Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:08

Асад: Террорчиларга темир мушт билан зарба берамиз


Сурия президенти Башар Асад фикрича, мухолифатдаги исёнчилар билан сиёсий мулоқотга киришиш имконсиздир. У исёнчиларга “темир мушт” билан зарба беришга чақирди.

Сурия президентининг бу баёноти пойтахт Дамашқда, якшанба кунги ифторда янгради.

Мамлакат телевидениеси орқали намойиш қилинган президент иштирокидаги ифторда таниқли имомлар, вазирлар, маданият ва санъат ходимлари, жамоат арбоблари ҳозир бўлди.

Ифторда Анитиохия православ черкови епископи Иоанн X (Юханна ал-Язижий), Сурия бош муфтийси Аҳмад Бадр ал-Дин ал-Хассун ҳамда Сурия мудофаа вазири Фаҳид Фрейжлар иштирок этишди.

Йиғилганлар олдида қилган нутқи давомида Башар Асад ўзига қарши қурол кўтарган исёнчиларни “террорчилар”, деб атади ва “эс-ҳуши жойида бўлган ҳар қандай киши террорчиликнинг сиёсатга алоқаси йўқ, деб ўйлайди”, дер экан, фикрини бундай давом эттирди:

- Терроризм билан сиёсат бир-бирига мутлақо зид тушунчалардир. Ҳар соҳада терроризм зарба бериб турган бир шароитда сиёсий ҳаракатлар бўлуви ва сиёсий йўналишда илгари силжиш бўлуви имконсиздир. Сиёсат тўғри олиб борилиши учун терроризм йўқ қилиниши шарт.

Сурия президенти мухолифатдаги “Сурия инқилобий ва мухолиф кучлари миллий коалицияси” сиёсий бирикмасини Сурияни мавжуд бўҳрондан чиқариш йўлида қўлидан ҳеч иш келмайдиган бузуқилар, деб атади.

Башар Асаднинг фикрича, Суриядаги вазият мамлакатдан терроризм қувиб чиқарилганидан сўнггина изга тушиши мумкин.

- Агар биз давом этаётган фуқаролар урушида ғалаба қозонсак, бошқа соҳаларда ҳам кенг қўллаб-қувватлашга эриша олсак, биз бир неча ой ичида вазиятни изга сола биламиз, деган бўлар эдим. Сурия бўҳрон ечимини топишга ҳамда терроризмга зарба беришга қодир, деди Сурия президенти.

Башар Асад, шунингдек, Сурия танлов олдида турганини таъкидлаб ўтди. “Қонун устивор бўлган мамлакат бўладими ёки ўғри ва каззоблар бошқарадиган мамлакат бўладими – Cурия шу масалани ҳал қилиб олиши керак”, деди Асад.

БМТ текширувчиларига кўра, Асадга содиқ кучлар ҳарбий жиноятлар, жумладан қотилликлар, қийноққа солишлар, жинсий тажовуз, талончилик каби жиноятлар содир этган.

Уларнинг айтишича, тилга олинган жиноятлар ҳукумат амалга ошираётган сиёсат маҳсулидир.

Айни пайтда, БМТ мутахассислари исёнчилар томонидан ҳам ҳарбий жиноятлар, хусусан қотилликлар амалга оширилганини, бироқ бу жиноятлар ҳукумат кучлариникига қараганда озроқ эканини эътироф этган.

Башар Асад режими ва мухолиф кучлар ўртасида икки йилдан кўпроқ вақтдан буён давом этаётган фуқаролар урушида, БМТ ҳисоб-китобича, 100 000 дан кўпроқ киши ҳалок бўлган.
XS
SM
MD
LG