Линклар

Шошилинч хабар
14 сентябр 2024, Тошкент вақти: 12:16

Қаршида тутиб турилган тожикистонлик қария операцияга ётқизилди


Бир ой олдин ўзбек чегарачилари томонидан болалари билан бирга Қарши шаҳар ички ишлар бошқармасига етказилган 74 ёшли панжакентлик Мардон Бўриев операция қилинди ва ҳали ҳам ҳушига келгани йўқ.

Бу ҳақда Озодликка отахоннинг турмуш ўртоғи Норчучук Эшмуродова маълум қилди.

Унинг айтишича, бу хабарни унга бир неча кун аввал Қарши шаҳридан қўнғироқ қилган номаълум аёл етказган.

- У чолимни беш нафар шифокор операция қилганини айтди. Аммо у ҳалигача ўзига келмабди. Бу аёл ўзини таништирмади, фақат телефон рақамини эрим бериб, қўнғироқ қилиб қўйишни илтимос қилганини айтди, - деди Норчучук Эшмуродова Озодликнинг тожик хизматига.

Норчучук опа турмуш ўртоғининг нима сабабдан жарроҳлик амалиётига ётқизилганини ва ҳозир унинг аҳволи қандай эканини билмаслигини айтди. Унга кўра, эри ҳалиги аёлга уни икки ойдан бери ҳеч бир айбсиз қамоқхонада тутиб турганларини айтган.

Тожик расмийлари маълумотларига кўра, ўзбек чегарачилари 74 ёшли Мардон Бўриев ва унинг уч нафар яқинини шу йилнинг 10 июл куни Фароб жамоатига қарашли Шоҳпаз дарасидаги даладан Ўзбекистонга олиб ўтиб кетилган. Ўзбекистон тарафи уларни чегарани бузганликда айбламоқда. Бироқ Бўриевнинг яқинлари тожикистонликлар ҳибсга олинган ҳудуд азалдан уларга қарашли бўлганини, буни тасдиқловчи ҳужжатлари ҳам борлигини иддао қилмоқдалар.

Норчучук Эшмуродова 23 август куни унга Ўзбекистондан қўнғироқ бўлганини ва яқинлари билан бирга олиб кетилган невараси Манучеҳр билан гаплаша олганини қўшимча қилади. Аёлнинг айтишича, Манучеҳр бувисига яқинда уни қўйиб юборишлари ва ота-онасига топширишлари кераклигини айтган. “Бироқ ҳали ҳам улардан дарак йўқ”, дейди Эшмуродова.

Бу тожикистонликларнинг ўзбек чегарачилари томонидан қўлга олиниши бўйича биринчи ҳодиса эмас.

Июн ойи ўрталарида Моғиён қишлоғида истиқомат қилувчи беш чўпон - Тўлибой Қурбонхўжаев, Рустам Ҳайдаров, Меҳриддин Шамсиддинов, Суҳроб Абдуллаев ва Довуд Ҳайдаров ўзбекистонлик чегарачилар томонидан ҳибсга олинганди. Тожикистонликлар моғиёнлик чўпонлар Тожикистон ҳудудидан ушлаб кетилганини иддао қилганлар. Айни пайтда Ўзбекистон МХХ Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси матбуот хизмати тарқатган баёнотда айтилишича, беш нафар чўпон ва чорва Тожикистон ҳудудида эмас, балки Ўзбекистон ичкарисида ушлаб қолинган:

“Улар 1475 бош чорвани (ундан 36 боши қорамол) боқа туриб, Ўзбекистон ичкарисига бир километрдан ортиқ кирганлар”, дейилганди Ўзбекистон МХХ Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси матбуот хизмати томонидан ўша пайтда тарқатилган баёнотда.
XS
SM
MD
LG