Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 09:42

Миср суди Мурсийни ҳибсда қолдиришга қарор қилди


Миср собиқ президенти Муҳаммад Мурсийнинг рақиблари Қоҳиранинг Таҳрир майдонида ўтказган намойиши, 2013 йил 26 июл.
Миср собиқ президенти Муҳаммад Мурсийнинг рақиблари Қоҳиранинг Таҳрир майдонида ўтказган намойиши, 2013 йил 26 июл.
Миср суди ҳокимиятдан ағдарилган президент Муҳаммад Мурсийга қўйилаëтган айблар, жумладан, Фаластиндаги радикал Ҳамас гуруҳи билан яширинча ҳамкорлик қилгани ҳақидаги айблов текширилганга қадар¸ унинг ҳибсда қолиши ҳақида қарор чиқарди.

26 июл куни Мисрдаги ахборот воситалари собиқ президент Муҳаммад Мурсийга қўйилаётган айбловлар қанчалар асосли эканини прокурорлар ўрганиб чиққунигача у яна 15 кун ҳибсда қолишини хабар қилди. Суд қарорига кўра, текширув жараёни давом этадиган бўлса, Мурсийни ҳибсда сақлаш муддати узайтирилиши мумкин.

Мисрнинг MENA ахборот агентлиги хабарига кўра, 3 июн куни мамлакат ҳарбийлари томонидан ҳокимиятдан четлатилганидан бери номаълум жойда сақланаётган Муҳаммад Мурсий аллақачон сўроқ қилинган.

Мурсийга қўйилаётган айбловлар 2011 йилда Мисрни қарийб 30 йил бошқарган Ҳусни Муборак ҳокимиятни тарк этаётган пайтда қамоқдан кўплаб маҳбуслар, жумладан, Мурсий ва Мусулмон биродарлиги ҳаракатининг бошқа раҳбарлари қочган воқеа билан ҳам боғлиқ.

Мурсий ва Мусулмон биродарлиги ҳаракатининг 24 нафар раҳбари 2011 йил 28 январда ҳибсга олиниб Вади Ал-Натрун қамоқхонасида сақланган. Икки кун ўтиб маҳбуслар оммавий равишда қамоқдан қочган. Ўшанда Мурсий қамоқхона назоратчилари ва расмийлари кетиб қолганлари сабабли маҳбуслар бемалол қамоқдан чиқиб кетганларини айтган.

Мусулмон биродарлиги расмийлари эса уларни маҳаллий аҳоли қутқарганини иддао қилган.

Айни пайтда, Ғазо Секторида Ҳамас радикал гуруҳи Муҳаммад Мурсийнинг ҳибсда сақланаётганини қоралади.

Ҳамас матбуот котиби Сами Абу Зуҳри: “Ҳамас Миср ички ишларига аралашгани ҳақида Мисрнинг ҳозирги раҳбарлари айтаётган ҳар бир иддао бўйича баҳслашамиз”, дея баёнот берди.

Мурсийнинг ҳибсда қолиши ҳақидаги суд қарори Мудофаа вазири одамларни мамлакат ҳарбийларини қўллаб жума куни оммавий намойишга чиқишга чақирганидан кейин эълон қилинди.

Шу ҳафта бошида генерал Абдул Фаттоҳ Ал-Сиси кўпчиликни ҳайратга солиб, армиянинг “зўравонлик ва терроризмга қарши кураши”ни қўллаб-қувватлаётган одамларни намойишга чиқишга чақирган эди.

Миср ҳарбийлари тарафдорлари 26 июл куни эрталабдан Қоҳирага йиғилди. Улар “Халқ армия ва полиция билан бирга!” деган шиорлар кўтариб чиқди.

Намойишчилардан бири Рейтерс ахборот агентлигига мамлакатда тинчлик қарор топишини хоҳлагани учун намойишга чиққанини айтди:

- Мен тинч ва хавфсиз ҳаёт кечириш учун, одамлар ўз мақсадларига етиши ва ўз иш жойларига яна қайтишлари учун ҳарбийларнинг терроризмга қарши курашини дастаклаш учун бу ерга келдим. Армия масъулиятни ўз зиммасига олиши учун намойишга чиқдим, деди намойишчилардан бири.

Муҳаммад Мурсий Мисрнинг сайланган ва легитим президенти эканини таъкидлаётган Мусулмон биродарлиги ҳаракати Мурсий озод этилиб, унинг президентлик ваколатлари қайта тикланмагунча норозилик намойишларини давом эттиришни ваъда қилмоқда.
XS
SM
MD
LG