Линклар

Шошилинч хабар
27 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:07

Гулнора Каримова: ҳар ким оиласига яқин жойда ишлашини хоҳлар эдим...



22 август куни Чирчиқда "Келажак овози 2013" деб номланган медиа-лагернинг очилишида Ўзбекистон президентининг тўнғичи Гулнора Каримова журналистлар саволларига жавоб берар экан, хорижга ишлашга кетаётган ўзбек ёшларининг 90 фоизи Ўзбекистонда ишлай олишига ишонишини айтди.

Гулнора Каримовага берилган саволлар ва бу саволларга жавоблар айрим ўзбек Интернет нашрлари¸ хусусан¸ Kun.uz сайтида эълон қилинди.

"Ўзбекистон Маданияти ва санъати форум"и раиси сифатида матбуот анжумани ўтказишни анъанага айлантирган Гулнора Каримовадан “Сиз дунё бўйлаб кўп саёҳат қиласиз. Бошқа мамлакталарда ишлаётган ватандошларимизни кўрсангиз, қандай фикрга борасиз?”, деб сўралаганида у "ҳар ким ўз оиласига яқин жойда ишлашини хоҳлар эдим, деди.

“Мен учун бу – оғриқли. Чунки чет элда, қайсидир муассасадан чиқаётганингда, ўз ватандошларингизни кўриб: “У бу ерда эмас, у ерда (Ўзбекистонда) ҳам ишласа бўлар эди-ку”, деган хаёлга борасан”, деди Каримова.

Гулнора Каримова¸ касбий билимга эга бўлган ва хорижга ишлашга кетаётган ўзбек ёшларининг 80-90 фоизи Ўзбекистонда ишлай олишига ишонишини алоҳида қўшимча қилиб ўтди.

“Агар тегишли дастурлар ишлаб чиқилса, тегишли мотивация бўлса”, дея таъкидлади у.

Уч ой аввал Гулнора Каримованинг президент отаси чет давлатларда кўча супураётган ҳамюртларидан жирканишини айтган эди.

"Иномаркалар" рулида тадбиркорларни кўришни хоҳлар эдим

"Келажак овози 2013" деб номланган медиа-лагернинг очилишида Гулнора Каримовага берилган саволлардан яна бири тадбиркорлик хусусида бўлди.

Каримова бу саволга жавоб берар экан¸ Ўзбекистонда “иномарка” машиналар (Ўзбекистонга катта миқдорда бож тўланиб, четдан олиб келинадиган машиналар) рулида давлат хизматчилари эмас, кўпроқ жасур тадбиркорларни кўришни хоҳлашини айтди.

“Мана, кўчага чиқсангиз, хорижий машиналарни кўргансиз. Уларни ким бошқаради?.. Аёллар, қариндошлар ва давлат хизматчилари. Агар шу “иномаркалар” рулида давлат хизматчилари эмас, кўпроқ жасур тадбиркорлар бўлганида эди”, деди Каримова.

Президентнинг тўнғичи Ўзбекистон давлат ходимларида жавобгарлик ҳисси етишмаётганини тилга олди.

Ўзбекистонда ҳалол бизнес қилиши қийин

Гулнора Каримова Ўзбекистонда ҳалол бизнес қилиш қийин экани, тадбиркорлар, хусусан¸ экспорт учун ишлаётган тадбиркорлар учун яратилган шароитлар, қонуности ҳужжатлари, йўриқномалар тадбиркорларни “соғиш”га мўлжалланганини таъкидлади.

Бу билан Каримова Ўзбекистонда отаси раҳбарлиги остида тадбиркорларга кенг йўл очиб берилаётгани борасидаги расмийлар айтиб келадиган гап-сўзларни савол остига олди.

Ўзбекистонда тадбиркорлик қилишнинг коррупцион схемалари мавжудлиги ҳақида ҳам кўп бора айтилган.


Айни пайтда Швеция, Швейцария ва Францияда пул ювиш иши бўйича олиб борилаётган тергов билан боғлиқ воқеаларда Гулнора Каримованинг исми тилга олинмоқда. Бу жиноий ишларда Гулнора Каримовага яқин шахслар асосий гумонланувчилар сифатида ўтаётгани маълум.


Каримова Швециядаги TeliaSonera уяли телефон ширкатига Ўзбекистонда 3G лицензия олиб бериш учун 320 миллион доллар миқдорида пора олганликда гумонламоқда.


Аёллар ҳар йили туғаверса¸ соғлиғи тикланиб улгурмайди

Гулнора Каримова Ўзбекистонда аёллар репродуктив саломатлиги билан боғлиқ муаммога ҳам тўхталар экан, уларнинг ҳар йили туғишига қарши эканини айтди:

“Агар аёллар ҳар йили туғишса… Баъзилар эса йилига икки марталаб ҳам туғишни уддасидан чиқишаётганига ҳайрон қоламан… Хуллас, ҳар йили туғаверса, аёлнинг соғлиғи тикланиб улгурмайди. Болалар эса майдалашиб бораверади”, деди Каримова.

Ўтган йил Гулнора Каримова билан твит-мулоқоти чоғида хорижлик журналистлардан бири Ўзбекистонда аёлларнинг мажбурий стерилизация қилиниши масаласини кўтарган эди. Ўшанда Каримова "мен Соғлиқни сақлаш вазири эмасман", дея жавоб қилган Эди.

Гулнора Каримовага берилган яна бир савол президент қизига нисбатан хушомадлар ҳақида бўлди.

“Одамлар ҳар куни хушомадлар қилиб турганида, сароб билан ҳақиқий ҳаёт фарқига борасизми?” деган саволга Каримова хоним: "Савол беришдан олдин сизда фикр бўлса, у саволни беришдан нима наф?”, деб жавоб қилди ва ёш журналистларга ҳиссиётларга берилмасдан ёзишни таклиф қилди, жавоби маълум саволни бермасликни маслаҳат берди.
XS
SM
MD
LG