Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:57

Хонанда Сардор Раҳимхон операция учун 500 минг доллар тополмади


Тошкентда қаровсиз қарияни бўғизлаб кетган босқинчи қўлга олинди. Боғчага қабул қилиш учун 200 доллар пора сўралди. Наманганда бензинфурушлар катта кўчанинг ўртасида савдо қилмоқда. Жорий ҳафта маҳаллий матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

“Судялар даромад солиғидан озод этилиши мумкин”

Ўзбекистонда судялар даромад солиғидан озод этилиши мумкин (“XXI аср”, 10 октябр).

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида судялар фаолиятига доир қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритишни кўзда тутувчи қонун ҳужжати муҳокама этилган.

Депутатлар судяларни жисмоний шахслар даромад солиғидан озод этиш, судялик лавозимига номзодларнинг минимум ёши бўйича талабни 25 ёшдан 30 ёшга, юридик соҳада иш стажи талабини 3 йилдан 5 йилга кўтаришни таклиф қилмоқда. Қолаверса, судялик лавозимига номзоднинг мажбурий ўқиши давомида унинг асосий иш жойидаги ўртача ойлик маошини сақлаб қолиш ҳам кўзда тутилмоқда.

“Қаровсиз қарияни бўғизлаб кетган босқинчи 19 йилга кесилди”

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани ТТЗ-2 мавзесида ёлғиз истиқомат қилган 85 ёшли кампирни шафқатсизларча ўлдирган жиноятчи 19 йилга озодликдан маҳрум этилди (“Ҳуқуқ”, 10 октябр).

Жиноятчи ва марҳума аёлнинг исм-шарифи ошкор этилмаган, аммо ҳар иккиси татар миллатига мансуб экани маълум қилинган. Бош прокуратура катта терговчиси Толиб Тўраевга кўра, ёлғиз яшайдиган кекса аёлнинг уйига бостириб кирган жиноятчи уйқудаги кампирни электр сим билан бўғиб, калтаклаб ўлдирган. Жони узилган кампирни ваннага олиб кириб, устидан қайноқ сувни очиб юборган. Кейин уйдаги барча қимматбаҳо буюмларни ўғирлаб кетган.

Сўнгги пайтларда Тошкент шаҳрининг турли туманларида қаровсиз қарияларни тунаб кетиш ҳолатлари кўпайган ва шу муносабат билан ҳуқуқ идоралари аҳоли орасида тушунтириш ишларини кучайтирган.

“Хонанда Сардор Раҳимхонга отасини даволаш армон бўлиб қолди”

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сардор Раҳимхон отасини операция қилдириш учун зарур бўлган 500 минг долларни топа олмади (“Даракчи”, 10 октябр).

2010 йилдан кейин хонанданинг отаси жиддий касалликка чалинган ва икки ярим йил мобайнида топган-тутганини муолажаларга сарфлаган. Хонанданинг газетагa интервюда айтишича, отасининг бўйнидаги илик суягини жарроҳлик йўли билан алиштириш учун Германияда олиб бориш керак бўлган, бунинг учун эса ярим миллион доллар талаб этилган. Бу маблағни топа олмагани Сардор Раҳимхонга армон бўлиб қолган: oтаси вафот этган.

“Тошкентда порох портлатмоқчи бўлган босқинчи қўлга олинди”

Тошкент шаҳри Чилонзор тумани “Дўмбиробод” маҳалласидаги бадавлат хонадонга ўғриликка тушишни мақсад қилган Собир Ғойипов жиноят арафасида қўлга олинди (“Адолат кўзгуси”, 10 октябр).

Ғойипов порох, мих отувчи мослама ва пичоқ билан қуролланган эди. Бадавлат хонадон эгалари дарвозага ўрнатилган камера орқали кўпдан буён уй атрофида ўралашиб юрган шубҳали шахс ҳақида милицияга хабар беришган. Порох портлатиб босқинчилик қилмоқчи бўлган йигит Жиноят кодексининг 164-моддасида айбланиб, 5 йил озодликдан маҳрум этилди.

“Наманганда бензинфурушлар катта кўчанинг ўртасида савдо қилмоқда”

Наманган шаҳрининг бир қатор марказий кўчаларида ноқонуний бензин савдоси амалга оширилмоқда (“Диёнат”, 10 октябр).

Ғирвонсой кўчасидаги темир йўл кўприги остида, Жалолиддин Мангуберди ва “Гўзал” кўчалари кесишган ердаги чойхона олдида, Бобуршоҳ кўчасининг бошида, Жанубий айланма йўлининг Жаҳон бозори атрофларида ҳам ноқонуний ёқилғи савдоси одат тусига кирган.

“Курашхона” даҳасида жойлашган чорраҳада эса нон ва полиз маҳсулотлари савдоси авжига чиққан. Газета мухбири бу ҳолатлар қонунга зид экани, айни пайтда, йўл¬-транспорт ҳодисаларига сабаб бўлаётганини ёзади. Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 8 ойида Наманганда 505 та йўл-транспорт ҳодисаси рўй берган. Натижада 467 киши жароҳат олган, 97 нафар фуқаро вафот этган.

“Боғчага қабул қилиш учун 200 доллар талаб қилинди”

Тошкент шаҳри Учтепа тумани 26-мавзеда жойлашган мактабгача тарбия муассасаси хўжалик бўлими мудири бўлган аёл порахўрлик айби билан қўлга олинди (“Бозор ва истеъмолчи”, 9 октябр).

Исми ошкор этилмаган мансабдор аёл вилоятдан келган ота-онадан фарзандини боғчага қабул қилиш эвазига 200 доллар пора талаб қилган. Прокуратура ҳузуридаги департамент хабарига кўра, дастлабки суриштирув даврида хўжалик мудири 200 долларнинг 100 долларини боғча мудирасига бериши зарурлигини айтган.

“Юз сўмлик купюра тақчиллиги кузатилмоқда; 5000 сўмни кўрганлар бармоқ билан санарли”

Тошкент шаҳридаги супермаркет, савдо дўконлари ва жамоат транспортида юз сўмлик купюра тақчиллиги кузатилмоқда (“Новий век”, 10 октябр).

Бу эса савдо-сотиқ жараёнида кўп ҳолларда фуқароларнинг ҳақидан уриб қолинишига олиб келмоқда. Газета “Нима, юз сўмлик муомаладан чиқарилдими ёки чиқарилмоқдами?” деган саволни қўяди.

Айни пайтда муомалада фақат 200, 500 ва 1000 сўмлик купюралар қолган, холос. Нашрга кўра, бу кетишда булар ҳам муомаладан чиқиб кетиши ҳеч гап эмас. Жорий йил 1 июлдан Ўзбекистон Марказий банки 5000 сўмлик пулни муомалага чиқарди. “Новий век” газетаси ёзишича, 5000 сўмликни ишлатганлар у ёқда турсин, ўз кўзи билан кўрганлар ҳам кам. Газета бу борада мутасадди идоралардан изоҳ сўрайди.

“15 миллион сўмлик қабр тоши можарога сабаб бўлди”

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида яшовчи Нурия Исянова ўғлининг вафотидан кейин унинг тўйига атаб йиққан пулини қабр тоши ясаттиришга сарфлаган (“Истеъмолчи”, 10 октябр).

Шу мақсадда аёл “Ширий АН” хусусий корхонасига буюртма берган ва 15,3 миллион сўм эвазига қабр тоши ясаттирган. Хусусий корхона қабр тошига 50 йилга кафолат хати ёзиб берган. Аммо орадан 2 ой ўтгач, қабр тоши қийшайиб, дарз кетган.

Исянова сифатсиз қабр тоши юзасидан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш идорасига мурожаат қилган. Хабарга кўра, онахонга пули қайтариб берилган.

"Автобус ва автомобил тўқнашувида бир киши нобуд бўлди”

4 октябр соат 12ларда Тошкент шаҳри Қовунчи кўчасида – 270-АТС яқинида “Мерседес Бенц” автобуси ва “Матиз” автомобили тўқнашиб кетди (“Пойтахт транспорти”, 11 октябр).

Автоҳалокатга “Матиз” ҳайдовчиси Виктор Югайнинг автомобилини белгиланмаган жойдан кескин бургани сабаб бўлган.

Тўқнашув натижасида “Матиз” ҳайдовчиси ва йўловчиси жароҳатланиб, шифохонага ётқизилган. 5 октябр куни эса “Матиз” йўловчиси шифохонада вафот этган. “7-автокорхона”га тегишли “Мерседес-Бенц” автобуси ҳайдовчи Мўмин Сатторов бошқарувида бўлган.
XS
SM
MD
LG