Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:07

Petronas Ўзбекистондан чиқиб кетишга қарор қилди


Ўзбекистон ўз ҳудудига халқаро газ ва нефт ширкатларини жалб этиш учун ҳар йил турли тадбирлар ўтказиб келмоқда.
Ўзбекистон ўз ҳудудига халқаро газ ва нефт ширкатларини жалб этиш учун ҳар йил турли тадбирлар ўтказиб келмоқда.

Малайзиянинг Petronas нефт ва газ ширкати Ўзбекистондаги углеводород конларини ўзлаштириш билан боғлиқ барча лойиҳаларини буткул тўхтатгани ва мамлакатдан чиқиб кетаётганини маълум қилди.

Petronas Ўзбекистондан тижорий сабаблар туфайли чиқиб кетаётганини билдириб, тафсилотларни очиқламади.

Ширкат матбуот ҳизмати вакилларидан бири Озодлик билан суҳбатда “Petronas тижорий сабабларга кўра Ўзбекистондаги Сурхон, Бойсун, Урга ҳамда Орол минтақасидаги Қуаниш ва Ақчалақ конларини шериклашиб ўзлаштириш лойиҳаларидаги иштирокини тўхтатмоқда”, деб билдирди.

Petronas ва Ўзбекистоннинг давлатга қарашли “Ўзбекнефтгаз” ширкатлари 2009 йилда Устюртдаги Урга, Қуаниш ва Ақчалақ конларини ўзлаштириш бўйича 25 йилга мўлжалланган келишувни имзолаган эди.

Бундан олдин эса Petronas нефт ва газ ширкати Ўзбекистон томони билан Сурхондарё вилоятидаги "Сурхон" конида геология-қидирув ишларини бошлаш борасидаги шартномани имзолаганди.

2008 йилда имзоланган ушбу шартномага мувофиқ, Малайзия ширкати 5 йил давомида камида 30 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя киритиш мажбуриятини олганди.

Сўнгги йилларда эса Petronas ширкати Ўзбекистондаги фаолиятини сезиларли даражада қисқартирди.

2011 йилда Petronas Орол денгизида қидирув ишларини олиб бораётган халқаро консорциумдан чиққани ва Ўзбекистон жанубида газдан синтетик суюқ ёнилғи ишлаб чиқарадиган завод қуриш лойиҳасидаги улушини 33,3 фоиздан 11 фоизгача камайтирганини эълон қилганди.

Petronas бу қарорини сармоялар тижорий жиҳатдан ўзини оқламаётгани билан изоҳлаган эди ўшанда.

Шу йилнинг май ойида эса ширкат Устюрт шимоли-ғарбидаги 15 йилга мўлжалланган газконденсат конларини ўзлаштириш ва Бойсун инвестиция блокидаги нефт-газ конларини ўзлаштириш бўйича 35 йилга мўлжалланган ва 2008-2010 йилларда Ўзбекистон ҳукумати билан маҳсулотни тақсимлаш бўйича имзоланган иккита келишувдан чиққанини билдирди.

Petronas ширкатига яқин манба ўшанда бу қарор ширкатнинг минтақадаги фаолиятини оптималлаштиришга доир умумий стратегияси билан боғлиқлигини айтган.

Эндиликда ширкат Ўзбекистондаги барча лойиҳалардан чиққани ва бу қарор якуний эканини билдирди.

"Ўзбекистон ҳукумати ширкатнинг асосий лойиҳалардан чиқиши жараёнини юридик жиҳатдан тугатишга имконият берадиган ҳужжатларни тайёрламоқда", деб хабар берди Eurasianet.com сайти.

“Ўзбекнефтигаз” миллий холдинг ширкати матбуот хизмати вакили эса Озодлик билан суҳбатда Petronas Ўзбекистондан бутунлай кетмаётгани, ширкат айрим кичик лойиҳаларни амалга оширишда давом этаётганини айтди:

- Бойсундаги беш йилга мўлжалланган йирик лойиҳа муваффақиятли тугатилди. Бошқа лойиҳалар бўйича инвестиция ишлари одатдаги тартибда давом этмоқда. Petronas ширкатининг Ўзбекистондаги идораси одатдагидек фаолият юритмоқда, деди “Ўзбекнефтигаз” матбуот вакили.

Petronas ширкатининг Тошкентдаги ваколатхонасидагилар ҳам ҳозирча Қорақалпоғистон, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ишлар давом этаётганини айтишди.

Petronas ширкати Ўзбекистонда 2008 йилдан буён фаолият юритиб келган.
Малайзия Бош вазири Абдулла бин Ҳожи Аҳмад Бадавийнинг ўша йили Тошкентга сафари чоғида Сурхондарё вилоятида геология-қидирув ишларини бошлаш бўйича Petronas билан протокол имзоланган эди.

Ўшанда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Малайзиянинг Петронас ширкатига кенг имтиёзлар беришни ваъда қилган эди:

- Petronas компанияси ўзини Ўзбекистонда ишончли ва масъулиятли шерик сифатида намоëн этди ва шу боис унинг янада кенгроқ фаолият юритиши учун биз Ўзбекистонда бу компанияга янги имтиëз ва қулайликлар яратиб беришга тайëр бўлганимизни изҳор этмоқчиман, деган эди Каримов.

Ўзбекистонда даромад солиғи тўлаш ва техникалар олиб киришда катта имтиёзлар бериб қўйилган Petronas ширкатининг нима сабабдан Ўзбекистонни тарк этаётгани маълум эмас.

Кузатувчилар бунинг ортида Ўзбекистондаги сармоя муҳити билан боғлиқ муаммолар турган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқдалар:

- Ҳар бир хорижий сармоядор Ўзбекистонга имкониятларни чамалаб сармоя киритади. Petronasнинг Ўзбекистондаги лойиҳаларини тўхтатаётгани ҳақида гапирсак, бу ерда икки сабаб бўлиши мумкин. Биринчиси, Ўзбекистондаги инвестицион муҳит ёмонлашгани, конвертация ва қонунлар ўзгариб туриши билан боғлиқ муаммолар. Иккинчиси ширкат айтаётганидек, лойиҳаларнинг тижорий жиҳатдан самарасизлигидир. Тўғри, ширкатга Ўзбекистон томони кўп имтиёзлар ваъда қилди, лекин имтиёзлар бўлгани билан бу лойиҳалардан фойда бўлмаса, табиий ширкат йўқ нарса учун пул сарфламайди, дейди ўзбекистонлик иқтисодчи Отабек Раззоқов.
XS
SM
MD
LG