Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:17

BahsOnline: Роғун ГЭСи минтақа учун фойдами ёки зарар?


Озодликнинг чоршанба, 16 октябр куни, Тошкент вақти билан соат 21.00 да бошланган BahsOnline дастурига Тожикистонда қурилиши бошланган Роғун ГЭСи қурилиши тарафдорлари ва бунга қарши бўлганларни таклиф этдик. Хўш, Роғун ГЭСи, Ўзбекистон ҳукумати иддао қилаётганидек, Марказий Осиёга экологик фалокат олиб келадими ёки Тожикистон ҳукумати даъво қилаётганидек, минтақа учун фойдали бўладими? Сизнингча, ким ҳақ?

27 сентябр куни БМТ Бош ассамблеяси 68-сессиясида чиқиш қилган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов қўшни мамлакатлар қураётган гидроиншоотлар минтақада экологик вазиятнинг ёмонлашаётгани айтиб, бу "чучук сув тақчиллиги шароитида долзарб муаммодир”, дея таъкидлади.

Роғун ГЭСи ўн йиллардан буён Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматлари ўртасидаги зиддият ўчоғи бўлиб келмоқда.



Собиқ иттифоқ пайтида Тошкентдаги илмий институтларда лойиҳалаштирилган ва қурилиши бошланган Роғун ГЭСи СССР парчаланганидан сўнг тўхтаб қолган эди.

Ўзбекистон ҳукумати иддаоларига кўра, Роғун ГЭСи лойиҳаси бундан 40 йил аввал эскирган конструкция ва технологик қарорлар асосида ишлаб чиқилган ва қурилиш давом эттирилишдан аввал бу иншоот лойиҳаси халқаро экспертизадан ўтказилиши, унинг минтақа экологиясига хавфсизлиги, Амударё сув оқимига таъсири ва унинг зилзилабардошлилигига объектив ва асосланган баҳо берилиши шарт.

Ўзбекистон ҳукумати Роғун ГЭСи сейсмик жиҳатдан хавфли ҳудудда жойлашгани, бу ҳудудда бир неча марта 10 балли зилзилалар қайдга олинганини таъкидлар экан, шундай табиий офатнинг яна қайталаниши ортидан ГЭС тўғони ёрилиб, минтақадаги юз минглаб одамлар ҳаётига хавф солиши мумкинлигини қайд этади.

Бироқ Тожикистон томони ГЭС минтақа экологиясига хавф солмаслигини, агар тўғони баландлиги 335 метр бўлган Роғун ишга тушса, мазкур сув омборида қўшни давлатларнинг суғориш ишлари учун сув жамғарилиши осон бўлишини иддао қилади.

Ўзбекистон раҳбариятининг ҳисоб-китобича, агар Тожикистондаги Роғун ГЭСи қурилгудай бўлса, унинг тўғони ортидаги ҳавза тўлгунича, ўзбекистонликлар 8 йил сувсиз ўтиришга мажбур бўлади.

“Роғун сув омбори сув билан тўлгунича Ўзбекистон аҳолиси 8 йил сувсиз яшашига қандай қилиб йўл қўямиз, бу вақт ичида деҳқонларимиз нима иш қилади?” деган эди Ўзбекистон президенти Ислом Каримов.

Бироқ тожик томони бундай даъволар асоссиз эканлигини айтади:

“Ўзбекистон томонининг гапларида асос йўқ. Бу сув омборининг тўлиши, улар айтганидек, 8 йилга эмас, балки 15-17 йилгача ҳам чўзилиши мумкин. Иккинчидан, биз сув омборини тўлдириш учун сувнинг бор-йўғи 5 фоизини оламиз. Биласизми, қурғоқчилик йилларида Вахш дарёсининг суви 20-22 фоизгача камаяди. Лекин бу ҳеч нарсага салбий таъсир кўрсатмас эди. Сув омборининг қурилиши ҳеч қачон на Оролда, на Қорақалпоқда сувнинг камайишига сабаб бўла олмайди”, деган эди Тожикистон Бош Вазири Оқил Оқилов.

Ислом Каримов 2012 йилда Остона шаҳрида Марказий Осиёдаги сув можароси урушга олиб келиши мумкинлигидан ҳам огоҳлантирган.

Айрим сиёсатшунослар Роғун ГЭСининг қурилишига оид зиддиятлар аслида икки давлат раҳбарларининг ўзаро муносабатлари ёмонлигига бориб тақалишини айтадилар.

Бу сиёсатшунослар фикрича, агар давлат раҳбарлари бир-бирларига бўлган шахсий амбицияларини унутиб, юзага келган муаммоларни биргаликда ҳал қилса, Ўзбекистон ҳам Роғун ГЭСи қурилишида ҳиссадор бўлиб иштирок этса, мамлакатдаги энергетик бўҳронни ҳал қилиш мумкин.

Хўш, Роғун ГЭСи минтақа учун фойда келтирадими ёки зарар?

Агар шу масаладан яхши хабардор бўлсангиз, 16 октябр, чоршанба куни, Тошкент вақти билан соат 21.00 ўтказиладиган жонли баҳсимизда қатнашинг.

Агар сиз, Роғун ГЭСи қурилишига қарши бўлсангиз Skypeнинг OzodSkype манзилига қўшилинг.

Агар сиз, Роғун ГЭСи минтақа учун фойдали деган фикрда бўлсангиз OzodSkype2 манзилига қўшилинг.

Баҳсга марҳамат!
XS
SM
MD
LG