Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:19

Рамазонда озиқ-овқат маҳсулотлари баҳоси сунъий оширилди


Тошкентда пропискадан ўтиш учун оила қурган эр-хотиннинг никоҳи бекор қилинди. “Исузу” автобуси билан тўқнашувда икки киши ҳалок бўлди. Энг кўп тўйга чиқадиган хонандалар рўйхати тузилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

“Болалар боғчаси... дала шийпонида жойлашган”

Фарғона вилояти Бешариқ туманида 55 нафар бола қатнаётган 18-сонли мактабгача таълим муассасаси собиқ дала шийпонида жойлашгани маълум бўлди (“Ҳуқуқ”, 25 июл).

Туман прокурори Шамсиддин Турдалиевга кўра, боғчадаги шароит талабга жавоб бермайди, тиббиёт хонаси жиҳозланмаган, болалар тиббий кўрикдан ўтказилмаган.

Умуман, боғчада санитария-гигиена талабларига амал қилинмаган. Шунингдек, тумандаги 23- ва 39-боғчаларда ҳам шундай салбий ҳолатлар кузатилган.

Тумандаги таълим муассасаларини текширган прокуратура 13 та протест келтирган, 31 та тақдимнома, 7 та даъво аризаси киритган ва 3 та жиноий иш очган.

“Рамазонда озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлади”

Муқаддас Рамазон ойи бошланиши билан вилоятлар ва Тошкент шаҳрида озиқ-овқат маҳсулотларининг баҳоси сунъий равишда ошириб олинди (“Новий век”, 25 июл).

Фарғона водийсининг аҳоли зич яшайдиган шаҳарларади рўза ойи кириб келиши билан мева-чева ва полиз экинлари нархи кўтарилган. Ош учун энг керакли масаллиқ – гуруч баҳоси июл ойи бошига нисбатан 1,5-2 бараварга қимматлаган.

Тошкент шаҳрида ҳам қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, хусусан, тарвуз ва қовун баҳоси кўтарилган. Газетага кўра, пишиқчилик мавсуми саналган ёз фаслида аслида озиқ-овқат маҳсулотларини оширишга асос йўқ.

“Шарқ савдогарлари орасида азалдан “Беш қўлингни оғзингга тиқма” деган нақл юради. Ҳа, келиб турган фойдага қаноат қилиш, истеъмолчи ҳаққини ҳам ҳурмат қилиш керак, ана шунда худо савдога барака беради”, деб ёзади “Новий век” нашри.

“Уйидан ов қуроли топилган фуқаро жаримага тортилди”

Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани Бирлашган қишлоғида яшовчи Лутфулла Хайруллаев ноқонуний қурол сақлаш айби билан жаримага тортилди (“Диёнат”, 25 июл).

Милиция ходимлари “Антитеррор-тозалаш” тадбирида Хайруллаев яшаган уйга ҳам кирган. Уй эгаси ўзини айбсизлигига ишониб сандиқда отасидан қолган ов милтиғи борлигини айтган.

Текширувдан кейин Златоус шаҳрида ишлаб чиқарилган, “ИЖ-5” русумли, 16 калибрли ов қуроли сўнгги пайтлар ишлатилмаган бўлса-да, ўқ отишга яроқли деган хулосага келинган. Ноқонуний қурол сақлашда айбланган уй эгасига 1,2 миллион сўм жарима солинган, қурол давлат фойдасига мусодара қилинган.

“Соғлиқ учун хатарли дори сотаётган дорихоналар аниқланди”

Солиқ идораси Андижон шаҳридаги қатор дорихоналарда қисқа муддатли текширув ўтказган ва қонун бузилишларини аниқлаган (“Истеъмолчи”, 25 июл).

Ўнга яқин дорихонада сифат сертификатига эга бўлмаган дори сотилаётгани аниқланган. “Нуриддин”, “Супер интер фарма”, “Бунёдкор фарм глобус медикал”, “Султон фарм мед”, “Восита фарм”, “Хушнуд савдо” каби дорихоналарда фуқаролар соғлиғи ва ҳаётига хавф солиши мумкин бўлган дорилар сотилаётгани аниқланган. Шунингдек, истеъмолчи ҳақидан уриб қолишга одатланган дорихоналар фош этилган.

“Қуриган Орол силга чалинган одамнинг ўпкасига ўхшайди”

“Орол денгизини асраб қолиш мумкин”, деди қорақалпоқ адиби Ўрозбой Абдураҳмонов “Китоб дунёси” газетасида чоп этилган суҳбатида.

Орол муаммосига бағишланган чиқишлари билан танилган адибнинг таъкидлашича, бунинг учун Амударё ва Сирдарё сувини минтақа давлатлари ўртасида тенг бўлиш имконини берувчи ҳужжат ишлаб чиқиш зарур. Адиб минтақа иқтисодиётини структурал жиҳатдан ўзгартириш, қишлоқ хўжалигидан кўра саноатга кўпроқ эътибор қаратиш лозимлигини ҳам қайд этган.

“Қорақалпоқлар ўжар оптимистлардан. Бизгача етиб келаётган сувнинг сифати жуда ёмон. Одамлар буни кўриб, билиб турибдилар ва шунга қарамай улар ўз ерларини ташлаб кетмаяптилар.

Орол фожиаси ўз ниҳоясига етгани йўқ. Ҳозирча унинг суви камайиб кетди. Илгари сув ҳажми 1068 куб км.га тенг бўлган бўлса, ҳозир 75 куб км сув қолди. Назаримда, у сил касалига чалинган кишининг ўпкасига ўхшайди” дейди қорақалпоқ адиби Ўрозбой Абдураҳмонов.

“Автобус билан тўқнашувда икки киши нобуд бўлди”

Тошкентда “Исузу” автобуси ва “Нексия” машинаси тўқнашиши оқибатида икки киши вафот этди, яна шунча одам жароҳатланди (“Пойтахт транспорти”, 26 июл).

Воқеа 18 июл куни соат 20:30 ларда рўй берган. Тафсилотларга кўра, фуқаро Олимжон Сафаров “Нексия” автомобилида Қўйлиқ бозори яқинида – Қумариқ йўлўтказгичи устида 18-рақамли “Исузу” автобусига келиб урилган. Натижада “Нексия” машинасидаги икки йўловчи вафот этган. Автобусдаги икки йўловчи эса жароҳат билан шифохонага ётқизилган.

“Оҳангаронда ҳали-ҳануз “Маркс” кўчаси борлиги танқид қилинди”

Ўзбекистон Республикаси топонимика хизмати бошлиғи Азизхон Хўжабоев вилоятлардаги эски тузумни эсга соладиган номларни танқид қилди (“Инсон ва қонун”, 23 июл).

“Соҳага оид қонун ҳужжатлари ижросини таъминлашда айрим камчиликлар ҳам йўқ эмас. Масалан, Бекобод шаҳрида Севишганлар майдони, Ангрен шаҳрида “Межевая” кўчаси, Оҳангарон туманида “Подхоз” посёлкаси, “Больничная”, “Маркс”, “Насосная” деб аталган кўча номлари ҳали ҳам сақланиб қолган.

Тегишли ташкилотлар уларга ўзгартириш киритиш тўғрисида ҳали ҳам таклиф киритмаган” деб ёзади жой номларига масъул идора раҳбари. “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги қонунга кўра, вилоят, туман, шаҳар, қишлоқ ва овуллар бир хил ном билан аталиши тақиқланган. Ўрганишларда 53 та шаҳарча, 84 та қишлоқ фуқаролар йиғини ва мингдан ортиқ қишлоқ аҳоли пунктлари бир хил номга эга экани аниқланган.

“Пропискадан ўтиш учун оила қурганларнинг никоҳи бекор қилинди”
Келишув эвазига Тошкент шаҳридан доимий рўйхатдан ўтиш учун оила қурган эр ва хотиннинг никоҳи ҳақиқий эмас деб топилди. Тошкент шаҳар прокуратураси расмийси Баҳром Нурматов “Ҳуқуқ” газетасига маълум қилишича, номи ошкор этилмаган эркак ва аёл Чилонзор тумани ФҲДЁ бўлимида қонуний никоҳдан ўтган. Аммо тарафлар оилавий муносабатга киришмаган, умумий рўзғор юритмаган. Сабаби, никоҳ оила қуриш мақсадида эмас, келишув шарти асосида тузилган. Асли вилоятлик аёл тошкентлик йигитга расман эрга тегиб, шу йўл билан пойтахтда доимий рўйхатдан ўтиши ва кейинроқ ажрашиши кўзда тутилган. Расман никоҳдан ўтилгач, томонлар келишолмай қолган. Шундан кейин доимий рўйхатга кира олмаган аёл никоҳни бекор қилишни сўраб Учтепа туманлараро судига мурожаат қилган. Суд унинг сўровини қондирган.
“Пойтахт тўйларида ошиғи олчи санъаткорлар ким?”
Томошабин кўзига жимжимадор ва жозибали кўринган ўзбек шоу бизнес оламини аслида миллионлар бошқаради ва унда худди биржадагидек кимдир ютиб, кимдир ютқизади (“Даракчи”, 25 июл). “Бугун ўзбек шоу бизнесидаги аксарият хонандалар тезроқ танилиб, тўй хизматларига бориш учунгина санъатга қадам қўйишяпти десак муболаға бўлмас” деб ёзади шу соҳага ихтисослашган нашр. Газета пойтахт Тошкент тўйларида ошиғи олчи бўлган хонандалар рўйхатини келтирган. Энг фаол тўйчивон хонандалар рўйхатида биринчида ўринда Мавлуда Асалхўжаева, иккинчи ўринда Муниса Ризаева, учинчи ўринда Улуғбек Раҳматуллаев, Шоҳруххон ва Нилуфар Усмонова қайд этилган.
XS
SM
MD
LG