Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:55

Ўғлига Жумонг деб исм қўйган сурхондарёлик ота изза қилинди


Бунинг ортдан у ўғлининг исмини ўзбекчалаштиришга мажбур бўлди.Милиция мансабдори 6000 доллар пора билан ушланди. Самарқандда юрак шаклидаги помидор етиштирилди. Хонанда Дилфуза Исмоилова эҳтиросга тўла рақси учун танқидга учради. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

“Шифокор “процент” эвазига хорижнинг қиммат дорисини мажбурлаб ўтказмоқда”

Тошкент шаҳридаги поликлиникалардан бирида ишловчи шифокор беморларга мажбурий равишда хорижда ишлаб чиқарилган қиммат дори ва уколларни сотишга ҳаракат қилмоқда (“Ҳуррият”, 16 октябр).

Газета мухбири кузатувига кўра, бир хил таъсир кучига эга ва бир неча баробар арзон дори-дармонлар бўлгани ҳолда, шифокор атайин қиммат дориларни ёзиб бермоқда.

Маълум бўлишича, шифокор дори ишлаб чиқарувчи хориж компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорлик қилади: хориж дори ширкати шифокорга сотилган ҳар бир доридан маълум миқдорда мукофот беради. Газета мухбири беморларнинг тақдири, мурғак болаларнинг соғлиғини ўйин деб билган, “чет элнинг хўрозқандига ўрганган” шифокорни кескин танқид қилади.

“Кузатувимиз қаҳрамонлари исми шарифларини келтирмадик. Чунки улар битта эмас... Бошқалар ҳам хулоса чиқариб олсин дедик”, деб ёзади журналист С.Тожиддинова.

“Наманганда маҳалла раиси пора билан қўлга тушди”

Наманган вилояти Косонсой туманидаги “Боғишамол” маҳалласи раиси Қ.Ҳамроева пора билан қўлга тушди (“Диёнат”, 17 октябр).

Маҳалла раиси 2 ёшгача бола парвариши учун нафақа тайинлаш эвазига фуқаро Н.Абдуқодировадан 150 минг сўм пора олаётганда қўлга олинган.

Маҳалла раиси порахўрликка оид бошқа жиноятларда ҳам гумонланмоқда. Хабарга қараганда, прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Наманган бошқармаси жорий йил давомида вилоятда коррупцияга оид қатор жиноятларни фош қилган, 18 нафар ҳокимият, 9 нафар банк ва 28 нафар бошқа бошқарув идоралари масъулларини қўлга олган.

“Солиқ мансабдорлари Солиқ кодексидан бехабар бўлиб чиқди”

Навоий вилояти Конимех тумани давлат солиқ инспекцияси бўлим бошлиғи ва бош инспектори шу ҳудуддаги “Исат-Қанот” фермер хўжалиги раҳбари Н.Исмоиловдан 1,5 млн. сўм пора олаётганда қўлга олинди (“Ҳуқуқ”, 17 октябр).

Текширувни баҳона қилиб фермердан пора талаб қилган икки мансабдорнинг исм-шарифи маълум қилинмаган. Шунингдек, Наманган шаҳри солиқ идораси нозирлари А.Аҳмедов, Ш.Тошматов, М.Исақов, Т.Абдураҳмонова, О.Ҳакимжоновлар ҳам хусусий тадбиркорлар фаолиятига тўсқинлик қилгани учун жазога тортилган.

“Косонсой тумани ДСИ бошлиғи Х.Мустафаев Солиқ кодекси талабларидан бехабар бўлиб чиқди. Акс ҳолда, у Солиқ кодексининг 112-моддасида якка тартибдаги тадбиркорларга молиявий санкциялар суд тартибида қўлланилади, деган мезонни бузиб, хусусий тадбиркорлар И.Хамзаев ва З.Дадабоевнинг ҳар бирига 2,1 млн. сўм миқдорида молиявий жарима қўлламаган бўлар эди”, дея хулосалайди прокуратура нашри.

“Сурхондарёлик Жумонгнинг исми ўзгартирилди”

Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида яшовчи ота ўғлига Жумонг (корейс сериали қаҳрамони) деб исм қўйгани ортидан қариндош-уруғлари, яқинлари ўртасида изза бўлди (“Оила даврасида”, 17 октябр).

Кейинроқ дашномларга эътибор бермаган ота билан яқинлари ўртасида совуқчилик тушган, хонадондан жанжал аримай қолган, бола тез-тез касал бўла бошлаган.Охири Жумонгга ўзбекча исм қўйилган.

Мазкур воқеани ёзган газета ўзбекистонликларнинг она тилига бепарволигини танқид қилади. “Кейинги вақтларда Жасмин исми ҳам “мода” бўла бошлади. Ваҳоланки, ёсуман – миллий фолклоримизда ёвузлик, жодугарлик тимсоли”, деб ёзади “Оила даврасида” нашри.

“Рухсатсиз дарахт кесган мансабдорга иш очилди”

Тошкент шаҳри Юнусобод тумани 7-даҳасидаги “Замин коммунал сервис” уй-жой мулкдорлари ширкати раҳбари Қодиржон Усановга ноқонуний равишда дарахтларни кестиргани учун жиноий иш очилди (“Инсон ва қонун”, 15 октябр).

Ширкат ҳудудидаги ўнлаб дарахтларнинг кесилаётгани шу ерда яшовчи кексаларнинг норозилигига сабаб бўлган ва улар табиатни муҳофаза қилиш қўмитасига қўнғироқ қилишган. Ўрганишлардан кейин дарахтлар рухсатсиз кесилгани маълум бўлган. Табиатни муҳофаза қилиш идораси дарахтлар кесилишидан кўрилган зарарни 77,6 миллион сўм деб баҳолаган.

“Сержантлар мактабига киритиш учун 6000 доллар пора сўралди”

Қашқадарё вилояти Қарши шаҳар ички ишлар бўлими ёнғин хавфсизлиги идораси бошлиғи Элбек Раҳимов порахўрлик жинояти учун 6 йилу 3 ойга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси терговчиси Отабек Тоғаев “Ҳуқуқ” нашрига маълум қилади.

Милиция мансабдори вилоятдаги сержантлар мактабига ўқишга киритиш эвазига ички ишлар ходими бўлишга талабгор фуқародан 6000 доллар пора олган.

Мазкур жиноят иши Қарши шаҳар судининг очиқ мажлисида кўриб чиқилган. Айтилишича, айбига иқрор бўлгани, пушаймон экани, қарамоғида вояга етмаган фарзандлари борлиги ва бошқа омиллар инобатга олиниб, Э.Раҳимовга нисбатан енгил жазо тайинланган.

“Самарқандда юрак шаклидаги помидор етиштирилди”

Самарқанд вилояти Иштихон тумани Оққўрғон қишлоғида яшовчи Гулшан Ўроқова юрак шаклидаги помидорларни етиштирди (“Даракчи”, 17 октябр).

Ўроқова ҳар йили 50 сотихли ерига сабзавотлар экиб келган. Бу йил кутилмаганда юрак шаклидаги помидорлар пишиб етилган. Бу ҳолат оққўрғонликларнинг ҳайратига сабаб бўлган. Ер эгасининг ўзи помидорларни айни шаклга келтириш учун махсус чоралар кўрмаганини маълум қилган.

“Италияда “Дилхирож”га иккинчи ўрин берилди”

Италиянинг Венеция шаҳрида ўтган “Orphens in Italy” халқаро танловида Андижон вилояти Жалақудуқ туманидаги мусиқа мактаби ўқувчиси Мафтунабону Маҳмуджонова “Дилхирож”ни ижро этиб иккинчи ўринни олди (“Ўзбекистон овози”, 15 октябр).

Италиядаги танловда 28 мамлакатдан 400 га яқин вакил қатнашган. 13 ёшли ижрочи бошқа халқаро танловларда ҳам совриндор бўлган.

“Хонанда Дилфуза Исмоилова эҳтиросга тўла рақси учун тартибга чақирилди”

Ўзбек шоу бизнесининг яна бир вакили, хонанда Дилфуза Исмоилова қўл телефонлари орқали тарқалган видео учун танқидларга учради.

“Даракчи” нашрининг ёзишича, телефонлар орқали қўлма-қўл бўлган видеода хонанда Исмоилова калта юбкада эркаклар даврасида қўшиқ куйлаб, рақс тушаётгани тасвирланган.

“Атрофда қарсак чалиб рақс тушаётган, ҳаяжонини беркита олмаётганларнинг қийқириғи ва шинавандалар томонидан қистирилаётган АҚШ долларларидан завқланиб кетган хонанда ҳам гоҳ қўлини оёғига уриб, гоҳ у билан рақсга тушаётган йигитнинг бўйинбоғидан тортиб ўйинга тушади” деб ёзади шоу бизнес нашри.

Айни пайтда, газета хонанданинг рақси тасвирлаб беришга андиша йўл қўймайдиган ҳолатларга бой эканини ҳам қистириб ўтади. “Даракчи” нашрига кўра, хонанда Дилфуза Исмоилованинг тўйларда ўзини тутиши юзасидан арз қилаётганлар кўпайган ва бунинг учун хонандани тартибга чақириб қўйиш лозим.
XS
SM
MD
LG