Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:15

Путин ва Медведевга ўзгача қараган рассом Франциядан бошпана сўради


Рассом Константин Алтуниннинг Путин билан Мудведевни хотинлар ички кийимида тасвирлаган расмларидан бири.
Рассом Константин Алтуниннинг Путин билан Мудведевни хотинлар ички кийимида тасвирлаган расмларидан бири.

Россия Президенти Владимир Путинни ички кийимда бош вазир Дмитрий Медведевнинг бошини силаётган қилиб тасвирлаган рассом мамлакатни тарк этди. Рассом Константин Алтуниннинг айтишича, шу ой бошроғида Санкт Петербургда очилган кўргазмада расмлари намойиш қилганидан кейин унга таҳдид қўнғироқлари бўлгани сабаб Францияга қочишга қарор қилган.



Константин Алтунин қаламига мансуб расмлар шу ойнинг бошроғида Санкт Петербургда ташкил қилинган “Ҳокимият музейи” кўргазмасида намойишга қўйилди. Лекин орадан кўп ўтмай президент Владимир Путин ва бош вазир Дмитрий Медведев аёллар ич кийимида тасвирланган бу расмлар маҳаллий полиция тарафидан мусодара қилиниб, кўргазма ёпиб қўйилди.

Рассом Константин Алтунин чоршанба куни Озодликка телефон орқали берган интервьюсида расмлари кўргазмага қўйилганидан кейин ўзига нисбатан таҳдидлар билдирилгани боис мамлакатни тарк этгани ва энди Россияга қайтишни истамаслигини билдирди.

- Бугун Париж шаҳар префектурасига мурожаат қилдим, чунки бошқа иложим қолмади. Мен Францияга фойда келтириш ва унга солиқ тўлаш учун бу ерда яшаш учун рухсатнома олган бўлардим. Лекин мен сиёсий бошпана сўрашга мажбурман, чунки мен кутилмаганда тез қочишга мажбур бўлдим,- дейди рассом.

Кўргазмага қўйилган ҳажвий расмлар орасида гейларга қарши қонунни тарғиб қилган Рус православ черков раҳнамоси ва дума депутатлари ҳам тасвирланган.
Кўргазмага қўйилган ҳажвий расмлар орасида гейларга қарши қонунни тарғиб қилган Рус православ черков раҳнамоси ва дума депутатлари ҳам тасвирланган.
Душанба куни полиция Алтунин қаламига мансуб бошқа расмларни ҳам мусодара қилди. Кўргазмага қўйилган ҳажвий расмлар орасида гейларга қарши қонунни тарғиб қилган Рус православ черков раҳнамоси ва дума депутатлари ҳам тасвирланган.

Алтунин Россия расмийларининг унинг ижодига муносабатини фикр эркинлигининг “номақбул ва жирканч йўл билан бостирилиши”, дея атайди.

Полиция квартирада ташкил қилинган “Ҳокимият музейи”ни ҳам ёпиб қўйган.

Алтуннинг айтишича, арт-лойиҳанинг бошқа ташкилотчилари ҳам тазйиқларга учраган.

- Ташкилотчилар ҳам ҳисбга олинди, лекин уларнинг бунга ҳеч қандай алоқаси йўқ, чунки ҳаммасига Алтунин айбдордир. Улар ташкилотчиларни кечаси соат учгача ушлаб туриб, кейин полиция бўлимига олиб кетишган. Улар орасида аёл киши ҳам бўлган ва полиция уни роса қўрқитиб, устидан кулишган, дейди рассом.

Ўшандан бери рўй берган бир нечта воқеани Алтунин ўзи учун бевосита таҳдид деб қабул қилган.

- Менга бир неча марта қўнғироқ қилишди, лекин мен гўшакни ҳар сафар қўйиб қўйдим. Кейин Францияга кетиш ҳақида қарор қилганимдан кейин, бу қарорни қабул қилишимдан бир неча соат ўтиб хотиним қўнғироқ қилди, у пайтда уйда эмасдим, хотиним пастда полиция машинаси тургани ва мен ҳақимда суриштираётганини айтди. Шунинг учун уйга қайтмадим. Мени қочди, деб айтишингиз мумкин. Буни уятли иш деб аташингиз мумкин. Лекин бунинг бошқа эстетик жиҳати ҳам бор. Охир-оқибат Парижда турибманку, деб ҳазиллашади рассом Алтунин.

ВКонтакте тармоғидаги саҳифасида эълон қилган президент Путинга очиқ мактубида Алтунин санъатни цензура қилишни тўхтатиш ва асарларини қайтаришни талаб қилди.

Полиция рассом Алтунин ўз асарлари билан қандай қонунни бузганини изоҳламаётир. Россияда ҳокимият вакилларини ҳақорат қилишга қарши қонун бор ва унга кўра, кўпи билан бир йиллик қамоқ жазоси берилиши мумкин.

“Ҳокимият музейи” хўжайини Александр Донскойнинг Озодликка айтишича, расмийлар ундан мазкур воқеани Санкт Петербургда сентябр ойида ўтказиладиган Катта Йигирмалик саммити олдидан овоза қилмасликни талаб қилишган.

Мазкур музей 15 август куни очилганидан бери мухолифат мавзусидаги бошқа кўргазмалар, жумладан мухолифат етакчиси Алексей Навальнийни ёқловчи кўргазма ташкил қилинди.

Ҳозирда музей ёпиқ қолмоқда.
XS
SM
MD
LG