Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:58

Коллеж битирувчиларни ишга олмаган ташкилот жазоланиши мумкин


Ўзбекистоннинг “Меҳнат ва аҳолини бандлиги тўғрисида”ги қонунига киритилган ўзгартишларга мувофиқ энди иш берувчилар коллеж ва махсус билим юртларини битириб чиққан мутахассиларни, шунингдек қамоқдан озод этилган фуқароларни ишга олишга мажбурдирлар.


Ўқишни битказиб қайтган мутахассислар ва қамоқхона муддатини ўтаб чиққан фуқароларни ишга қабул қилишдан бош тортган амалдорлар ёки бунга масъул шахслар бундайн буён бир неча ойлик миқдоридаги жарима кўринишида маъмурий жавобгарликка тортилади.

Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги расмийларига кўра, 8 октябрдан кучга кирган бу қонуний ўзгаришлар аҳолининг иш топиш имконларини ошириш мақсадида қабул қилиняпти.

Вазирлик расмийларидан бири Фарҳод Сулаймонов Озодлик билан суҳбатда:

- Мақсад иш топишга қийналаётган қатлам вакилларига ўз ўрнини топишлари учун қонуний шароитни яратишдир, - деб билдирди.

Кузатувчилар бундай қонуний ўзгаришларга Ўзбекистон президентининг танқидий чиқишлари туртки бўлганини айтишади.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов шу йил бошида қилган маърузасида коллеж битирувчилари ўз ҳолига ташлаб қўйилгани, уч йил ўқиб, мутахассис бўлган ёшлар турли идора ва корхоналар эшигини қоқиб, иш тополмай, сарсон бўлиб юрганини айтган, корхона раҳбарларини бу муаммога беэътибор бўлмасликка чақирганди.

“Агар раҳбар бўлсанг, коллеж битирувчисинининг олдига бориб, уни кўндиришинг керак: “Мана, янги иш бошланяпти, сенга шунча ойлик бераман, шунча шароит яратиб бераман, эртага ойлигинг яна ошади, ҳали оила бошлиғи бўласан, сенга квартира берамиз…”, деб болаларимизни ишга жалб қилишимиз керак. Биз эса тескарисини қиляпмиз”, – деган эди Каримов.

Тошкентнинг Қўйлиқ бозорида мардикорликка чиққан ёшларнинг кўпчилиги коллеж битирувчилари.

Қашқадарёлик ветеренария соҳаси мутахассиси Муҳиддин шуларнинг бири.

- Икки йил аввал ветеренария соҳаси бўйича Шаҳрисабздаги коллежни тугатганман. Менга 200 минг ойлик таклиф қилишди. Бу ойликка яшаб бўлмайди. Мен ҳозир Тошкентда мардикорлик қилиб кўпроқ топаяпман. Яхшироқ ойлик берса ўз соҳасмиз бўйича ишлар эдик,- дейди Муҳиддин.

Бухоро вилоятининг Олот туманидаги мактаблардан бирининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Ғайбулла Бектошевнинг айтишича, ўзбекистонлик ўқувчи-талабаларнинг кўпчилиги иш топаолмаганидан Россия ва бошқа мамлакатларга кетиб қоляпти.

Бухоролик муаллимга кўра, Ўзбекистондаги ишсизликни буйруқбозлик билан, ҳал қилиб бўлмайди.

- Оддий бир мисол. Коллежни битказиб чиқаётган мутахассисларни 0,25 ставка билан ишга қабул қиляпти. Бир ишчи ойлигининг тўртдан бирига кун кўриб бўладими. Нима қилади, Россияга кетади. Бир штатга бир одамни қабул қилиши керак ўзи. Булар ҳозир планни бажараман деб, бир штатга тўрт одамни қабул қилиб, ойлигини тўрттага бўлиб беряпти. Тепага мана шунча одамни иш билан таъминладим, деб ҳисобот беряпти, - дейди Ғайбулла Бектошев.

Ўзбекистон президенти ёшларни, жумладан, коллеж битирувчиларини иш билан таъминлаш билан боғлиқ нотўғри ҳисоботларни топширган раҳбарларни ҳам жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисида бош прокурорга алоҳида кўрсатма берган эди.

Ўзбекистонда ишсизлар сони ҳақида аниқ рақамлар йўқ. Шунингдек, ҳукумат чет элга ишлагани кетган ўзбекистонликларнинг сони ҳақида ҳам ҳеч қандай маълумотни бермайди.

Мустақил кузатувчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, биргина Россияда ўзбекистонлик меҳнат мухожирларининг сони 5-7 миллионни ташкил этади.

Айни пайтда Ўзбекистоннинг кўпгина вилоятларида маҳалла фаоллари уйма-уй юриб, хорижга ишлашга кетган фуқаролар рўйхатини тузмоқда.

Хорижга кетиб қолган коллеж ўқувчилари ортга қайтарилмоқда.
XS
SM
MD
LG