Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:57

Ўзбекистон Тожикистонни четлаган темир йўл қуришга киришди


Ўзбекистонда Фарғона водийсини мамлакатнинг марказий ҳудудлари билан боғлаши назарда тутилган Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўлини қуриш ишлари бошланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Иқтисодиёт вазирлиги ва Давлат статистика қўмитаси ҳужжатларига таяниб 12news.uz портали хабар берди. Бироқ лойиҳа тафсилоти ҳақида бошқа расмий маълумот берилмади.

Ангрен–Поп темир йўлини қуриш зарурати ҳақида илк бор Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ўтган йил 26 апрелида Андижон вилояти депутатлар кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишида гапирган.

Ўшанда Каримов ҳукумат Ангрен-Поп ўртасида узунлиги 125 километр бўлган электрлаштирилган темир йўл линияси қуриш режалаётгани тўғрисида айтганди.

“Фарғона водийсида 10 миллиондан ортиқ одам яшайди. Шу сабабли биз бу минтақа билан темир йўл қатнови йўқлигига эътибор қаратмасликка ҳақимиз йўқ. Бу масала 2014-2015 йилларда ҳал бўлади. 2016 йилда темир йўл қурилиши тугатилади ва биз Андижонга поездда бориш имкониятига эга бўламиз”, деганди Ўзбекистон раҳбари.

Темир йўл орқали транзит масаласи Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида оғриқли масалалардан бири бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистоннинг марказий қисмидан Фарғона водийсига темир йўл вагонларида Тожикистон ҳудуди орқали юклар ташиш анчадан буён тўхтаб қолган.

Аввал Ўзбекистон Тожикистоннинг Сўғд вилояти орқали Фарғона водийси вилоятларига ёнилғи, минерал ўғитлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари каби юкларни транзит қилиб келган.

Транзит йўл ёпилганидан кейин Фарғона водийсига Қамчиқ довони орқали автомобилда юк ташиш йўлга қўйилган ва бу анча қимматга тушган.

Ўзбекистонлик иқтисодий таҳлилчи Дмитрий Поваров Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон ҳукумати довон орқали темир йўл қуришга катта маблағни тежаш мақсадида қарор қилган, деб ҳисоблайди:

- Фарғона водийсига Тожикистон ҳудуди орқали темир йўлда юклар ташиш амалга оширилмаяпти. Ўзбекистоннинг марказий минтақаларидан Фарғона водийсига автомобилда юклар ташиш қимматга тушади. Шу боис темирйўл қуришга қарор қилинган, - дейди Поваров.

Ангрен-Поп темир йўл лойиҳасини амалга ошириш учун 2 миллиард доллар маблағ сарфланиши тахмин қилинмоқда.

Ўзбекистон иқтисодиётидан яхши хабардор бўлган Наманган машинасозлик заводининг собиқ раҳбари Абдувоҳид Паттаев Озодлик билан суҳбатда бу лойиҳа икки миллиард доллардан кўп маблағ сарфлашга ҳам арзийдиган лойиҳа эканини урғулади.

Паттаев ўз фикрини Фарғона водийсига автомобил йўлидан бошқа фақат ҳаво йўли борлиги ва Ангрен-Поп темир йўл лойиҳаси амалга ошса, бу Ўзбекистон иқтисодиёти ривожига туртки бўлиши мумкинлиги билан изоҳлади:

- Шу темир йўл икки миллиард доллар эмас, ундан кўпроққа тушса ҳам ўзини тез кунда қоплайди. Қолаверса, эртами-кечми барибир Тожикистон четлаб ўтадиган йўл қурилиши керак эди. Чунки мана шу йўл орқасидан Тожикистон босимини давом эттираверарди. Йўл қуриб битказилганидан кейин яна бир ноқулайликдан, қўшнилар билан келиб чиқадиган қийинчиликлардан Ўзбекистон қутулади. Буни яхши томони борки, ёмон томони йўқ, - дейди Абдувоҳид Паттаев.

Ангрен-Поп темир йўли денгиз сатҳидан 2 минг 300 метр баландликда бўлган Қамчиқ довони орқали ўтади.

Айримлар довон орқали темир йўл қуриш хавфсиз бўлмаслиги мумкин, деган фикрда.

Абдувоҳид Паттаев дунё мамлакатларида бундан ҳам баланд минтақаларда темир йўл қурилганини ва бехавотир фойдаланилаётганини, Ангрен-Поп темир йўли ҳам шундай йўллардан бири бўлишини қўшимча қилди:

- Дунё тарихида темир йўлларни юқори довонлардан ўтиши бу биринчиси эмас. Хавфсизлик масаласи, албатта, эътиборга олинади. Масалан, Хитой Тибетга қанча баландликдан темир йўл ўтказган. Бу ҳам шу сингари темир йўл бўлади, - дейди Абдувоҳид Паттаев.
XS
SM
MD
LG