Ўзбекистонда “Вояга етмаганларни уларнинг жисмоний ва маънавий ривожланишига салбий таъсир этувчи ахборотлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу маълумотни Озодликка тасдиқлаган Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги расмийси қонун лойиҳаси парламент муҳокамасига киритилишдан аввал жамоат ташкилотлари билан муҳокама қилиниши ва улар таклифлари инобатга олинишини таъкидлади.
“Вояга етмаганларни уларнинг жисмоний ва маънавий ривожланишига салбий таъсир этувчи ахборотлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бошчилигида ишлаб чиқилди.
Бу ҳақда маълум қилган агентлик директори Омонулло Юнусов қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда бошқа давлат идоралари ва жамоатчилик ташкилотлари ҳам иштирок этганини таъкидлади.
Матбуот ва ахборот агентлиги ОАВ ва нашриётлар билан ишлаш бошқармаси раҳбари Ҳошим Муродов Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда қонун лойиҳаси ҳозирда вилоятларда “кенг жамоатчилик билан муҳокама қилинмоқда”, дея таъкидлади.
“Унда бадий ва тарихий аҳамиятга эга ахборот маҳсулотлари муомаласи қандай бўлиши керак, ёшларимизга қандай маълумотларни кўпроқ беришимиз керак, улар дунёдаги энг илғор ахборотларни олиши учун қандай имкониятлар яратишимиз керак, буларнинг ҳаммаси кўзда тутилган. Асосий мақсад ёшларимиз учун маърифий ахборотларни кўпайтириш”, деди агентлик вакили.
“Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда Европа давлатларининг вояга етмаганларни жисмоний ва маънавий ривожланишига салбий таъсир этувчи ахборотлардан ҳимоя қилишга доир тажрибаси ҳам ўрганилди”, деди суҳбатдошимиз.
Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги расмийсининг айтишича, 38 банддан иборат қонун лойиҳасида ўзбекистонлик болаларнинг “соғлиғи ва хавфсизлигига салбий таъсир қилувчи ахборотлар таснифи ҳам берилган”. Унинг айтишича, мазкур қонун лойиҳасига эҳтиёж ахборот ва коммуникация технологиялари, хусусан Интернетнинг ривожланиши ёшлар тарбиясига салбий таъсир ўтказа бошлагани билан шартланган.
“Масалан, Европада ҳам бор, бизда ҳам бор: ҳар хил олди-қочди жанггари филмлар бор. Уларни ёшларга бериш керакми, йўқми? Ўзиз биласиз, бизда ҳозир Интернет очиқ. Ёш йигит-қизларимиз бундай маҳсулотларни олиб кўради, бизда шарқона тарбия, деган нарса бор, маданият деган нарса бор. Бизга тўғри келмайди”, дея таъкидлади суҳбатдошимиз.
Қонун лойиҳасида уни қандай амалга тадбиқ қилиш, жумладан ёшларни салбий ахборотдан ҳимоя қилиш учун олиб бориладиган чора тадбирлар, чеклов ёки жазо чоралари кўзда тутилганми, деган саволимиз лойиҳа ҳали муҳокамада бўлгани важидан жавобсиз қолдирилди.
Ўзбекистон Жиноят Кодексига мувофиқ порнографик ва зўравонликни тарғиб этувчи маҳсулотларни тайёрлаш ва тарқатиш 3 йилдан 5 йилгача қамоқ билан жазоланиши мумкин.
Ёшларни салбий ахборотдан ҳимоя қилишга доир қонун лойиҳаси тўғрисидаги хабар пайдо бўлган айни кунларда Ўзбекистон расмий телевидениеси ва матбуотида ҳам ёшларни Интернетдаги салбий ахборотлардан ҳимоя қилишга қаратилган кампания кетаётганини кузатиш мумкин. Хусусан, Яқин Шарқ давлатларида рўй бераётган норозиликларда ёшларнинг иштирок этаётгани ва бу жараёнда Интернет, ижтимоий тармоқлар катта рол ўйнаётганига эътибор қаратилиб, “Интернетдан келаётган таҳдид” қабилидаги ҳужжатли фильм ва мақолалар тайёрланмоқда.
Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги расмийси Ҳошим Муродов Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатда, янги қонун лойиҳасининг ишлаб чиқилиши сабаблари "Араб баҳори" воқеалари билан боғлиқ эмаслиги ва унда фуқароларнинг ахборот олиш эркинлиги кафолатларига доир мамлакат қонунчилигига амал қилиниши алоҳида кўрсатилган, дея таъкидлади.
“Хавфсизликни таъминлаш билан биргаликда, ёшларимизнинг маълумот олиш имкониятларини чекламаслигимиз керак”, деди суҳбатдошимиз.