Линклар

Шошилинч хабар
19 сентябр 2024, Тошкент вақти: 15:31

Ўзбекистонда блоггерлик фаолияти ҳам лицензияланиши мумкин


Айрим Интернет нашлари Ўзбекистонда блоггерлик фаолиятини тартибга солувчи ҳужжат тайёрланаётгани ҳақида хабар тарқатди. Озодлик билан суҳбатда Матбуот ва ахборот агентлиги расмийлари блоггерлик учун ҳозирча лицензия керак эмаслиги¸ лекин келажакда бу фаолиятнинг ҳам тартибга солиниши мумкинлигини билдирди.

"Агар бу борада ҳужжат қабул қилинса, блоглар қайси мавзуда бўлишидан қатъий назар, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан оммавий ахборот воситаси сифатида лицензия олишга мажбур қилинадилар", деб ёзди 2 август куни Registon.net сайти.

Озодлик мухбири билан суҳбатда Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг ўзини таништирмаган ходими блог Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаси эмаслиги ва бу фаолият турига лицензия керак эмаслигини айтди:

- Лицензия фақат оммавий ахборот воситасига берилади. Телевидение, радио, газета, интернет нашрлари фаолияти лицензияланади. Лекин блог учун ҳозирча лицензия талаб қилинмайди, деди Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг ўз исмини айтмаган расмийси.

Айни пайтда агентлик расмийлари блоггерликни тартибга солиш лозимлиги ва бу борада қонуности ҳужжати ишлаб чиқилиши мумкинлигини инкор этишмади.

Блог моҳиятига кўра Интернетда юритилувчи шахсий кундалик. Ҳар ким ўз шахсий блоги орқали кўрган-кечирганларини ёзиб бориши, бўлаётган ҳодисаларга ўз фикрини ифода этиши мумкин.

Ўзбекистонлик блоггер, bobomurodabdulla.blogspot.com эгаси Бобомурод Абдуллаев ҳозир мамлакатда ижтимоий тармоқлар қатори блоггерлик ҳам оммалашар экан, ҳукумат бу соҳани ҳам назорат қилишга уринаётганини айтади:

- Бундан мақсад назорат қилиш. Лицензиялаштирса, назорат қилиш осон бўлади. Ҳозир блоггерлар хоҳлаган нарсасини қўйиб ёзaяпти, назорат йўқ. Агар лицензиялаштирса, истаган пайт лицензиясини олиб, блогини ёпиши мумкин, -дейди Абдуллаев.

Ўзбекистонда сиёсий ва ижтимоий мавзулардаги блоггерлик унча оммалашмаган. Лекин спорт, мода олами, пазандалик ҳақида блоглар анча.

Яқинда қирғизистонлик блоггер Шермуҳаммад Абдуғафуров ўзининг Shermuhammad.com деб аталувчи сайтида Ўзбекистондаги блоглар рўйхатини эълон қилди.

Бу блоглар мазмунидан блоггерлик Ўзбекистондаги мавжуд тузумга катта хавф эмас, дейиш мумкин.

Шундай экан, Ўзбекистонда блогларни лицензиялаштириш нимага керак бўлиб қолди?

- Ҳукумат ҳозирдан олдини олиб қўмоқчи. Бу боришда сиёсий мавзуларни кўтариб чиқаётган блоггерлар ҳам кўпайиши мумкин, шуни олдини олиб қўймоқчи. Ҳозир блоггерлик асосан футбол соҳасида анча ривожланган. Анча танқидий чиқишларни кўраяпмиз, дейди Абдуллаев.

Ўзбекистонда сўнгги йиллар ичида Интернетдан фойдаланиш имконлари ошди. Ижтимоий тармоқларда ўзбек фойдаланувчлари сони ортиб бормоқда.

Янги медиа соҳаси мутахассиси Тўлқин Умаралиевнинг айтишича, Ўзбекистонда блогларни назорат қилиш ҳукумат учун қийин эмас:

- Чунки Ўзбекистонда веб-саҳифалар ҳам оммавий ахборот воситаси ҳисобланади. Лекин қонунда веб-саҳифа деганда нима тушунилиши ҳақида аниқлик киритилмаган. Шунинг учун де-юре Ўзбекистондаги барча Интернет нашрлари, шу жумладан блоглар ҳам оммавий ахборот воситаси деб тушунилиши ва истаган блог жавобгарликка тортилиши мумкин, дейди Умаралиев.

Ўзбекистонда блоггерлик фаолиятини тартибга солувчи ҳужжатнинг қачон қабул қилиниши ҳозирча маълум эмас.

Кузатувчиларга кўра¸ бундай ҳужжатнинг қабул қилиниши Ўзбекистонда сўз эркинлигига бериладиган навбатдаги зарба бўлиши мумкин.
XS
SM
MD
LG