнинг инглиз тилисидан 34 та ишлабман. Она тили ва математика эсимда йўқ, лекин у 3-ўрин билан бюджетга кирибди.

Учинчи клиент эса контрактга тушиб қолибди. Ҳаммасига шу математикадан ечадиган шеригим айбдор. Менга уни таништиришганда, “36 тадан 35 та ёки 34 та ечади” дейишганди, тестда 29 та, 31 та топиб, мени уялтирганди.

Уч клиентдан биттаси контракт бўлиб қолишига шу бола айбдор бўлганди, бизга рақобатдаги гуруҳ уччала клиентининг ҳаммаси бюджетга ўтганди-да. Шунга озгина орқада қолганимга жаҳлим чиққанди.

“Қўшимча иш”

Мен имтиҳонда берилган 3 соатнинг икки соатида клиентларнинг 3 та инглиз тили ва 3 та она тили вариантини ишлаб бергандим. Шу пайт олдимда ўтирган бир нотаниш йигит тестини ишлаб беришни сўради. Мен унга разм солдим ва пул чиқадиган одамга ўхшагани учун она тилиси ва инглиз тилисини 1000 долларга ишлаб беришимни айтдим. У кўнди ва мен умумий ҳисобда 4 та инглиз тили, 4 та она тилидан тестларни ишладим ўша куни.

Ё, насиб...

Афсуски, кейин олган пулларим менга насиб қилмади - акам машинасида авария бўп кетди. Худога шукур, ўзига ҳеч нарса бўлмади. Лекин машинасининг пачоғи чиқди ва мен топган пулларимни машинамизни тузатиш учун акамга бердим. Малайзиядаги ўқиш билан эса хайрлашдим...

Афсусдаман!

Агар ҳикоям чоп этилса, буни ўқиб, мени кўпчилик лаънатласа керак, яна билмадим... Лекин бир гапни уларга айтай: ўшандан бери виждоним жуда қийналяпти, “Аллоҳ менинг гуноҳимни кечирармикин?” деб юрибман. Шунинг учун мен ҳақимда ёмон коммент қолдирмасликларини сўрайман.

Бу ҳикояни айтиб беришдан мақсад – юртимизда юрган бари “калла”ларни огоҳлантириш: “Бир кунда топган пулинглар барибир насиб қилмайди, бу дунёда бўлмаса, у дунёда жавоби бор, ўйлаб иш қилинг, кейин афсусланиб юрманглар!

Бу -"Абитуриент кундалиги”га келган собиқ "калла"нинг WhatsApp блоги эди.

Twitterдаги фикрлардан:













27 июл: Ўзбекистон олий ўқув юртларида ҳар йили ўтказиладиган тест синовлари Давлат тест марказидан 1 август куни эрталаб олий ўқув юртларига етказиб берилган бюллетенлар, яъни савол-жавоблар мажмуаси асосида ўтади. Бу савол-жавоблар давлат сири даражасида қўриқланади¸ уни ҳозирлайдиганларнинг бевосита Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари назоратида ишлаши айтилади ва белгиланган тартибга кўра¸ тестда тушадиган саволлар рўйхати ва улар "калити" республика бўйлаб синовлар бошланишидан саноқли соат аввал очилиши керак.

Бироқ Озодлик мухбири суҳбатлашган манбалардан маълум бўлишича, йиллардан бери бу савол-жавоблар мажмуаси, ҳали улар жойланган қалин папкалардаги муҳрлар бузилмасдан туриб, унинг абитурентлар ва ўқитувчилар тили билан айтганда “Х” варианти аллақачон жойлардаги тегишли одамлар қўлига етиб борган бўлади.

Бевосита Давлат тест марказидан сизиб чиқиши айтиладиган тест синовларининг “Х” вариантининг ўзи нима?

Тошкентлик ўқитувчилардан бири Маҳмуд Аъзамов бу вариантни шундай тушунтирди:

- “Х” вариант деганимиз¸ давлат тест имтиҳонлари учун тайёрланган савол-жавобларнинг сир ҳолатидан ташқарига сизиб чиқиши. Бу Давлат тест марказидан чиқадими ёки саволларни тайёрлаган мутахассислар ташқарига чиқаришадими, бунисини ҳеч ким билмайди. "Х" вариантни қўлга киритган гуруҳлар махсус уйларда талабаларга ўша жавобларни ёдлатади. Ўша хонага кириб чиқадиган абитуриентлар трусиcигача текширилади, токи бу вариант ташқарига чиқиб кетмаслиги учун, дейди ўзи ҳам абитуриентларни тест имтиҳонларига ҳозирлаш билан шуғулланадиган Маҳмуд Аъзамов.

Унга кўра, "Х "вариантнинг Давлат тест марказидан сизиб чиқиши ҳар йили давом этмоқда.

- Узоғи билан бир ой олдин одамларнинг қўлига тегишни бошлайди у. Чунки буни сир сақлашадида. Ҳали мутахассисларнинг қўлида ҳам бўлмайдида. Тарихни алоҳида¸ она тилини алоҳида¸ инглиз тилини алоҳида тузадиган тўртта-бешта одамларга ишониб топширилади. Кейин улардан олинади ва Давлат тест марказига топширилади. Аслида бу сир сақланиши керак. Ҳеч кимнинг қўлига тегмаслиги керак. Лекин чиқиб кетади. Жуда кўп жойларга тарқаб кетади бу нарса. У мутахассисларнинг қўлидан чиқиши ҳам мумкин¸ Давлат тест марказидан чиқиши ҳам мумкин. Унинг қаердан чиққанини олган одам билади¸ дейди тошкентлик репетиторлардан бири Маҳмуд Аъзамов.

Ўз исмини ошкор қилишни истамаган Ўзбекистон олий юртларининг бирида ишлаётган ўқитувчининг айтишича, “Х”вариант билан шуғулланиш имтиҳонларга тахминан бир ой вақт қолганда бошланади. “Х” вариантни қўлга киритган шахслар ўзига яқин домлалар воситасида ўқишга пул билан кирмоқчи бўлган абитуриентлар гуруҳини тўплайди. Бу гуруҳлар махсус квартираларда жуда қаттиқ тартибда ўқитилиб, “Х” вариантдаги саволларнинг тўғри жавоблари тўтиқушдай ёдлатилади, дейди ўқитувчи:

- 1 август куни имтиҳон бошланади. Лекин ҳозир деярли ҳамма жойда¸ ҳамма вилоятларда¸ Тошкент шаҳрида махсус шуғулланадиган домлаларнинг гуруҳлари бор. Булар болаларни 1-2 ой тайëрлайди. Уларнинг қўлига иложи борича¸ улар олишоладими ëки йўқми¸ Давлат тест марказида қилинган¸ деб шпаргалкалар олинади. Алоҳида квартираларга жойлаштирилади ва ëдлатилади. Алоҳида квартираларда уларнинг қўлларига берилади. Бу¸ айниқса¸ тест бошланишига бир кун қолганда берилади. Болалар ўша шпаргалка бўйича тайëрланади. Омади чопгани кириб кетади. Кимнинг омади чопса¸ кейин домлалар факултетларга қараб 1500-2000-2500 доллар олишади¸ дейди ўз исмини ошкор қилишни истамаган Ўзбекистон олий юртларининг бирида ишлаётган ўқитувчи.





26 июл: "Абитуриент кундалиги"нинг доимий "блоггер"ига айланган "Имтиҳон сирлари" мактубининг эгаси Анвар акадан яна иккита хат олдик.

Мактуб эгаси ўзи ҳикоя қилган усуллар ва ушбу ноқонуний йўллар орқали 15 йил давомида ўқишга кирган 700 га яқин собиқ талаба ҳақида тўлиқ маълумот мавжудлигини яна бир бора таъкидлаган.

"Hurmatli Ozodlik radiosi xodimlari. Men yuborgan ma'lumotlar shubha uyg'otishi tabiiy hol. Biroq amin bo'lingki har bir ma'lumotni tagida hujjatli asosi bor. Shundog'am ko'pgina sudya va prokurorlarning yuragiga g'ulg'ula tushgan ko'rinadi. Chunki Ozodlik saytida maqola chop qilinishi bilanoq o'sha men aytgan tanishimga o'nlab qo'ng'iroqlar bo'ldi. Lekin o'sha "organizator" bundan xabari yo'qligini aytib ularni tinchlantirgan. Biz bu shaxslarni hozircha ochiqlash niyatimiz yo'q, chunki mavridi emas. Oldin ta'kidlaganimdek bu ma'lumotlar tanishimning seyfida saqlanadi. Ishontirib aytamanki istagan vaqtda ulardan har qaysi biri haqidagi to'liq ma'lumotni
olishim mumkin... Zamoni kelganda bu shaxslarning barchasi haqidagi ma'lumotlar ommaga oshkor qilinadi. Inshalloh bunga ham oz fursat qoldi", дейилади ўзини Анвар Ибодов деб таништирган шахс мактубида.

Ибодов сўзларининг тасдиғи сифатида "Абитуриент кундалиги"га йўллаган бошқа бир мактубида эса "Танка" билан "Клиент" ўртасида бўладиган пул олди- бердиси пайти тўпланган "ҳужжатли далиллар"ни келтирган:

"- клиент паспортининг сканер қилинган нусхаси ва худди шу паспортнинг киритиб қўювчи (десант) расми билан алмаштирилган ҳолдаги сканер нусхаси;

- клиент ДТМ варағининг сканер қилинган нусхаси ва худди шу ҳужжатнинг киритиб қўювчи (десант) расми билан алмаштирилган ҳолдаги сканер нусхаси;

- ҳар йилги ДТМ томонидан абитуриентларнинг ичкарига киришлари битта-битта тарзда тасвирга олинадиган видеосёмкалар. Бу фақат 2001йилдан бошлаб олинган.

- пул олди-бердиси пайтида ёзиб берилган тилхатлар. Бу тилхатларда олинадиган сумма кўрсатилиши билан бирга улар "организатор" ва клиентнинг ота-онаси томонидан имзоланган. Тилхат асосан қарз олди-бердиси сифатида ёзиб берилади ва гувоҳлар билан бирга иккала тараф томонидан ҳам имзоланади. Бу тилхатларни бир кўрган одам уларнинг қарз ҳақида эмаслигини бир пасда пайқаб олади. Чунки битта шахс бор-йўғи 15-20 кун ичида 100 га яқин одамга бир хил мазмундаги тилхат ёзиб бериши ҳар қандай одамда шубҳа уйғотади.

Демак кўрганингиздек барча далиллар исм-шарифлар билан боғлиқ", дейилади ўзини Анвар Ибодов деб таништирган шахснинг навбатдаги мактубида.

Twitterдаги фикрлардан:







25 июл: Озодлик радиосининг электрон почтасига Тошкент Аграр университетига ҳужжат топширган бир гуруҳ абитуриентлар номидан келган мактубда ушбу олийгоҳнинг қабул комиссиясида йўл қўйилган бир қатор ҳуқуқбузарликлар тилга олинган.

Исмларини очиқлашни истамаган абитуриентларга кўра, Тошкент Аграр университетига ҳужжат топшириш пайти кўплаб муаммоларга дуч келинган:

" Муаммо қуйидагича: талаб қилинаётган барча ҳужжатлар қаторида абитуриентлар 2 та скорошиватель ва 3.5х4.5 ҳажмда 6 та фотосурат топширишлари керак.

Шу нарсалар барча стандарт, сифат ва сўралган талабга жавоб беришига қарамай, қабул комиссияси ходимлари буларни асоссиз қабул қилмай, ушбу нарсаларни қабул комиссияси қошида университетнинг баъзи мансабдор шахслари тамонидан ташкил қилинган скорошиватель сотув растаси ва фотосуратга тушириш шахобчасидан фойдаланишга мажбурлашди.

Бошқа жойда бу нарсаларни кўпи билан 3,5 минг сўмга сотиб олинса, бу ерда 6,5 минг сўмдан пуллашди.

Бизнинг "Нега биз тайёрлаб келган, барча талаб, сифат ва стандартга жавоб берувчи бу нарсаларни қабул қилмасдан, шу ерда қайтадан 2 - 3 баравар қимматга сотиб олишимиз керак? Бу масала юзасидан юқори ташкилотлар, Олий таълим вазирлигининг буйруқ, қарор ёки тавсияси борми?", деган саволимизга қабул комиссияси ходимларидан аниқ ва қониқарли жавоб олмадик.

Суриштирув олиб борганимизда бу ишларга бош- қош шу университетнинг маънавият ва маърифат ишлари бўйича проректори А.А. (Озодликда қўшимча маълумот йўқлиги учун ушбу шахснинг исми шарифини тўлиқ эълон қилмаяпмиз- таҳр.) эканлиги маълум бўлди. Ушбу шахснинг Эгаллаётган мансабини суиистемол қилиб, маблағ билан боғлиқ ишларга аралашуви қонунга ҳилоф иш деб ҳисоблаймиз.

Ўртача 10 мингга яқин абитуриент ҳужжат топширишини ҳисобга олсак, ҳар биримиздан 6,5 минг сўмдан ундирилса, гап нимада эканлигини англаш қийин эмас"
, дейилади абитуриентлар мактубида.

Twitterдаги фикрлардан:








24 июл: Қаршилик Фаррух исмли муштарий "Абитуриент кудалиги"га шарҳ йўллаб, Қарши муҳандислик- иқтисодиёт институтининг магистратура йўналишига ўқишга кириш жараёни коррупциялашганидан иддао қилди.

Фаррухнинг шарҳи таҳрирсиз эълон қилинаяпти:

"Мен бу йил хам Карши мухандислик Иктисодиёт институтига МАГИСТРАТУРАга хужжат топширдим.

Аммо МАГИСТРАТУРАга ўқишга киришда имтихон 2 та фандан 3-10 августда ёзма шаклда булади. Демак хақиқат умуман йуқ.

Кириш учун калла керак десангиз қаттиқ адашасиз. Йиғиб қуйган пулингиздан 2000$ дан 3500$ гача пул керак.

Масалан бу йил "Иқтисодиёт" ва "Нефт ва газ" факультетига кириш учун бюджетга 3000$, Контрактга 2000$ порани Ректорга узатиш керак.

Акс холда .....

Умуман олганда МАГИСТРАТУРА Институт Ректорлари учун даромад манбаи бўлиб қолмоқда. Шу хақида ким бош қотириш керак бунисини Олий таълим Вазирлигидан сўраш керак", дея шарҳ йўллади қаршилик Фаррух.

Twitterдаги фикрлардан:






23 июл: "Абитуриент кундалиги"да ҳикоя қилинган тест синовлари пайти қўлланиладиган 7 та усул ҳақидаги " Имтиҳон сирлари" мактубининг эгаси Анвар акадан яна бир хат олдик.
Ушбу мактубда айни 7 та усулни қўллаган битта гуруҳ томонидан 15 йил давомида ўқишга киритилган собиқ талабаларнинг бугунги тақдири ҳақида ҳикоя қилинади.
Анвар акага кўра, унинг таниши бўлган "Танка" томонидан 1997-2012 йиллар оралиғида 700 га яқин талаба худди шу усуллар билан ўқишга жойланган.
Шу ўринда мактубдан иқтибос келтирсак:
"Мазкур гуруҳ томонидан 1997 йилдан бошлаб ўқишга киритиб қўйилган клиент-абитуриентлар 2013 йил 16 июл ҳолатига кўра қуйидаги лавозимларда фаолият олиб боришмоқда:
Банк соҳасида:
Турли банкларнинг туман филиалларида: 14 та бошқарувчи
Турли банкларнинг вилоят филиалларида: 9 та бошқарувчи
Турли банкларнинг республика бошқармалари ва бўлимларида: 11 та ходим.
Жами: 34 та одам.
Молия соҳасида:
Республика бўйича туман молия бўлимларида: 7 та туман молия бўлими мудири
Республика бўйича шаҳар молия бўлимларида: 4 та шаҳар молия бўлими мудири
Республика бўйича вилоят молия бошқармаларида: 6 та бўлим бошлиғи, 5 та мутахассис
Республика молия вазирлигида: турли бошқармаларида умумий 13 та одам.
Жами: 35 та одам.
Судларда:
Республика бўйича туман судларида:
А) Жиноят ишлари бўйича туман судларида – 16 та судья
Б) Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судларида – 7 та судья ва 2 та суд раиси.
Республика бўйича вилоят ва шаҳар судларида:
А) Жиноят ишлари бўйича вилоят судларида – 9 та судья
Б) Жиноят ишлари бўйича шаҳар судларида – 4 та судья
В) Фуқаролик ишлари бўйича вилоят судларида – 5 та судья
Жами – 43 та судья
Бундан ташқари 16 та суд котиблари ҳам турли даражадаги судларда фаолият олиб боришмоқда.
Прокуратура соҳасида:
Республика бўйича туман прокуратураларида: 4 та туман прокурори, 27 та терговчи
Республика бўйича вилоят прокуратураларида: 2 та бўлим прокурори, 16 та терговчи
Республика прокуратурасида: 3 та бошқарма прокурори ва 2 та бошқарма катта прокурори.
Жами – 54 та прокурор ва терговчилар
Миллий хавфсизлик хизмати соҳасида:
Республика бўйича МХХ туман бўлимларида 9 та одам.
Республика бўйича МХХ вилоят бошқармаларида 3 та одам.
Жами - 12 та МХХ ходими"
Мактуб эгасига кўра, ушбу рўйхатдаги ҳар бир шахс ҳақида тўлиқ маълумот у кишида мавжуд.
"Келтирилган маълумотлар денгиздан томчи холос. Чунки бу фақат биттагина гуруҳ томонидан ўқишга жойлаб қўйилганларнинг рўйхати холос. Бироқ бундай гуруҳлардан яна қанчаси зимдан фаолият олиб боришмоқда. Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ҳозирда давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимининг барча бўғинлари абгор бир аҳволда. Чунки жуда кўплаб муҳим лавозимларга бу соҳа бўйича етарли билимга эга бўлмаган ва мазкур соҳа ривожига ҳисса қўшиш лаёқатига эга бўлмаган шахслар тайинланмоқда. Бу эса республикамиздаги кадрлар тизимини, биринчи навбатда таълим соҳаси тизимини тубдан ислоҳ қилишни талаб қилади", дейилади "Абитуриент кундалиги"га келган мактубда.

Twitterдаги фикрлардан:

20 июл: Ўзбекистонда олий ўқув юртларига ҳужжат қабул қилиш жараёни тугади.

Давлат тест маркази маълумотига кўра, мамлакат олийгоҳларига жами 480 минг 405 нафар абитуриент қабул қилинди.

Тошкент тиббиёт академиясининг Фарғона филиалига энг кўп ҳужжат қабул қилинди. Бу ерга 115та ўрин учун жами 2 минг 599 нафар абитуриент ҳужжат топширган. Бу мамлакат бўйича энг юқори кўрсаткич бўлиб, битта ўрин учун 22,60 нафар абитуриент даъвогарлик қилади.

Тошкентдаги Миллий рақс ва хореография олий мактабида энг паст кўрсаткич қайд этилган. Бу ерда битта ўринга 2,02 даъвогар бор.

480 минг 405 талабадан фақат 56 минг 722 нафари талабалик бахтига муяссар бўлади. Яъни ҳар бир ўрин учун 8,47 абитуриент даъвогарлик қилаяпти.

Айни пайтда жорий йилда яратилган сунъий тўсиқлар боис барча хоҳловчилар ҳам ҳужжат топшира олмагани кузатилди.

Жумладан, Озодлик почтасига келган мактубда шундай ҳолатлардан бири қайд қилинган.

Мактубни таҳрирсиз эълон қилаяпмиз:

"Хурматли Озодлик. Мени бу номамга этибор берасизларми еки екми билмайман. Ичимда алам билан езмокдаман. Бугун ОТМларга хужжат топришишнинг сунгги куни эканлиги учун эрта тонгдан Тошкент Молия Институтига топширишга бордим. Нихоят талаба буламан деганимда яна бир бора орзуйим саробга айланди. У ер илм даргохи эмас балки шоколлар уясига айланганига гувох булдим. Боришим билан хеч кимни узи олиб келган сурати билан ичкарига куйишмаятганини курдим. Айтишдики барча абитуриентлар институт биносида расмга тушиши керак экан. 3500сумдан расмга олишяпти хаммани. Мажбуран мен хам тушдим. Мана сизга бизнес. Кейин хужжатларимни Кредит-Иктисод факултетига олиб бордим. У ерда шахсан декан муовини Масрур исмли шахс кабул килябди, аникроги хар 2 абитуриентдан бирини турли бахоналар билан ортга кайтарябди. Аризани тугри тулдириш учун хеч кандай маслахатчи ердам бермаябди. Хар бир абитуриентни эса 30 дакикасиз хужжатини кабул килмаябди. Навбатим келганда халиги Масрурни олдига кирдим. У эса гарчи конунда курсатилмаган булсада шу пайтгача нима иш килганим хакида хужжат талаб килди. Яна бир абитурентга эса коллежда узбек йуналишида таълим олганлар рус гурухига топширолмаслигини айтди. Кейин наилож уйга кайтдим. У ерда бошка абитуриентларни хам турли бахоналар билан рад жавобини олайотганига гувох булдим. Олий ва урта махсус таълим вазирлигига бир неча маротаба кунгирогим эса жавобсиз колди. Нахотки абитурентларни суний камайтиришга давлатимиз йул куйиб бераверади? Афсуски саволларим жавобсиз. Талаба булиш орзуим эса бу сафар хам ушалмади", дейилади бу йилги абитуриетлар рўйхатига кира олмаган муштарий.

Twitterдаги фикрлардан:








18 Июл: Озодлик почтасига Анвар исмли муштарийдан "Имтиҳон сирлари" сарлавҳа билан бир мактуб келди.

"Ассалому алайкум Озодлик радиоси ходимлари. “Тошкент тўқимачилик институтидаги машмашалар” номли мақолани ўқиб, шу мавзу бўйича бир танишим ҳикоясини сизга юборяпман. Бу одам 15 йил давомида абитуриентларни ўқишга киритиб қўйиш билан шуғулланган, балки бу иш билан шуғулланувчилар орасида энг тажрибалиларидан биридир. У билан бўлиб ўтган суҳбат давомида ўқишга киритиб қўйишнинг жуда кўплаб усулларини санаб ўтди ва уларнинг бир-биридан фарқларига батафсил тўхталиб ўтди. Баъзиларини эшитиб ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Бу усуллардан асосан, Тошкент давлат юридик университети (ТДЮУ), Тошкент давлат университети (ТОШДУ – Ҳозирги ЎзМУ), Самарқанд, Наманган ва Қорақалпоқ давлат университетларининг юридик факултетлари, Тошкент давлат иқтисодиёт университети (ТДИУ), Тошкент молия институти, Самарқанд, Наманган ва Қорақалпоқ давлат университетларининг иқтисодиёт ва молия факултетларига клиент-абитуриентларни ўқишга киритиб қўйишда фойдаланилган", дейилади Анвар исмли муштариймиз хатида.

Ушбу мактубда тест синовлари пайти қўлланиладиган 7 та усул ҳақида батафсил ҳикоя қилинган.

7. Экстримал усул:

Бу усул кўпчилик учун қанчалик ғаройиб туюлса ҳам 2006-2009 йиллар оралиғида бир неча бор амалда фойдаланилган.

Бу усул икки хил турда фойдаланилади. Бу имтиҳон бўладиган аудиториянинг қайси қаватда жойлашганига боғлиқ.

Биринчи ҳолат – аудитория биринчи қаватда бўлса, имтиҳондан бир неча кун олдин "клиент"лар қайси гуруҳга тушганлиги ва ҳатто клиент-абитуриентнинг қайси партага ўтириши ҳам аниқланади.

Кейин айнан "клиент" ўтирадиган парта тагидан подвалга махсус туйнук очилади. Бу туйнук катталиги ундан саволлар китобчасини труба шаклида ўраб подвалга тушириб юборадиган даражада бўлиши керак. Кейин бу туйнук усти яхшилаб бекитилади. Бу полнинг турига боғлиқ, масалан, пол линолиум бўлса, линолиум 10 кв.см катталикда кесиб олинади ва перефаратор ёрдамида бетон тешилиб, подвалга кичкина туйнук ҳосил қилинади.

Агар пол паркет бўлса, туйнук паркет тагидан ҳосил қилинади. Бундай туйнуклар клиент-абитуриентлар жойлашган бир нечта аудиториялар тагида ҳосил қилинади.

Имтиҳондан бир кун олдин тунда махсус ўқитувчилар гуруҳи бино подвалига жойлаштирилади ва деярли икки кун давомида подвалда қолишига тўғри келади. Улар ўзлари билан озиқ-овқат ва фонар олиб олишлари керак, чунки подвал таги қоронғу бўлади.

Имтиҳон куни клиент- абитуриентлар эҳтиёткорлик билан ўзлари ўтирган стул тагидаги туйнукни очишади яъни оёғи билан кесилган линолиумни суриб қўйишади. Кейин шу туйнукдан саволлар китобчасини подвалга ташлашади. Албатта одатда бинолардаги аудиторияларнинг барчаси учун подвал умумий бўлади. Туйнуклардан тушган китобчаларни подвалдаги ўқитувчилар тезда ечишади ва қайтиб туйнукдан узатишади. Шу тариқа иш бажарилади.

Баъзида аудиториялардаги парталар амфитеатр шаклида жойлаштирилган бўлади яъни орқадаги парта олдингисидан баландроқда. Бу ҳолатда ушбу усулдан фойдаланишнинг имкони йўқ.

Иккинчи ҳолатда – клиент-абитуриентлар жойлашган аудитория юқори қаватда – охирги ёки охиргидан бир қават пасда жойлашган бўлса, бу усулнинг иккинчи туридан фойдаланилади.

Бу олдингисидан ҳам мураккаброқ. Бунинг учун имтиҳондан бир кун олдин тунда махсус тайёрланган бир йигит бино томига чиқиб олади ва ўзи чиққан темир зинапояни махсус арра билан кесиб олиб томга чиқариб қўяди. Бу имтиҳон куни кимдир кўриб қолгудек бўлса милиция ёки МХХ ходимлари унинг ортидан бино томига чиқишларининг олдини олиш учун.

Имтиҳондан кейин бинодан тушишда зинапояни сим билан қайта боғлаб қўяди. Баъзи биноларда томга чиқиш бино ичкарисида бўлади лекин аксарият биноларда зинапоя бинонинг ён томонида ташқарида жойлашган бўлади. Бироқ, зинапояни кесиб олиш – бу фақат ҳар эҳтимолга қарши қилинадиган тадбир, одатда томда биров юрганини МХХ ходимлари ҳам милиция ҳам сезмайди, бу йигитнинг эҳтиёткорлигига боғлиқ.

Демак бу йигит имтиҳон куни томда бўлади ва эмаклаган ҳолда аудиторияларнинг деразаларига жилкага боғланган телефонни эҳтиёткорлик билан туширади. Бу телефонда BLUETOOTH ёқилиб турган бўлиши керак.

Аудиториялардаги клиент-абитуриентлар ўзларининг саволлар китобчасидаги саволларни ўзлари билан олиб кирилган телефонлар ёки олдиндан аудиторияларга яшириб кетилган телефонлар орқали расмга олишади ва дераза олдига келиб, BLUETOOTH орқали дераза ортидаги телефонга узатишади.

Шу тарзда томдаги йигит эҳтиёткорлик билан эмаклаган ҳолда барча аудиториялар деразаларидан жилка ёки ингичка ипга боғланган телефонни юргизиб чиқади ва ичкаридан узатилган расмларни кўчириб олади. Кейин жилкага осилган телефонни тортиб олади ва ундаги флешкани чиқариб олади. Ҳар эҳтимолга қарши расмларни яна бир флешкага кўчириб қўяди.

Шундан сўнг олдиндан махсус ясалган ва ўзи билан томга олиб чиқилган камон ўқи учига флешкани скоч билан мустаҳкамлайди ҳамда камон орқали шериклари турган томонга ўқ узади.

Махсус камондан фойдаланишнинг икки сабаби бор. Биринчиси, агарда камон ўрнига USB модем билан нетбук орқали интернетдан юборилса, расмлар ҳажми жуда катталиги сабабли бу жуда кўп вақт талаб қилади. Имтиҳон куни эса ҳар бир сония ғанимат.

Иккинчидан, ҳозирда имтиҳон ўтказиладиган барча бинолар темир панжаралар билан ўраб олинган ва фарзандларини олиб келган ота-оналар панжара ташқарисида яъни бинодан анча узоқда туриб кутишларига тўғри келади.

Худди шу сингари ўқишга киритиб қўювчилар гуруҳи ҳам имтиҳон бўладиган бинодан анча узоқда жойлашишига тўғри келади. Бу вазиятда расмлар туширилган флешкани гуруҳга етказиб беришда қўлбола камон жуда қўл келади.

Агар кутилмаган вазият туфайли камон ўқи бошқа жойга келиб қолса, заҳирадаги флешка бошқатдан камон ўқига боғлаб отилади.

Хуллас манзилга келиб тушган флешка зудлик билан компютерга уланиб, ундаги саволлар китобчаси қоғозга чиқарилади ва махсус гуруҳ томонидан ечилган жавоблар телефон орқали абитуриентларга етказиб берилади.

Агарда имтиҳон бўладиган бино томи шифер билан қопланган бўлса, бу усул фойда бермаслиги мумкин, ҳар қандай ҳолатда шароитдан келиб чиқиб иш қилинади.

6. Ксерокс усули (Нусха олиш усули):

Бу усулни бошқа усуллар орасида энг самаралиси ва кам харжлиси деса ҳам бўлади.

Бу усул 2008-2010 йилларда қўлланилган ва ҳозирда фойдаланилмайди. Чунки айнан шу йиллари ДТМ қарорига кўра тест синовларда тушадиган вариантларнинг сони ҳар бир шифрдаги ўқув йўналишига қараб қатъий белгиланган 30 тадан 60 тагача вариантдан иборат эди. Унга кўра бирорта шифр йўналишидаги барча вариантлар жамланган саволлар китобчалари қутиси билан сотиб олинади. Сотиб олинади дегани – имтиҳондан бир кун олдин тунда ёки эрта тонгда имтиҳон бўладиган бинога тест китобчалари олиб келинаётганда МХХ ходимлари билан келишган ҳолда барча вариантлар жамланган бир қути ксерокопия қилиб олинади.

Мисол учун молия йўналишидаги шифрлар учун 40 та вариант саволлар чиқарилган бўлиши мумкин. Ушбу 40 та тест китоби жойлашган қутича муҳри бузилади ва ярим соат ичида барча китоблар ксерокопия қилиб олинади. Кейин ушбу 40 та вариантнинг барчаси эрталабки соат 7-8 ларга қадар ечиб чиқилади.

Қарабсизки ҳали имтиҳон бошланишидан олдин мазкур шифр йўналишидаги барча вариантларнинг жавоблари тайёр бўлади. Кейинчалик бу тайёр жавоблар аудиторияларда ўтирган клиент-абитуриентларга телефон орқали етказиб берилади. 108 та саволнинг тайёр жавобларини ўқиш учун эса бор-йўғи3-4 минут вақт кифоя қилади.

Энг асосийси ушбу жавоблар республикадаги ҳар қандай олий ўқув юртида мавжуд бир хил шифрдаги йўналишларнинг барчасига тўғри келади. Яъни бир ўқ билан 10 та қуённи урса бўлади.

Масалан Тошкентдаги бирорта олий таълим муассасасида молия йўналиши бўйича барча вариантлар қўлга киритилса, барча вилоят олий ўқув юртларидаги айни йўналиш шифридаги вариантлар қўлга киритилганини билдиради. Бир марта ечилган вариантлар жавобидан 10 лаб ўқув юртларига абитуриентларни ўқишга киритишда фойдаланилади.

Бу усул айниқса юридик йўналишларда жуда катта самара берган. Ҳатто икки йил мобайнида бу йўналишда фаолият олиб борувчи “бункер”чиларни ҳам деярли ўйиндан чиқариб ташлаганди. 2009 йилги тест синовларида айнан юридик йўналишларнинг барчасида кириш балларини энг қуйиси яъни контрактнинг охири 210 баллдан тепа бўлганини кўпчилик ҳали унутгани йўқ.

5. WI-FI усули:

Бу усул бироз мураккаб бўлиб, асосан, 2008 йилдан 2011 йилларгача фойдаланиб келинди.

2008 йилда Тошкент шаҳридаги Навоий савдо растасида кучли сигнал узатувчи роутерлар ёки wi-fi антенналарини топиш қийин эди. Шу сабабли ҳам махсус жиҳозлар интернетдан излаб топилиб, алоҳида буюртма билан Россиядан олиб келинарди.

Бу усулдан фойдаланишда техникани яхши тушунадиган мутахассислар жалб қилинади. Дастлаб имтиҳондан 3-4 кун олдин Олий таълим муассасаси атрофидаги кўп қаватли уйлар томига ёки симёғочларга махсус антенна ва сигнал қабул қилувчи роутерлар ўрнатиб чиқилади.

Албатта бу усулдан фойдаланишда клиент-абитуриентлар ҳам олдиндан махсус тайёргарликдан ўтишади. Улар ўзлари билан wi-fi тўлқинига эга телефонларни олиб киришлари ёки олдиндан аудиторияга жойлаштирилган шундай телефонларни олиб ўзларининг саволлар китобчасини эҳтиёткорлик билан расмга олишлари лозим бўлади. Кейин ушбу суратларни wi-fi тўлқини орқали телефондан ташқаридаги роутерларга узатишади.

Албатта имтиҳондан бир кун олдин бинонинг барча бурчагида wi-fi тўлқинининг ишлаш сифати бир неча марта текширилади. Қисқаси имтиҳон бўладиган бино атрофида бутун бошли тармоқ ташкил қилинади. Ташқарида мутахассислар узатилган суратларни бир пасда компютер ва принтерлар орқали қоғозга туширишади ва ечиб берувчи иккинчи гуруҳ яъни ўқитувчиларга етказиб беришади. Саволлар зудлик билан ечилади ва телефон орқали аудиториялардаги клиентларга жавоблар етказиб берилади.

Бу усулда баъзи кичик деталларга эътибор талаб қилинади. Масалан абитуриент китобчани расмга туширишдан олдин унинг ҳар бир варағига ўз исмининг бош ҳарфларини қўйиб чиқиши керак бўлади. Акс ҳолда қайси китоб қайси абитуриентга тегишлилигини аниқлаш қийин бўлади. Бундан ташқари барча ҳолатларда клиент ўзи билан 100-200 долларга пул олиб киради ва шу пулга аудитория кузатувчиси сотиб олинади.

4. Чўпон усули:

"Чўпон" дегани мактаб ёки коллежни битириб ўқишга топшириш режаси бўлмаган йигит-қизлардир.

Бу усул 2000 йилда кашф қилинган бўлиб, йиллар давомида бир қанча ўзгартиришлар киритилди.

Университетга қабул бошланганда 10 тадан 20 тагача баъзида ундан ҳам кўпроқ "чўпон"лар ҳужжат топширишади. Дастлабки йилларда уларнинг вазифаси имтиҳон пайтида ўзларининг саволлар китобчасини хато жавобларга тўлдириб гуруҳдаги "клиент"ларнинг саволлар китобчасидаги асосий фанлар туширилган варақларини йиртиб олиб эртароқ ташқарига чиқиб кетишдан иборат бўлган.

Ташқарида махсус тайёрланган ўқитувчилар ушбу олиб чиқилган варақлардаги саволларни ечиб беришган ва тайёр жавоблар келишилган МХХ ходими томонидан ичкарига олиб кириб берилган.

2004 йиллардан бошлаб китобчаларни имтиҳон охирида текшириб олишадиган бўлишди ва кимнинг китоби йиртилган бўлса имтиҳондан четлаштириладиган бўлди. Бундан ташқари барча абитуриентлар имтиҳон тугагунча аудиториядан чиқарилмайдиган ва бир вақтда чиқариладиган бўлишди. Шу сабабли кейинчалик бу усул бироз ўзгарди ва эндиликда "Чўпон" "Клиент"нинг китобини йиртмасдан, балки фотоаппарат ёрдамида саволларни суратга тушириб, кейин фотоаппаратнинг ўзи эмас балки флешкасини олиб чиқадиган бўлди.

Имтиҳон ярмида аудиториядан чиқиб кетиш усули ҳам ўйлаб топилди яъни "Чўпон" ким биландир жанжал чиқаради ёки бошқа бир йўл билан тартибни бузади. Натижада кузатувчи томонидан ташқарига чиқариб юборилади.

Ташқарида чўпон олиб чиққан флешка компютерга уланиб, саволлар қоғозга чиқарилади ва тезда ўқитувчилар томонидан ечилади.

Саволларни етказиб бериш ҳам бироз ўзгартирилди. Баъзида олдингидек келишилган МХХ ходими томонидан ёки мобил телефонлар орқали "клиент"нинг мобил телефонига қўнғироқ қилиб, тайёр жавоблар ўқиб бериларди.

Энди фотоаппарат ва қўл телефонларини қандай қилиб аудиторияга олиб кириш масаласига келсак, бунинг ҳам бир қанча усуллари бор. Биринчи навбатда "чўпон" ва "клиент"ларнинг ўзлари қўл телефонлари ёки фотоаппаратни яшириб олиб киришга ҳаракат қилишади.

Лекин "страховка" сифатида имтиҳондан бир кун олдин "клиент"лар жойлашган аудиторияларга мобил телефонлар ва фотоаппарат олиб кирилиб яшириб қўйилади.

Одатда "клиент" ёки "чўпон" ўтирадиган парта рақами олдиндан аниқланади ва парта тагига скоч ёрдамида телефон ва фотоаппарат ёпиштириб қўйилади ёки аудитория поли паркет қилинган бўлса, "клиент" ўтирадиган жойдаги паркет пол очилиб ичига телефон яширилади.




3. Бункер усули:

Бу усулдан 2002 йилдан бошлаб фойдаланиб келинади ва ҳозирги кунгача энг самарали усуллардан бири ҳисобланади.

Бу усулдан фойдаланганда биринчи навбатда МХХ вакиллари Олий таълим муассасаси масъуллари билан келишган ҳолда иш қилинади.

Дастлаб барча "клиент"ларнинг рўйхати ва қайси гуруҳларга тушиши аниқланади. Имтихон куни эса олдиндан келишилган МХХ ходими бирма-бир гуруҳлардаги "клиент"ларнинг савол китобчаларини йиғиштириб чиқади. Албатта аудиториядаги бошқа абитуриентларда ортиқча шубҳа уйғотмаслик учун саволлар китобчасида қандайдир хатолик бор экан дейилади ёки шунга ўхшаш баҳона топилади.

МХХ ходимига саволлар китобчасини олиб чиқиши учун турли баҳоналарни олдиндан ўргатиб қўйилади. Баъзида бу баҳоналар бир-биридан ғаройиб бўлган.

Масалан, МХХ ходими гуруҳга киради ва гуруҳдаги "клиент"ларнинг исм фамилияларини ўқийди. Кейин уларга "сизларнинг исм-фамилияларингиз бошқа институтларда ўқийдиган талабалар рўйхатида, компютерда чиқиб турибди. Текширишмиз керак, мен билан юринглар" деб дўқ-пўписа билан олиб чиқиб кетади. Аслида у "клиент"лар ҳам олдиндан тайёрланган бўлиб, чиқишда ўзлари билан савол китобчаларини ҳам олиб кетишади.

Энди тестни ечиб берувчи "бункер"чиларга келсак – улар имтиҳон ўтказиладиган учта фаннинг энг кучли мутахассислари орасидан текшириб саралаб олинади. Одатда университет ўқитувчилари ёки тажрибали репититорлардан иборат бўлади. Улар имтиҳондан бир кун олдин тунда бинога олиб кирилади ва махсус хонага жойлаштирилиб, устларидан қулфлаб, печатлаб қўйилади. Улар ўзлари билан еб-ичишга озиқ овқатларни ҳам олиб келишади.

Асосий вазифа бир куни шу ерда тунаш ва ертаси куни бўладиган имтиҳонда нечта саволлар китобчаси олиб келиб берилса, шуларни тўғри ечиб беришдан иборат бўлади. Саволлар китобчаси ечиб бўлингандан кейин улар яна қайтадан гуруҳлардаги "клиент"ларга қайтариб берилади. Агарда "клиент" юқоридагидек гуруҳдан олиб чиқиб кетилган бўлса, ечилган китобча билан гуруҳга қайтиб олиб киритиб қўйилади. Бошқа абитуриентларга қараб, "Бу боланинг исми-шарифи биз қидирган талаба билан бир хил экан, тушунмовчилик бўлибди" деб қўйилади.



2. "Паровоз" усули:

Кўпчилик "Паровоз" усулининг десант усулидан фарқини тушунишмайди. Илк марта “Паровоз” атамасини 2000 йили муомалага киритилган.

"Паровоз" десантдан фарқли равишда қалбаки паспорт билан "клиент"нинг ўрнига имтиҳонга кирмайди. Балки ўз исм-фамилияси билан ҳужжат топшириб, имтиҳонга киради.

"Паровоз"- имтиҳон пайти ўз гуруҳидаги вагонлар яъни "клиент"ларга тестни ечиб бериб, ўз жавоб варақасини хато жавоблар билан тўлдириб, чиқиб кетувчи билимдон талабадир.

Маълумки, талабаларнинг мактаб аттестатлари ёки коллеж дипломлари университетнинг кадрлар бўлимида сақланади. Одатда қабул бошланиши билан "Паровоз" бўлувчи мазкур талабалар сессияларини тугатиб, кадрлар бўлимидан ўз аттестатлари ёки коллеж дипломларини олишади. Албатта кадрлар бўлими бошлиғи бу ҳужжатларни шундоқ бериб юбормайди, балки унинг ҳам ўзига яраша муомаласи қилинади.

Шундай қилиб ҳужжатлар жамланади ва талаба абитуриент сифатида ўзининг ҳақиқий ҳужжатларини топширади. Унинг вазифаси ўз гуруҳида жойлашган бир нечта вагонлар яъни клиентларга тестни ечиб беришдан иборат.

Бу усулда бир қанча ўзгаришлар бўлди. 2001 йили Давлат тест маркази республика бўйича барча талабаларнинг электрон маълумотномасини ярата бошлади. Бу эса ўзи талаба бўлиб "Паровоз" сифатида қайта ўқишга топширганларнинг кўпчилиги имтихон куни аудиториялардан чиқариб юборилишига сабаб бўлди.

Шундан кейин 2002 йилдан бошлаб фақат битирувчи курс талабалари ёки ўқишни бир-икки йил олдин тугатган билимдон йигит-қизлар "Паровоз" сифатида танлаб олинадиган бўлди. Чунки уларнинг исм-шарифлари ДТМ электрон базасидан чиқариб ташланган бўлади.

Бу усулда битта кичик муаммо олдиндан пули олинган клиент билан "Паровоз"нинг бир гуруҳга тушиш-тушмаслиги эди. Лекин "Паровоз"лар шу қадар кўп эдики, деярли ҳар бир гуруҳда топиларди.

2003 йилдан бошлаб эса вазият янада оғирлашди. Чунки энди абитуриентларнинг имтиҳон куни қайси гуруҳга тушиши уларнинг қайси йили мактаб ёки коллежни битиргаига қараб тақсимланадиган бўлди. Натижада барча ёши каттароқ абитуриентлар яъни "Паровоз"лар битта гуруҳга тўпланиб қоладиган бўлди. Бу эса барча ишни йўққа чиқариши мумкин эди. Шу сабабли ҳам мана шу йилдан бошлаб коллеж директорлари ёки туман таълим бошқармалари билан келишиб, шу йили бериладиган коллеж дипломларини сотиб ола бошланди.

Албатта бу дипломлар қалбаки эди. Баъзида ишини тоза қилмаган кичик гуруҳлар ушбу қалбаки дипломлар туфайли анча муаммоларга дуч келишган.
Ҳатто жиноий-жавобгарликка тортилган ҳолатлар ҳам бўлган.

Хуллас бу дипломлар "Паровоз" ва "вагон"ларнинг бир гуруҳга тушиш имконини берарди.

Баъзан қалбаки диплом олишнинг иложи бўлмай қолган вақтлари заҳира усулдан фойдаланилган. Бу усул "Паровоз" ва десант усулининг қўшилмасидан иборат. Унга кўра имтиҳон куни эрталаб абитуриентлар саф тортиб турганда "Паровоз" ўзининг эмас "клиент"нинг гуруҳига бориб сафда туради. Албатта "Паровоз"нинг ДТМ варағида кўрсатилган гуруҳ рақами олдиндан ўзгартириб қўйилади. "Клиент" эса имтиҳонга кирмайди. "Паровоз" ўзи билан "клиент"нинг паспорти ва ДТМ варағини яшириб олиб кириши керак. Чунки бино ичига киришда МХХ чиларга ўзининг ҳақиқий паспорти ва ДТМ қоғозини кўрсатиб киради. Аудиторияга кирганда эса ўз ҳужжатларини яшириб, клиент ҳужжатларини кўрсатади. Бу эса "Паровоз"дан уддабуронлик, аудиториядаги кузатувчилар билан тезда келишиб олишни талаб қилади. Шу усулда битта гуруҳга тушириш муаммоси ҳал қилинган.

1. Десант усули:

Бу усул 1998-2003 йилларда иш берган. Бу усулда "клиент" (ўқишга кирувчи абитуриент)нинг паспорти олинади. Кейин паспортнинг расм жойлашган варағи махсус усуллар билан очилади ва унинг расми десант яъни тестларни ечиб берувчи билимдон талабанинг расми билан алмаштирилади.

Десант расмга тушмайди, балки ўзининг ҳақиқий паспортидаги расмнинг сканер қилинган нусхаси "клиент-абитуриент"нинг паспортига жойлаштирилади. Шу йўл билан расм чеккасидаги мовий ранг юлдузчалар ҳам сақлаб қолинади. Қарабсизки қалбаки паспорт тайёр.

Бир вақтнинг ўзида ДТМ қоғозидаги расм ҳам десант расмига алмаштирилади ва расмга туширилган муҳр қўлбола усулда чизиб қўйилади. Бу ишлар жуда эҳтиёткорлик билан қилинади.

1998-2003 йилларда ДМТ қоғозида абитуриент расми оддий клей билан ёпиштириларди.

Хуллас, ушбу қалбаки ҳужжатлар билан десант "клиент" ўрнига имтиҳонга киради. Десантнинг вазифаси фақат ўрнига кирган абитуриентнинг тестини ечишдан иборат эмас, балки бир вақтнинг ўзида битта гуруҳга жойлашган 3 та ёки 4 тагача "клиент"га ечиб бериши лозим бўлади.

Бу усулда битта таваккалчилик бор. Имтихон бўладиган аудиторияга кирганда кузатувчилар абитуриентларни битталаб чақириб, уларнинг исм- фамилияси ёзилган ва расми ёпиштирилган маълумотномага ўхшаш қоғоз тарқатишади. Одатда кузатувчилар қўлларидаги маълумотномадаги расм ва уни олишга келган десантнинг бошқа-бошқа одамлар эканлигига эътибор ҳам беришмайди.

Лекин ҳар эҳтимолга қарши ичкарига киришда десантга 100-200 долларча пул бериб қўйилади.

Кейинчалик 2002 йилдан бошлаб чиқарилган паспортларда расм туширилган варағидаги плёнка анча юпқа бўлиб чиқа бошлади. Натижада паспортлардаги расмларни алмаштириб қўйишнинг имкони бўлмай қолди.

Тест синовлари пайти қўлланиладиган ушбу 7 та усул Озодлик почтасига Анвар исмли муштарийдан келган "Имтиҳон сирлари" сарлавҳали мактубда тилга олинган.

Twitterдаги фикрлардан:





16 июл: "Порахўр домлалар"

"Абитуриент кундалиги"га келаётган шарҳларнинг аксарида олийгоҳлар домлаларининг порахўрлигидан шикоят қилиниб, уларнинг жазодан қочиб қутилаётгани ҳақида гап боради.

Айни пайтда Озодликка маълум бўлган бир неча ҳолатлар борки, унда айрим домлаларнинг пора учун қамалгани ҳам айтилади.

Қуйида ушбу ҳолатларни келтирамиз:

Ўтган йили Бухорода 35 кишидан иборат гуруҳ абитуриентларни ўқишга киритиш эвазига пора олганликда айбланиб¸ суд ҳукми билан узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

“Инсон ва қонун” газетасига кўра, мазкур гуруҳ аъзолари Бухоро Давлат Тиббиёт институти ва Бухоро Юқори технологиялар муҳандислик-техника институтига ўқишга киритиш ваъдаси билан 79 нафар абитуриентдан 2000 доллардан 8000 долларгача пора олган. Газета ёзишича, ушбу гуруҳ жами 45,2 минг АҚШ доллари сарфлаб, Wi-Fi радиосигналли антенналар, компютерлар ва мобил телефонлар сотиб олган. Улар орқали тест имтиҳонлари пайти пора олинган абитуриентлар билан алоқа ўрнатилган.

Бухоро вилоят судининг ходимига кўра, гуруҳ аъзолари ушбу техника ёрдамидан бир неча йил мобайнида тест имтиҳонлари пайти фойдаланиб келган.

Бухоро Юқори технологиялар муҳандислик- техника институтининг ўзини таништирмаган ходимига кўра, мазкур институтдан 19 талаба айни гуруҳ ёрдамида ўқишга киргани аниқланиб, ўқишдан ҳайдалган.

Ўтган йили мамлакатдаги яна иккита олийгоҳнинг беш нафар домласи порахўрликда гумонланиб, қўлга олинди.

10 июл куни Тошкент Ирригация ва мелиорация институтининг Сув хўжалиги иқтисодиётини бошқариш факултети декани Насриддин Шамситдинов ва ўқув бўлими инспектори Фарангиз Ризаева олийгоҳга киритиб қўйиш ваъдаси билан 6000 АҚШ доллари миқдорида пора олаётган пайти ушлангани хабар қилинди.

Ўтган йил бошида Гулистон Давлат университетининг ҳам икки нафар ўқитувчиси ҳам пора билан ушланган, яна бир ўқитувчи пора олганлик айби билан ишдан бўшатилган эди.

2 июл куни Тошкент Давлат Юридик институтини 12 йил давомида бошқарган профессор Мирзаюсуф Рустамбоев ректорлик лавозимидан бўшатилди.

Рустамбоевнинг ҳам айни қабул жараёни кетаётган пайтда ишдан кетишига “институтда авж олган коррупцияга алоқадорлиги” сабаб бўлиши мумкинлиги тахмин қилинди.

Бу ўтган йил давомида фақат Озодликка маълум бўлган ҳолатлар холос. Балки аслида бу каби ҳолатлар кўп бўлиши ҳам мумкин.











"Абитуриент кундалиги"га тошкентлик Малик йўллаган шарҳ:

Шарҳ таҳрирсиз эълон қилинаяпти:

"Ўтган йили, Тошкент Ирригация институтининг Сув факултет декани Н.Шамситдинов ва ўқув бўлими инспектори Ф.Ризаевалар, болаликдан НОГИРОН абитуриентдан шу олийгоҳга киритиб қўйиш ваъдаси билан 6 000 $ пора олаётган пайти ушланган эди.

Ногирон болани калласи яхши ишлар эди,тестларни аъло топширган эди, лекин институтни котталари ўша ногиронни еқитиб, ўқишга киргизишмади.

Қўлга тушган домлалар эса, биринчи амнистия билан озодликка чиқишди. Халиги ногиронга, қамалган домлаларни одамлари жуда котта тахдид қилишди.

Мана Ўзбекистондаги адолат. Оддий халқ додини кимга айтсин?"
дея шарҳ йўллади тошкентлик Малик.

Twitterдаги фикрлардан:

16 июл: "Абитуриент кундалиги"га ўзини бухоролик деб таништирган муштарийдан келган шарҳ:

Шарҳ таҳрирсиз эълон қилинаяпти:

"Ошнам айтиб колди, БДУ Деканга 3000$ бердим, болам гарантияли бюджетга киради, Сани хам фарзандингни гаплашайми? Ман айтдим, узи билимли фарзандим. У кулди, Ректорский, СНБскийлардан буш жой колса киради, бюджетга боланг. Айникса, Инглиз тили, Математика сингари булимларга бюджет уринлари 100% банд, уларга топширтирма, деди. Ошнам хакми? Ишонмай десам, утган йили хам шу гап булганди, фарзанди бюджетда укиб юрибди, билими эса зурга контрактка тортишини билардим", деб ёзади бухоролик муштарий.












15 июл: Тошкент тўқимачилик институтидаги машмашалар

Тошкент тўқимачилик институтининг қабул комиссиясида жорий йилда бўлаётган машмашалар борасида Озодликнинг электрон почтасига бир мактуб келди.

Озодлик таҳририяти ушбу мактубда келтирилган исм-фамилияларни эълон қилишни маъқул топмади.

"Мен ушбу мактубни ота-оналар номидан ёзмоқдаман. Берган барча маълумотларим аниқ, лекин хавфсизлигимни таъминлаш нуқтаи назаридан исми шарифимни сир тутаман. Лозим топсангиз эфирга беринг, бўлмаса бошқа жойларга қилинган мурожаатдек сувга тушган тош каби йўқолиб кетаверсин.

Менинг фарзандим 3 йилдан буён “Автоматлаштириш” йўналишига ҳужжат топширади. Шу соҳага қизиққани ва ўртоқлари шу ерда таҳсил олаётганлиги сабабли фақат шу ерда ўқийман дейди. Лекин бу ердаги ректор Қ. Ж... бошчилигида гуруҳ ўзларига тегишли бўлган абитуриентларни ўқишга киритиш учун барча имкониятларни эгаллаб олган.

Фарзандим коллежда рус гуруҳида таълим олган, лекин таълим тили рус бўлган йўналишга ҳужжат топширолмайди сабаби, ректор суҳбат қилиши керак эмиш. (Майли эди ректор рус тилини сал тузукроқ билса ҳам).

Бу ерда шундай схема ташкил этилганки, махсус гуруҳ тузилган, қабул бўйича масъуллар йиллар давомида гурух аъзоларидан алмашиб тайинланиб келинади. А. И, С. М, Х.Т.лар ректорнинг чизган чизиғи бўйича ҳаракат қилади.

Рус гуруҳларида сунъий равишда ҳужжатлар кам қабул қилиш учун турли хил тўсиқлар ташкил қилинган. Масалан, ректор ёки масъул котиб талабани қай даражада рус тилини билишини текшириши керак. Ваҳоланки, бундай суҳбат қилиш қонунга ҳилоф, мансабни суистеъмол қилиш, абитуриентнинг ҳуқуқини поймол қилиш.

Натижада рус гуруҳида ректорга тегишли абитуриентларнинг ҳужжати қабул қилинади. Гуруҳ кичкина бўлади ва бу гуруҳга абитуриентнинг тестларини ечиб бериш учун махсус тайёрланган “абитуриентлар”ни, яъни “паравозлар”ни жойлаштириш, тушуриш қулай бўлади. Бунда ректорнинг гумашталари, ишончли вакиллари Н. С, Ғ. Ж, М. Р... ёрдамга келади.

Улар “паравозлар”ни ишчи ҳолатга келтириб, хужжатларини топширтириб қўядилар. Қарабсизки билими бор абитуриент ўрнига, хатто исмини ёза олмайдиган, рус тилида бирор иборани билмайдиган талаба 1 сентябрдан институт аудиторияларини тўлдириб ўтиради. Бунинг исботи сифатида ихтиёрий таълим тили рус тили бўлган гуруҳларни кириб кўринг, деярли 80-90 фоизи рус тилида гаплаша олмайди.

Сизда ҳақли савол туғилади, бу ҳолатдан юқори ташкилот, ҳуқуқ-тартибот органлари ёки мутасадди ташкилотлар хабардор эмасми? Хабардор албатта. Балки шерикдир, улар ҳам кимнидир ўқишга киритиши керакдир. Яна билмадим, ноҳақ бировни айблаш гуноҳ бўлади.

Бу нафақат жиғилдонни тўлдириш, балки давлатга қилинган хиёнат. Балки ўйлаб қилинаётгандир. Давлатнинг келажагини йўқ қилиш учун саводсиз кадрларни тайёрлашга бел боғлангандир. Бу кимнингдир буюртмасидир балки.

Нима бўлганда ҳам фарзандимнинг умиди ҳали узилгани йўқ. Сизга ижодий парвоз тилаб Абитурентлар номидан",
дейилади 3 йилдан буён фарзандини Тўқимачилик институтига ўқишга кирита олмаётган шахс мактубида.






15 июл: "Абитуриент кундалиги"га келган шарҳ: Шарҳ эгаси ўзини собиқ "Паравоз" деб таништирган.

Шарҳ таҳрирсиз эълон қилинаяпти:

"Мен ўзим университетга топширяпганимда ва икки йил Политехника институтига икки болани олиб кирганман. Иккаласи ҳам бюджетга кирган.

Ўзим киряпганимда хужжатлар қабул қиладиган бир домла бир икки саволлар бериб мени синаб кўрди. Кейин имтихонга икки кун қолганда қандай тўлдириш кераклиги ҳақида консультацияга бордим. Консультациядан сўнг домла мени алоҳида хонага олиб кириб ёнимда ўтирадиган бола билан таништирди...

Иккинчи курсни битирганимда ётоқхонадаги курсдошларим 400 долларга "паравоз" бўлиш таклифини билдирди. Шу пайтлар стипендиям 18минг сўм эди. Мен рози бўлдим. Сессия имтихонлари битгандан сўнг бизга алоҳида обшакдан жой ажратти. Икки уч кундан сўнг менга ўзимга ўхшаган абитюрент чиққанлиги ҳақида "хушхабар" айтишди.

1чи августга 10 кун қолганда бизга бир квартира беришди. Квартирада 5 киши эдик. Хар куни эрталабдан кечгача фақат ётиб олиб тайёрланар эдик. 31 июль куни бизга абитюрентнинг ДТМ ва паспортини олиб келишди. 1 чи августда тестдан ўтдик. Ҳаммаси кўнгилдагидек ўтди. Бир қизиқ воқеа халигача эсимдан чиқмайди. Ҳаммамиз кириб ўтиргандан кейин бирма бир фамилияни айтиб ким бор ким йўқлигини текширяпган пайтда мен "ўзимнинг" фамилиям эсимдан чиқиб кетиб, сал қолган тутилиб қолишимга.

Кейинчалик билсам бундай иш билан асосан университетда аспирант бўлиб ишлайдиган домлалар ва кўпчилик ўғил ва қиз талабалар ишлар экан. Хозиргача ёшлик қилиб қўйган ишимдан виждоним қийналади. Сабаби бир оддий камбағалнинг ақилли боласи ўқиши керак бўлган жойга бир бойнинг хумкалла боласини ўқишга киритиб қўйдим.

Давлат ташкилотида ўтирадиганлардан бундайларни йўқ қилиш учун биометрикадан фойдаланишини таклиф қиламан",
дейди собиқ "Паравоз".


15 июл: Twitterдаги фикрлардан:










12 июл: “Калла” абитуриентни ўқишга киритса, 6000 доллар олади

Тошкент Давлат Иқтисодиёт университетида икки йил давомида абитуриентларнинг ўқишга киришига кўмаклашиб, пул ишлаган собиқ талаба телефон орқали Озодликка ўз ҳикоясини сўзлаб берди.

Исмини ошкор қилмаётганимиз бу йигитнинг айтишича, у тест имтиҳонлари пайти “Калла” бўлган.

- “Калла” кимлигини ҳозир билиб оласиз. Бирор олий ўқув юртининг домласи - уни “Танка” деб атаймиз. “Танка” ҳар йили тест имтиҳонлари олдидан аълочи талабалардан битта гуруҳ тузади. Бу гуруҳга бошқа институтлардаги аълочи талабалар ҳам жалб қилинади. Ўша гуруҳдаги талаба “Калла” бўлади. Уларга маълум суммада пул таклиф қилинади. Ўзаро келишилади. Июн ойида ўқиш тугагач, “Калла” талаба “Танка”нинг уйида яшайди. “Танка” турар-жой, квартира ва еб-ичиш билан таъминлайди. Агар “Калла” ўз билимига ишонса, “Танка”га шарт ҳам қўйиши мумкин. Нарх ва шароитлар бўйича. “Калла” 1 августгача тест синовларига тайёрланади. Одатда, “Калла” ўқишга ўз кучи билан кирган, аълочи талабалардан иборат бўлади.

“Калла” имтиҳонга тайёрланаётган пайтда “Танка” унга бошқа бировнинг паспортини олиб келиб беради. Бу одам ўша олийгоҳга ҳужжат топшириб, ДТМ варағини олган бўлиши керак. Энг асосийси, бу одам “Калла”га ўхшаб кетадиган бўлиши керак. У ўзи институтга кирмоқчи эмас. Лекин унинг паспорти билан ДТМ қоғози “Калла”нинг тест бўладиган аудиторияга кириши учун зарур.

Тест куни 1-постда милиция, 2-постда МХХ, баъзи ҳолларда 2 та постда ҳам МХХ ходимлари туради. Имтиҳондан 2-3 кун олдин ўша эшикнинг олдида турадиган МХХ ходимларидан бир неча киши одам камроқ бўлган бирор кафега боришади. Ўша жойда мххчилар “Калла”лар билан учрашиб, келишиб олишади. Битта парол танлаб олинади. Масалан, қизил ручка. Ҳамма “Калла”лар кўк кўйлакда келади ва кўйлакнинг чўнтагига қизил ручкани солиб қўяди. Ёки ручка қўлида турган бўлиши керак.

“Калла”га ўхшаган одамнинг паспорти нима учун керак? Чунки барча МХХ ходимлари билан ҳам келишилмаган. Масалан 10 та МХХ ходими бўлса, шундан 3- 4 таси билан келишилган. Ўша келишилмаган МХХ ходими паспортларни текширган пайти керак бўлади.

“Калла” ҳам барча кирган аудиторияга киради. Қабул комиссиясида ҳужжат қабул қилувчилар орасида ҳам сизнинг одамингиз бўлади. Ўша одам “Калла”ларнинг ҳаммасини битта хонага туширадиган қилади. Хонага киргандан бошлаб, дарров тестни ечишга бошлайсиз. Тушунтириш, инструкция ҳақидаги гапларини эшитиб ҳам ўтирмайсиз. Вақт кетади. Кейин ҳаммасини биласиз. Дарров тестларни ечасиз. Мен математика, инглиз тили, она-тили ва адабиётдан тест ечганман. “Калла” учта фандан ҳам тест ечади. Одатда битта эмас, иккита тест ечади.

“Калла”чилар гуруҳида 5-6 талаба бўлади. Шуни ҳисобига “Танка” битта сезонда 10-12 абитуриентни ўқишга киргизади.

10 август куни тест натижалари чиқади. Бориб кўрганингиздан кейин "Танка"нинг олдига борасиз. “Танка” сизга келишилган пулни беради. Масалан ўтган йили Тошкент Давлат Иқтисодиёт университети ва Молия институтида битта “Калла”нинг нархи 5-6 минг АҚШ доллари бўлган, деди суҳбатдошимиз собиқ “Калла”.












11 июл: WhatsApp орқали келган хабар: "Бункерчи ҳар мавсумда битта Lacetti минаяпти”

“Айрим институтларнинг 30-40 фоиз талабалари ноқонуний йўллар билан ўқишга кирган. Бу ҳол ҳар йили такрорлади. Бунга ўзим кўп бора гувоҳ бўлганман. Ҳозир Ўзбекистонда “Бункер”чилар мода бўлган. “Бункер” нималигини айримлар билмаслиги мумкин. “Бункер”чи тест синовларида бир абитуриентнинг ўрнига кириб, тест топшириб чиқади. “Бункер”чи ўша абитуриентни ўқишга кирита олса, яхшигина соққасини олади. “Бункер”чи ҳар сезонда битта Lacetti га етадиган пул ишлаяпти. Институт мутасаддилари қаерга қараяпти. Шу йўл орқали ўқишга кирганлар, эртага дипломни олгач қаерда ишлайди? Улардан малакали мутахасис чиқмайди. Бу каби талабалар дастидан чинакам ўқийдиган илмли талаба бир чеккада қолиб кетаяпти. Қачон бунақа кўз бўямачиликка чек қўйилади”, дея савол ташлади WhatsApp орқали исмини очиқламаётганимиз талаба йигит.

Бункер бўйича хабарга келган шарҳ. Шарҳ эгаси ўзини Бункерчининг жўраси деб атаган.

Шарҳ таҳрирсиз эълон қилинаяпти:

"Mening Bilimi judayam kuchli bir tanishim bor. Oldiniga bitta bitta bola kiritib yurdi. 2-3 yildan so'ng unga kattaroq guruhga qo'shilishni taklif qilishdi.

Toshkent Yuridik Instituti da bitta "alohida guruh"ni 2-3 kishi bo'lib "kirgizadigan" bo'lishdi.

HAqiqatdan ham tanishim birinchi yil Lacetti, ikkinchi yil 2 ta Kvartira(toshkentdan), uchinchi- to'rtinchi- beshinchi yilga borib KATTA hovli sotib oldi.

Ayni kunda Lacetti emas, CAPTIVA minib yuribdi.

Tanishimning aytishiga qaraganda "MILLIY XAVFSIZLIK XIZMATI" ni "katta"si turibdi ekan bu ishlarni boshida.

Bitta "guruh" albatta kirarkan o'qishga. Bir kun oldin "X" variant chiqarkan. Chiqmagan savollarni esa tanishim va 2 ta sherigi javoblantirarkan.

Xullas 3 kishi 27 ta "dumbul" ni o'qishga kiritishga harakat qilsiharkan har yili.

Kamida 20 ta "dumbul" o'qishga kirarkan.

Bularning ichida 200.000 DOLLARgacha to'laganlari ham bor ekan. (ikki yuz ming dollar).... Katta pul...

Qandini ursin "bunkerchilar"... 3-4 ta jiyan, tog'ani bolalari... 10 yildan beri "yurist" bo'laman deb yugura yugura Qozig'ini Rossiyadan topishdi...

Yashasin dumbullar.... va ularning sahovatpesha ota-onalari....

Va poraxo'r muttaham Organ xizmatchilari....", дея шарҳ йўллади бир муштарий.













Бункерчи борасида бошқа бир шарҳ. Бу муштарий ўзини таништирмаган.

Шарҳ таҳрирсиз эълон қилинаяпти:

"Сиз айтган нарсани "ПАРАВОЗ" дийдилар. Битта паравоз келишув асосида 3-4 та қовоқбош абитуриентни тест топшириқларини ечиб беради ва бунинг учун каттагина мукофот олади.

"БУНКЕР" институт ректори томонидан ташкил қилинади. Тест синовлари ўтказилиши маълум бўлган бинонинг четроқдаги хоналаридан бирига (кўпинча подвалидаги хоналарнинг бирига) тест бўладиган фанлар бўйича энг яхши билимга эга бўлган ўқитувчи ва профессорларни йиғиб, устиларидан қулфлаб, муҳрлаб қўйишади. Бу тест синовлари ўтказилишидан олдин эрта наҳорда ёки тунда амалга оширилади.

Тест синовлари бошлангандан сўнг эса институт масуллари "гаплашилган" абитуриентларнинг саволлар китобчаси турли баҳоналар билан (кўпинча "хатоликлар бор экан, алмаштириб олиб келиб берамиз" деб олиб чиқиб кетишади ва бу китобчаларни бункердаги мутахассисларга олиб бориб, барча фанлардан тўғри жавобларини белгилатиб, қайтариб абитуриентнинг қўлига олиб келиб беришади
", дея ёзди ўзини таништирмаган муштарий.



11 июл: Жорий йилда Ўзбекистонда талабалар учун давлат грантлари миқдори қисқарди. Жумладан, бакалавриат бўйича давлат грантлари 2013-2014 ўқув йилида 220 тага, магистратура йўналиши бўйича эса 18 тага камайди.

Бу жорий йилда бакалавр йўналиши бўйича 19 минг 120 талаба, магистратура йўналиши бўйича 1 минг 548 талаба давлат грантлари асосида ўқишга қабул қилинишини англатади.

**** **** **** **** **** **** ***

11 Июл: Тестлардан 3 кун олдин гуруҳлар бўйича абитуриентларнинг рўйхати эълон қилинади.

Ўтган йили Ўзбекистон олийгоҳларидаги бир ўринга ўртача етти киши даъвогарлик қилганди. Энг катта танлов Тошкент тиббиёт академиясининг Фарғона филиалида қайд этилган. Бу олийгоҳда бир ўринга 20 дан зиёд абитуриент даъвогарлик қилган.


**** **** **** **** **** **** ****


10 июл: "Низомий Педагогика университетидаги майнавозчилик"

Odnoklassniki тармоғи орқали келган хабар:

"Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида майнавозчилик содир этилаяпти. Қабул комиссияси ҳар куни атиги 5-6 абитуриентнинг ҳужжатини олаяпти. Бошқаларни эса ҳужжатларидан арзимаган камчилик топиб қайтариб юбораяпти. Коллеж дипломи ва 0,86 тиббий маълумотномалардан арзимаган камчиликларни айтиб, абитуриентларни 4-5 марта сарсон қилаяпти.
Маслаҳатчилар ҳужжатларнинг ҳар бир ҳарфига гап топиб, қайтариб юбораяпти.

Қабул комиссияси эса бемалол чой ичиб, кулишиб ўтирибди. Бир нарса сўрайман десангиз, қўполлик билан ҳайдаб юборишади. Хатолар ва камчиликларни тўғрилаб келишса, яна бошқа бирор хато топиб қайтариб юбораяпти. Абитуриентлар сарсон бўлаяпти", дея хабар йўллади Odnoklassniki орқали Музаффар Ибрагимов.













10 июл:
Бугунга қадар Ўзбекистон олий ўқув юртларига 93 495 абитуриент ҳужжат топширди.

Бу ҳақда хабар қилган Uz24.uz сайти маълумотига кўра, мамлакат бўйича энг кўп ҳужжат Термиз давлат университетида қабул қилинган. Бу олийгоҳга 7316 та абитуриент ҳужжат топширган.

Пойтахтда энг кўп ҳужжат қабул қилган олийгоҳ Тошкент давлат педагогика университети бўлиб, бу ерга 3198 абитуриент ҳужжат топширган.

Тошкент кимё-технология институтининг Қўнғирот филиали эса мамлакат бўйича энг кам ҳужжат қабул қилинган олийгоҳ бўлиб, бу ерга атиги 36 та ҳужжат топширилган.

****** ***** ****** *****

10 июл: Ҳозир Ўзбекистонда 77 та университет мавжуд бўлиб, улардан 33 таси Тошкентда, 7 таси Самарқандда жойлашган. Фарғона ва Қорақалпоғистонда 5 тадан, Андижон ва Бухорода 4 тадан олийгоҳ бор. Қашкадарё, Навоий, Наманган, Хоразм ва Тошкент вилоятида 3 тандан олий талълим даргоҳи жойлашган. Жиззах вилоятида 2 та институт бор. Шунингдек, Термиз ва Гулистон шаҳарларида биттадан олийгоҳлар бор.

Улардаги 63 минг ўрин учун қарийб ярим миллион ўзбекистонлик абитуриент даъвогарлик қилмоқда.

***** **** **** **** ****

10 июл: Ўзбекистондаги хорижий олийгоҳларининг филиалларига қабул алоҳида амалга оширилади.

Булар Халқаро Вестминстер Университети, Ломоносов номидаги Москва Давлат университети, Губкин номидаги Россия Нефт ва Газ Институти, Плеханов номидаги Россия Иқтисод университети, Сингапур Бошқарув Институтининг Тошкентдаги филиалларидир.












9 июл. Шаҳрисабзлик абитуриент йигитнинг WhatsApp орқали йўллаган хабари:

“Биометрик паспортсиз абитуриентларнинг ҳужжатлари қабул қилинмайди деган гап-сўзлар чиққач, кўпчилик янги паспорт учун ҳужжат топширганди. Шаҳрисабздаги паспорт столга биометрик паспорт учун ҳужжат топширганимга бир ойдан ошди. Лекин биометрик паспортдан ҳали ҳам дарак йўқ. Абитуриентлар паспортсиз ҳужжат топшира олмай ҳалак бўлаяпти. Энди эса биометрик паспорт тайёр бўлмагани учун, эски паспортни қайтариб олишга мажбур бўлаяпмиз. Паспорт столда ишловчиларнинг айтишича, биометрик паспорт учун қилинган тўловни паспортимизни қайтариб олганимиз учун қайтадан тўлашимиз керак экан”, дея хабар йўллади шаҳрисабзлик абитуриент йигит.

Шунингдек, шаҳрисабзлик йигит паспорт столидаги навбат акс этган ушбу суратни ҳам Озодликка йўллади.



9 июл. Twitterдаги хабарлардан:
9 июл. Тошкент шаҳридаги академик лицейлар вилоятларда ўқиган мактаб ўқувчиларини қабул қилмаяпти. Лицей мутасаддиларига кўра, бу борада махсус буйруқ бўлиб, пойтахт лицейлари фақат тошкентлик ўқувчиларни қабул қилиши шарт.

Мамлакат бўйича жами 143 та академик лицей бўлиб, шундан 41 таси Тошкент шаҳрида жойлашган.

Ҳозирда пойтахт лицейлари мамлакат вилоятларидан келган ўқувчиларни қабул қилмаяпти.

Тафсилотлар билан Озодликнинг Тошкент лицейлари қишлоқ ўқувчиларини қабул қилмайди мақоласида танишасиз.













8 июл: Twitterдаги фикрлардан: 8 июл.WhatsApp орқали келган хабар:

"Ўқишга топшириладиган ҳужжатлар тўплами скоросшивателга солинади. Ҳозирги пайтда скоросшивател салқин ичмликлардан сўнг энг кўп сотилаётган маҳсулотга айланди. Айримлар ноқонуний йўл билан бўлса ҳам скоросшивател савдоси билан шуғулланяпти. Нархи ҳам анча қиммат. Ҳар бир олийгоҳ олдида скоросшивател сотадиган олибсотарлар пайдо бўлган. Уларнинг “бизнеси” шу кунларда анча гуллаб-яшнаяпти”, дея хабар йўллаган WhatsAppдаги манбамиз сурат ҳам илова қилди.




8 июл. Абитуриентлардан 20 июлга қадар ҳужжат қабул қилинади.

Қабул комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни топшириш лозим:

1. Таълим муассасаси ректори номига ариза.

2. Ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тўғрисидаги ҳужжатнинг асл нусхаси.

3. Паспорт нусхаси. (Албатта паспортнинг асл нусхаси ҳам)

4. 086/У шаклидаги тиббий маълумотнома.

5. 3,5 х 4,5 см ўлчамдаги 6 та фотосурат.

6. Абитуриентнинг танловда қатнашмасдан ўқишга кириш ҳуқуқини тасдиқловчи халқаро ва республика олимпиадалари, танловлар ва мусобақалар ғолиби ҳужжатининг асл нусхаси.

7. Абитуриент муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ҳарбий қисмдан ўқишга тавсиянома.

8. Жисмоний тарбия институтига кирмоқчи бўлган абитуриентлар, юқоридаги ҳужжатлардан ташқари, спорт малакасини тасдиқловчи ҳужжат (спорт разряди дафтарчаси) ва 8 та фотосуратни (махсус спорт кўриги учун) топширади.










8 июл. 2013 йил: 20 июн куни Ўзбекистон олий ўқув юртлари абитуриентлардан ҳужжат қабул қилишни бошлади.

“2013-2014 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида”ги ҳужжатга кўра, янги ўқув йилида бакалавриатга 56 607 талаба қабул қилинади. Шундан бюджет ўринларининг сони 19 120 та ва тўлов-контракт асосидаги ўринлари эса 37 487 тани ташкил этади.

Магистратурага 6300 минг талаба қабул қилинади, уларнинг 1 548 таси давлат грантлари бўйича ва 4 752 талаба эса тўлов-контракт асосида қабул қилинади.


XS
SM
MD
LG