Линклар

Шошилинч хабар
15 сентябр 2024, Тошкент вақти: 02:37

Sport-TVдаги текширув "юқоридан тинчитилди"


Спорт-ТВнинг интернетдаги саҳифаси.
Спорт-ТВнинг интернетдаги саҳифаси.

Ўзбекистоннинг Sport-TV телеканали бир гуруҳ ходимларининг телеканал раҳбарияти устидан ёзган ўнлаб шикояти ортидан бошланган прокуратура ва солиқ ходимлари тафтиши директор ўринбосари Шодилла Муҳаммаджоновнинг ишдан олиниши билан якунланди. Телеканал ходимларига кўра, гарчи бир қанча иқтисодий жиноятлар аниқланган бўлса-да, бу иш бости-бости бўлган ва ғайриқонуний қалам ҳақи олганларнинг пулларни қайтариб бериши билан иш ёпилган.



Жорий йилнинг март ойи ўрталаридан бошлаб прокуратура ва солиқ қўмитаси ходимларидан иборат махсус гуруҳ Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси таркибидаги Sport-TV канали раҳбарияти фаолиятини текширишни бошлаган эди.

Текширувнинг бошланишига бир гуруҳ ходимларнинг Sport-TVдаги порахўрлик, маҳаллийчилик, гуруҳбозлик ҳақида Ўзбекистон Бош прокуратурасига, президент девонига ёзган шикоят мактуби сабаб бўлган эди.

Озодликка Sport-TV муҳаррирларидан бирининг, исмини очиқламаслик шарти билан айтишича, текширув натижаларидан канал жамоаси қониқмаган:

- Спорт телеканали директорининг ўринбосари Шодилла Муҳаммаджоновни силлиққина қилиб пенсияга кузатишди. Унинг ўрнига Шерзод Олимов деган ёш йигитни қўйишди. Прокуратура ҳам, солиқ ҳам жуда кўп қонунбузарликларни аниқлади. Масалан, Шодилла Муҳаммаджоновнинг ўзи ўтган йили Универсиада очилиш ва ёпилиш маросимларида ўзини сценарий автори деб икки миллион сўм пул ёзиб олган. Аслида бунда фақат режиссёр ва операторларга пул ёзилади. Бундан ташқари, ғайриқонуний қалам ҳақи олганлардан 15-16 киши пулларни қайтариб берди. Шу билан иш тинчиди қолди. Жуда юқоридан “тинчитинглар” деган буйруқ бўлган экан,- дейди муҳаррир.

Унинг айтишича, гарчи бир талай қонунбузарликлар аниқланган бўлса-да, Sport-TVда ҳеч нарса ўзгармаган:

- Асосий камчилик ўрта табақада ўтирган раҳбарларнинг лаёқатсизлиги. Иккинчиси, соҳа бўйича ўқиганлар йўқ. Биласиз, редактор бўлиш учун филология ёки журналистикани битирган бўлиши керак. Йўқ, мутахассислар дипломига қаралмайди. Энг даҳшатлиси агар МХХ ёки прокуратурадан телефон қилишса, мени кечирасизу, кўчадаги итни ҳам ишга олишади. Аксарият адабий тилни билмайди, нолдан ҳам паст, шармандали даражада. Савияли ходимлар жуда кам. Ҳақиқий журналистларга эса йўл йўқ,- деди Sport-TV телеканали муҳаррирларидан бири.

Муҳаррирга кўра, Sport-TVнинг бош директори лавозимида ишлаб келган Давлат Турдиалиев инсульт касалига чалинганлиги сабабли, икки ярим ойдан буён ишга чиқмаган ва айни пайтда телеканал директорсиз фаолият юритмоқда.

Озодлик Sport-TV билан боғланиб, прокуратура олиб борган текширувлар қандай натижа билан якунлангани ҳақида маълумот олмоқчи бўлди, бироқ телефон гўшагини олган мулозим саволларга жавоб беришдан бош тортди.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг "Ёшлар" телеканалида ишлаб келган журналистлар Саодат Омонова ва Малоҳат Эшонқуловаларнинг телевидениедаги қонунбузарликларга қарши курашлари Озодликда ёритилган.

2010 йилда Ўзбекистон Бош прокуратураси Малоҳат Эшонқулованинг “Ёшлар” телеканали раҳбарияти устидан юқори ташкилотларга ёзган аризаси юзасидан текширув ўтказган ва каналдаги айрим камчиликларни қайд этган эди.
XS
SM
MD
LG