Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:12

Ўзбекистон ҳудудида Қирғизистоннинг 200 вагони қамалиб қолди


20 августдан бери Қирғизистонга оид 200 вагон Ўзбекистон ҳудудида туриб қолган. Бу вагонлар Қирғизистонга нефт маҳсулотлари¸ озиқ-овқат ва қурилиш моллари элтаëтган бўлган.

Бу ҳақда Қирғизистон парламентининг 5 сентябр кунги йиғилишида “Ата Мекен” фракцияси депутати Абдумухтор Маматов гапирди.

Қирғизистон парламенти депутати вагонларнинг ўзга давлат ҳудудида тўхтатиб қўйилиши сабаблари очиқланиши керак¸ деган талабни парламент мажлиси муҳокамасига қўйди:

- Бугун бу борада Қирғизистон ҳукумати нима иш қилди? Қачон бу вагонларга юкланган товарлар бизнинг ҳудудга етиб келади? Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги бу ҳақда ҳеч нарса билмайди. Қирғизистон темир йўл идораси ҳам ҳеч нарса билмайди. 200 вагонга ортилган юк қўшни мамлакатда қамалиб ëтгани боис нарх-наво кўтарилиб кетди¸ деб таъкидлаган депутат масалани ҳукумат олдига кўндаланг қўйиш лозимлигини таъкидлади.

Абдумухтор Маматов Қирғизистон темир йўл идораси раҳбарларини Ўзбекистонга бориб вагонларни қамалдан қутқаришга чорлади:

- Қирғизистон темир йўл идораси раҳбарлари ўша ëққа бориб муаммони ечишлари шарт. Улар то муаммо ечилмагунича ўша ëқда кунни тунга улаб ëтишлари зарур¸ деди депутат.

Депутатнинг бу чақириғидан кейин Қирғизистон Нефт трейдерлари уюшмаси президенти Медет Керимқулов матбуот анжумани ўтказиб¸ Ўзбекистон ҳудудида қамалиб қолган вагонлар боис мамлакат ëқилғи бозори катта зарар кўраëтганига эътибор қаратди.

Керимқуловга кўра¸ чегараларни очиш масаласи яқин орада ҳал бўлмаса, ёнилғининг етишмаслиги боис Қирғизистон жанубида жиддий иқтисодий бўҳрон келиб чиқиши мумкин.

Озодлик мухбири Ўзбекистонда туриб қолаëтган Қирғизистонга оид вагонлар масаласида Ўзбекистон Темир йўллари идораси билан боғланди.

Ўзини раҳбар ўринбосари дея таништирган мулозим Қирғизистонга оид 200та вагоннинг туриб қолгани борасидаги маълумотни тасдиқлаган ҳолда¸ тафсилотларни очиқламади.

Мулозимнинг билвосита эътироф қилишича¸ Ўзбекистон мустақиллиги арафасида темир йўллардаги баъзи қатнов йўналишлари вақтинча бекитилган ва бу ҳолат қўшни давлатларга оид вагонларнинг туриб қолишига асос бўлган.

Ўзбекистон ҳудудида Тожикистон ва Қирғизистонга оид вагонларнинг турли сасабларга кўра туриб қолиши кўп кузатилган.

Шу йил бошида ўзбек-қирғиз чегарасида тўпланиб қолган Қирғизистонга тегишли вагонлар сони 700 тага етган эди.

Жорий йилнинг 25 январида Ўзбекистоннинг ўзбек-қирғиз чегарасини бир томонлама ёпиб қўйгани боис тўпланиб қолган 700 та вагонни қамалдан чиқариш масаласи ҳукуматлар даражасида кўрилганидан кейин ечим топган эди.

Йил бошида поездларнинг тўпланиб қолиши Сўхда маҳаллий аҳоли ва Қирғизистон чегарачилари ўртасида можаро чиққани билан изоҳланган бўлса¸
20 августдан бери тўпланиб қолган вагонлар масаласини Ўзбекистон мустақиллик байрами олдидан кўрилган хавфсизлик чоралари билан боғлашмоқда.

Бугунги кунда Қирғизистоннинг Ўзбекистон чегарасидан ўтадиган учта темир йўл станцияси бор. Булар “Қизилқия- темирйўл”, “Қорасув-темир йўл” ва “Шамолдисой-темир йўл” станциялари бўлиб, улар учаласининг ҳам 20 августдан буён ёпиқ тургани айтилади.
XS
SM
MD
LG