Тўрт ой муқаддам бедарак йўқолган Хатлон вилоят Ўзбеклар жамияти раиси Салим Шамсиддиновга ўхшаган кишининг жасади Ўзбекистон ҳудудида Амударёдан топилди.
Бу ҳақда Хатлон вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Анвар Тағоймуродов 18 июл куни ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
Тағоймуродовга кўра, 15 кун аввал Тожикистон Ички ишлар вазирлигига Ўзбекистондан Салим Шамсиддиновга ўхшаган одам жасади топилгани тўғрисида маълумот келиб тушган.
Хатлон милицияси раҳбарининг таъкидлашича, Ўзбекистондан келган хабарномада жасад Сурхондарё вилоятидаги Амузанг каналидан апрел ойидаёқ топилгани айтилган.
Тағоймуродов ўзбекистонлик ҳамкасблари жасаднинг қиёфасини, шу жумладан, тишлари, сочлари тузилишини баён қилганларини ва бу Салим Шамсиддинов қиёфасига ўхшаётганини қайд этди. Милиция мулозими “дастлабки маълумотларга кўра, жасадда қатл аломатлари йўқ”лигини ҳам таъкидлади.
Айни пайтда Хатлон вилоят Ички ишлар бошқармасининг жиноят-қидирув бўлими бошлиғининг ўринбосари Жамшед Нозимов Озодликнинг тожик хизматига жасадни кўздан кечириш учун Ўзбекистонга Салим Шамсиддиновнинг қариндошлари боришини маълум қилган.
Нозимовга кўра, ҳозирда Хатлон вилоят ИИБ Шамсиддинов қариндошларининг Ўзбекистонга сафари учун зарур бўлган ҳужжатларни тайёрламоқда.
Эслатиб ўтамиз, Хатлон вилоят Ўзбеклар жамиятининг 58 ёшли раиси Салим Шамсиддинов шу йилнинг 15 март куни йўқолиб қолганди.
Шамсиддиновнинг яқинлари уни ўша куни эрталаб соат 6.30 да бадантарбия қилиш учун уйдан чиқиб кетганидан кейин бошқа кўрмаганлар. Эртаси куни эса улар оила бошлиғи йўқолиб қолгани ҳақидаги ариза билан маҳаллий милицияга мурожаат қилган.
Салим Шамсиддиновнинг йўқолиши борасида март ойидаёқ хавотир билдирган Amnesty International ташкилоти вакилларига кўра, унинг ғойиб бўлиши ортида сиёсий сабаблар бўлиши мумкин.
Салим Шамсиддинов ўтган йилнинг 5 май куни Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитасининг Хатлон вилоят бошқармаси биноси қаршисида бир гуруҳ шахслар томонидан аёвсиз калтаклаб кетилганди. Маҳаллий манбалар бу ҳужумни Шамсиддиновнинг оммавий ахборот воситаларига берган интервьюси билан боғлашган. Мазкур интервьюда, маълум бўлишича, у Тожикистон ҳукуматини миллатчилик сиёсатини юритаётганда айблаб чиққан.
Тожикистоннинг мухолифатдаги Социал-демократик партияси раҳбари Раҳматилло Зоиров ҳам Шамсиддиновнинг йўқолиши ортида сиёсий сабаблар турганини тахмин қилганди. Унга кўра, бу бедарак йўқолиш Салим Шамсиддиновнинг президент сайловлари тўғрисидаги қонунга ўзгартиш киритишга уринаётган гуруҳдаги фаол иштироки ҳамда Тожикистондаги этник ўзбекларни 2013 йил ноябрига белгиланган президентлик сайловларида Зоировга овоз беришга чақиргани билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Бундан ташқари, маълумотларга кўра, Шамсиддинов Хатлон вилоятида яшовчи этник ўзбекларга нисбатан камситиш ҳолатлари бўйича оммавий ахборот воситаларида чиқиш қилишни мўлжаллаб юрганди.