Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:39

Обама Эрон президенти Руҳоний билан телефонда мулоқот қилди


АҚШ президенти Барак Обама жума куни Эрон раҳбари Ҳасан Руҳоний билан телефонда мулоқот қилганини айтди. Обама эронлик ҳамкасби билан мулоқот Теҳроннинг ядровий дастури атрофидаги ҳавотирлар тезроқ барҳам топишига умидлантирганини таъкидлади.

АҚШ ва Эрон президентлари 1979 йилдан буён илк бор телефонда мулоқот қилди.

Барак Обама ва Ҳасан Руҳоний жума кунги телефон суҳбати чоғида Теҳроннинг ядровий дастурига оид келишувни муҳокама этди.

Обама Руҳоний билан мулоқот Эроннинг ядровий дастури атрофидаги хавотирлар тезроқ барҳам топишига умидлантирганини таъкидлади.

Айни пайтда Оқ уй раҳбари эронлик ҳамкасбига келишувга эришиш жараёнида жиддий тўсиқлар пайдо бўлиши ва сўзлашувлар муваффақияти кафолатланмаганини ҳам эслатди.

АҚШ раҳбарига кўра, келишув жараёни анча мураккаб кечиши мумкин. Лекин Эронда янги раҳбарият ҳокимият тепасига келиши билан бу йўналишда силжишга эришиш имконлари пайдо бўлди:

- Келишувга эришишимиз учун замин бор, деб ўйлайман. Эрон олий лидери ядровий қурол ишлаб чиқаришга қарши фатво берган. Президент Руҳоний ҳам ўз мамлакати ҳеч қачон бундай қурол ишлаб чиқармаслигини айтган. Биз ҳам эронликларнинг тинч мақсадларга қаратилган ва ўз мажбуриятлари доирасида ядровий энергия олиш ҳуқуқларини ҳурмат қиламиз, деди Обама.

Хабарларга кўра, телефон суҳбати Эрон президентининг ташаббуси билан ўтказилган.

Аввалроқ Эрон президенти Ҳасан Руҳоний ўз мамлакати ядровий дастури билан боғлиқ можаронинг ечими бўйича ўз режасини Женева шаҳрида келаси ой бўладиган “5+1” форматидаги музокараларда тақдим этишини айтган эди.

Жума куни БМТ Бош Ассамблеяси сессияси теграсида қилган чиқишида Руҳоний ўз мамлакатинг ядровий қурол ишлаб чиқариш нияти йўқлигини яна бир бор такрорлади:

– Бундай қуролга Эрон хавфсизлик ва мудофаа тизимида ўрин йўқ, Бу фундаментал диний ва маъанвий қадриятлармизга ҳам зид келади, деди Руҳоний.

Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги дипломатик алоқалар 1979 йилда мамлакатда Ислом инқилоби рўй бергач, узилиб қолган эди.

Яқин Шарқдаги бир қатор мамлакатларда АҚШ элчиси бўлган Райан Крокер БМТ Бош Ассамблеясининг бу йилги сессияси Эрон ядровий масаласининг ечими учун умидларни пайдо қилганини айтади.

Жаноб Крокер Озодлик билан суҳбатда, эндиликда Эрон тарафидан конкрет қадамлар қилиниши лозимлигини таъкидлайди.

“Эронликлар ўз ядровий дастури бўйича Ню Йоркдаги сўзлашувлар пайти Ғарб давлатлари истагини қондирадиган таклифларни ўртага қўяжаги борасида кўп гапиришди. Кўрамиз, буни улар қилишарми экан. Лекин бошланиши яхши”, - дейди Крокер.

Ўз мамлакатининг ядровий дастури борасида мўътадил кўринаётган Руҳоний Эронда июн ойида бўлган президентлик сайловида ғолиб чиққан ва август ойида мамлакат раҳбари курсисига ўтирган эди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши Эронга қарши тўрт марта санкция жорий қилган. Шунингдек, Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари ҳам Теҳронни атом қуроли яратаётганликда айблаб, санкция қўллашган.

Бу жазо чоралари оқибатида Эрон иқтисодий равнақи учун муҳим саналган нефт экспорти камайди.
XS
SM
MD
LG