Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:41

Хитой Ўзбекистон иқтисодиётига $ 7,7 млрд сармоя ётқизади


Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ва Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзинпин иқтисодиётнинг қатор соҳаларида ҳамкорлик бўйича умумий қиймати 15 миллиард долларга тенг бўлган шартнома имзолади.


France-Presse агентлиги хабарига кўра, имзоланган 31 та ҳужжатда акс этмиш келишувлар нефт, газ ва уран конлари разведкаси ҳамда уларни қазиб олишни кўзда тутади.

Бундан ташқари, икки мамлакат раҳбари муқаддам имзоланган Ўзбекистон-Хитой газ қувури тўғрисидаги шартномани ўзгартиришга қарор қилишди. Бу ерда гап Туркманистондан бошланадиган ҳамда Ўзбекистон ва Қозоғистондан ўтадиган газ қувурининг тўртинчи бўғини ҳақида бормоқда.

Маълумотларга кўра, ўзаро ҳамкорлик лойиҳалари бўйича ХХР молиявий ресурслари 7,7 миллиард долларни ташкил этади.

Ҳужжат имзолаш маросимида сўзлаган Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 2002 йилдан буён Ўзбекистонда Хитой сармоясидан фойдаланган ҳолда умумий қиймати 6,75 миллиард долларлик 83 та лойиҳа амалга оширилганини билдирди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда Хитой сармояси иштирокидаги 455 та корхона фаолият кўрсатмоқда, улардан 70 таси тўлалигича хитойликлар капитали билан ишлайди.
Сўнгги 20 йил давомида, Хитойнинг Ўзбекистондаги элчиси Чжан Сяога кўра, икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш 50 баробарга кўпайган.

2012 йил якунларига кўра, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги мол айирбошлаш 3,4 миллиард долларга етган. 2013 йилнинг 7 ойи мобайнида эса икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш 2,54 миллиард долларга етган.

Аввалроқ Хитойнинг Марказий Осиëга, хусусан, Ўзбекистонга қизиқиши ҳақида мулоҳаза билдирган мустақил кузатувчилар бу қизиқишнинг минтақа энергетик ресурслари билан боғлиқ эканини таъкидлагандилар. Хусусан, ўзбекистонлик мустақил таҳлилчи Малик Абдураззоқов коррупция ботқоғига ботган Марказий Осиë¸ хусусан¸ Ўзбекистон сиëсий бошқаруви ўз давлатини иқтисодий жиҳатдан қолоқликка тортиш эвазига Хитой иқтисодини юксалтиришга хизмат қилаëтганини таъкидлаганди:

- Хитой учун ҳозир асосий муаммо ўзининг чегара ҳудудларидаги минтақаларини иқтисодий ривожлантириш учун Марказий Осиë энергетик ресурсларини сўриб олиш¸ унинг ëқилғи қувватини ўз манфаатлари учун ишлатишдир. Хитойнинг бу минтақада¸ хусусан¸ Ўзбекистонда бошқа қизиқиши йўқ. Марказий Осиëда қанақа ҳукумат бўлмасин - диний¸ дунëвий¸ миллатчи бўладими - Хитойга барибир. Чунки Пекин бу ҳукуматдагиларни пора эвазига¸ ўз арзон технологиялари эвазига сотиб олишини яхши билади. Мен Хитой билан алоқаларни кучайтиришда минтақа ва Ўзбекистон учун ҳеч қандай истиқбол кўрмайман. Бу минтақа ўтмишда мажбуран Россия учун хом ашë базасига айлантирилган бўлса¸ бугунга келиб¸ порахўр сиëсий элита ихтиëри билан Хитой учун ëнилғи хом ашëси базасига айланди¸ - деганди мустақил таҳлилчи Малик Абдураззоқов.

Бундай иқтисодий муносабатларнинг Ўзбекистон иқтисоди учун қанчалик хатарли экани, таҳлилчига кўра, Хитой билан алоқалар кучайган 2005 йилдан бери мамлакатда юзага келган энергетик бўҳрон очиқ кўрсатиб турибди.

Таҳлилчи Абдураззоқов фикрича, Хитойга газ, қолаверса, электр энергияси экспорт қилиш ҳажми ошган сайин Ўзбекистон ҳудудининг аксар қисми экологик ва иқтисодий жиҳатдан зарарли бўлган кўмирга қарам бўлиб бормоқда. Ўзбек ëнилғиси ҳисобига Хитой иқтисоди ўсиб¸ Хитойда иш ўринлари кўпайган сайин Ўзбекистон иқтисодий қолоқлик домига тортилмоқда¸ ишсиз қолган аҳоли яқин ва узоқ хорижга муҳожиратга чиқиб кетмоқда.

ХХР раиси Си Цзинпиннинг Ўзбекистонга ташрифи 10 сентябр куни поёнига етиши кутилаяпти.

Ўзбекистондан кейин Хитой раҳбари Бишкекка йўл олади. У ерда Си Цзинпин Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти саммитида қатнашади.
XS
SM
MD
LG