Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:54

Эроннинг янги президенти Ғарб билан музокарада янги шартларни қўйди


Женевада Эрон ва дунёнинг олти етакчи давлати вакиллари ўртасида мунозарали қолаётган Теҳрон ядровий дастурига оид икки кунлик сўзлашувлар бошланди. Бу Ҳасан Руҳоний август ойида Эрон президенти этиб сайланганидан бери Эрон ва Ғарб ўртасидаги биринчи музокарадир. Руҳоний ўн йилдан бери давом этиб келаётган бу муаммони бир йил ичида ҳал этишни ваъда қилди.


15 октябр кунги музокаралар Эрон Ташқи ишлар вазири Жавод Зариф ва 5+1 гуруҳи делегацияга бошчилик қилаётган Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича мутасаддиси Кэтрин Эштон ўртасидаги учрашув билан бошланди.

5+1 гуруҳи БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий беш аъзоси - АҚШ, Британия, Россия, Хитой, Франция ҳамда Германия вакилларидан иборат.

Эштон хоним 5+1 гуруҳи апрел ойида илгари сурган таклифга жавобан Эрон янги таклифларни ўртага ташлашини кутаётганини айтди.

Теҳроннинг мунозарали ядровий дастури сабаб халқаро ҳамжамият Эронга нисбатан жорий қилган санкциялар мамлакат иқтисодиётига салбий таъсир қилмоқда.

Ғарб давлатлари Теҳрон уранни бойитишни тўхтатиши ва ўз ядровий дастурини ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиши эвазига Эронга қарши жорий қилинган санкциялар юмшатилишини таклиф қилган эди.

Женева музокаралари бошланишидан олдин Зариф Теҳрон ва етакчи давлатлар ўзаро қарама-қаршиликни бартараф қилиш мақсадида ишлаб чиқилган “йўл харитаси” хусусида келишувга эриша олишига умид билдирди.

Музокаралар бошланганидан кейин Эрон Ташқи ишлар вазири Зариф ўз ўрнини муовуни Аббос Ароқчига бўшатиб берди.

Якшанба куни Эроннинг IRIB телеканалига интервю берган Ароқчи Эрон Ғарб рад эта олмайдиган таклифлар билан чиқишини айтди. Шу билан бирга Ароқчи Теҳрон уранни бойитиш ҳуқуқидан воз кечмаслигини таъкидлади.

- Уранни бойитиш ва уни давом эттириш биз учун қизил чизиқ. Биз ҳар қандай шароитда ҳам Эроннинг бу ҳуқуқини тўхтатиш, озайтириш ёки ундан воз кечиш ниятида эмасмиз. Аммо уран бойитилишини камайтириш ва қисқартириш билан боғлиқ масалаларда сўзлашувлар олиб боришимиз мумкин, деди Эрон Ташқи ишлар вазири ўринбосари.

Теҳрон уранни 20 фоизга бойитишни тўхтатиш ҳамда тиббий мақсадларда қўланиладиган оз ҳажмдаги урандан ташқари бойитилган уран заҳирасини хорижга жўнатиш ҳақидаги халқаро ҳамжамият талабини бажаришдан бош тортган.

Ғарб давлатлари Эронни яширинча ядровий қурол яратишга уринаётганликда айблаган. Эрон эса бу айбловларни инкор этиб келмоқда.

Айни пайтда, Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу Ғарб давлатларини Эроннинг қисман ён босаётганини рад қилишга чақирди.

Исроил Эрон битта атом бомбаси тайёрлаш учун етарли бўлган 250 килограмм миқдорда бойитилган уранга эга эканини айтмоқда.

БМТнинг Халқаро атом энергияси агентлиги маълумотига кўра, Эрон 185 килограмм 20 фоизгача бойитилган уранга эга. Эрон ортиқча уранни стерженларга жойлаш орқали бу миқдорни сақлаб турибди.

Вашингтон расмийлари Эроннинг ядровий дастури муаммосини ҳал этиш учун олдинда кўплаб музокарлар олиб борилиши кераклигини айтмоқда.
XS
SM
MD
LG