Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:26

GM Uzbekistan 2014 йили чиқадиган автолар савдосини бошлади


Озодликнинг Тошкентдаги ҳамкорларига кўра, харидорлар компания салонларини 7 август куни эрталабдан “ишғол” қила бошлаган.

Келаси йили ишлаб чиқариладиган автомашиналар савдоси бошлангани тўғрисидаги маълумотни Озодлик мухбири “ЖиЭм Ўзбекистон” қўшма корхонасининг Тошкентдаги ваколатхонаси масъул ходимидан олди.

Компаниянинг Асакадаги идораси қошидаги сотув майдони вакили эса, заводнинг чоғроқ ҳажмдаги маҳсулоти сўмга сотувга чиқарилганини билдирди.



"Харидор кўп, машина оз"

"ЖиЭм Ўзбекистон" Асака офисининг исми сир қолишини сўраган вакил айнан мана бундай деди:

- Савдо уч-тўрт кунда тугайди. Ҳозир бераяпти, бошланди бугундан сўмга.

Озодлик: Уч-тўрт кунлик давом этадиган кампаниями бу?

- Билмадим энди. Аҳоли кўп оладиган. Тугаса, шу норма тугайди тамом.

“ЖиЭм Ўзбекистон”нинг Асакадаги идораси билан боғланишга айрим сайтларнинг “компания дилерлари 7 августдан бошлаб автомобилларни сўмга сотиш тўғрисида шартномалар туза бошлаяжаги” ҳақидаги хабари сабаб бўлган эдики, вакил ўз жавоби билан хабарни тасдиқлагандай бўлди.

Айни пайтда, “ЖиЭм Ўзбекистон”нинг Тошкентдаги ваколатхонаси ходими Озодлик саволларига жавоб берар экан, мана бундай деди:

- Бизларда автомобилни ҳам сўмuа харид қилса бўлади, ҳам халқаро пластик карта орқали харид қилса бўлади.

“ЖиЭм Ўзбекистон” вакили мана бу янгилик билан ўртоқлашди.

- 2014 йил охиригача объëм ажратилди.Яъни кейинги йилда ишлаб чиқарадиган автомобиллар объëми, яъни қанча ишлаб чиқарилиши тўғрисидаги маълумот автосалонларга берилди. Демак, 2014 йилда ишлаб чиқариладиган автомобиллар сони автосалонларда бор. Ҳозир автосалонларда шартномалар тарқатишаяпти. Бу йилда тўлов қабул қилиниб, кейинги йилда етказиб бериладиган автомобиллар учун, деди “ЖиЭм Ўзбекистон” қўшма корхонаси Тошкентдаги ваколатхонасининг ўзини таништирмаган масъул ходими.

Салонлар "штурм" қилинмоқда, милиция жалб этилган

Озодликнинг Тошкентдаги ҳамкорлари 7 август куни Жанубий вокзал яқинидаги “Тошкент-ДЭУ” автосалони ҳамда Сергели туманидаги автосалон олдидаги вазиятни ўз кўзи билан кўрди.

Машина учун кураш
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:45 0:00
Бевосита линк


Уларнинг айтишича, автосалонлар олдида эраталабданоқ одам шу қадар кўпки, тартиб сақлаш учун ҳатто милиция кучлари жалб этилган.

Харидор кўплигидан салонлар олдида тартибсизлик авж олган. Ҳамма бақир-чақир қилмоқда.

Пул олинмоқда, машина 2014 нинг майига ваъда қилинмоқда

Ҳамкоримизнинг айтишича, салонга кириб, пештахтага ета олганлар қўлига машина нархининг 85 фоизини тўлаб келиш учун счет-фактура берилаяпти, шартнома эса, пул тўланганидан сўнг имзоланажаги айтилмоқда.

Машина харидор қўлига 2014 йилнингг майига қадар тегиши ваъда қилинмоқда.

"Матиз"га шартнома йўқ

Шартномалар “Матиз”дан ташқари барча моделларга берилаётгани ҳам айтилди.

“Матиз”га шартнома тузилмаётганини баъзилар унинг экспортбоп эканлиги билан изоҳласа, бошқалар бу модель ишлаб чиқариши қисқаргани билан изоҳлаган.

Ҳамкоримизнинг айтишича, салонлар олдидаги тиқин 6 август оқшомида бошланган. 7 август кун бўйи салонлар олдидаги вазиятни пул алмаштирувчи аёллар тўдаси назорат қилган. Салонга ким аввал, ким кейин киришини улар ҳал қилган.

Доллар арзонлади

Яна бир янгилик: 7 август куни АҚШ доллари қора бозордаги қурби ҳам бироз тушиб, 1 доллар 2710, 2720 сўмга сотилди. Бир кун олдин 1 доллар 2780 сўмга сотилаётган эди. Кузатувчилар ўзгариш сабабини автосалонларда савдо бошланганидан кўрмоқда.

Салонлар бир ой олдин ёпилган эди

Озодлик радиоси “GM-Uzbekistan” Ўзбекистон-Америка қўшма корхонасининг асосий дилери бўлмиш “Ўзавтосаноат” ширкатига қарашли барча автосалонлар жорий йил 6 июлидан номаълум муддатга ўз фаолиятини тўхтатгани тўғрисида ўз вақтида хабар берган, ўшанда Тошкентдаги “Роҳат” автосалони вакили мазкур ҳолатни “ширкат автомобиллари нархи ошиши ҳамда “Ўзавтосаноат” ширкати томонидан янги прейскурант тасдиқлангунига қадар сотишни тўхтатиш ҳақида кўрсатма берилгани” билан тушунтирган эди.
XS
SM
MD
LG