Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:08

Пулчамбар таққан хонанда Шоҳжаҳон Жўраев жазоланиши мумкин


Uzbekistan -- Uzbek newspapers, 11May2013
Uzbekistan -- Uzbek newspapers, 11May2013

Наманганлик йигит бегуноҳ гўдакни чавақлади. Сурхондарёлик фуқаро “Дамас” олай деб беш йилдан бери сарғаймоқда. Тошкентда иситиш тизими ишга тушмагани оқибатида шамоллаш кўпайган. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Тошкент: иситиш тизими ишга тушмади. Болалар орасида шамоллаш кўпайган”

Ҳаво ҳарорати кескин тушиб кетганига қарамай, Тошкентдаги аксар кўп қаватли уйларда, ҳатто боғчаларда иситиш тизими ишга туширилмади, бунинг оқибатида ҳам катталар, ҳам болалар орасида шамоллаш ҳолатлари кўпаймоқда (“Новий век”, 31 октябр).

Газетага кўра, илгари иситиш мавсуми 25 октябрдан бошланган, бу йил қиш нафаси эрта келганига қарамай, шаҳар иссиқлик ширкати ўз вақтида керакли чора кўрмаган.

“Шу ўринда шаҳар ҳокимияти раҳбарияти, пойтахт туманлари раҳбарлари ўз уйларидаги индивидуал иситиш тизимини қачон ишга туширганларини билгимиз келди. Индивидуал деганимизга ҳайрон бўлманг – раҳбарларни алоҳида иситиш тизимига эга данғиллама ҳовлида эмас, бетондан қурилган кўп қаватли уйда яшашларини тасаввур қилолмадик” деб ёзади “Новий век” журналисти Саид Камолов.

“Шоҳжаҳон Жўраев пулчамбар таққан видео қўлма-қўл бўлмоқда”

Интернет ва уяли алоқа воситалари орқали таниқли ҳофиз Шерали Жўраевнинг ўғли, хонанда Шоҳжаҳон Жўраев бўйнига пулчамбар таққан видео тарқалди (“Даракчи”, 31 октябр).

Ўзбекистондаги тўйлардан бирида рўй берган бу ҳолат танқидларга сабаб бўлган. Газетага кўра, Ўзбекистон миллий валютаси саналган сўмни чамбарак қилиб бўйинга осиш унга ҳурматсизлик саналади ва қонунда миллий валютага ҳурматсизлик учун жазо мавжуд.

“Илгари санъаткорларга гуллар тақдим этилар эди. Охирги пайтларда бу одат бироз бошқачароқ тус олаётгандир-да! Буни қарангки, тўй эгасининг пулчамбар тақиб қўйгани Шоҳжаҳонга ҳам ёқиб тушган шекилли, ечгиси келмаяпти.

Санъаткорнинг санъати пул билан эмас, олқиш билан ўлчаниши керак” деб ёзади шоу бизнес нашри.

“Ўзбекистонда қандли диабетга қарши курашиш ойлиги бошланди”

Жорий йил 1 ноябрдан Ўзбекистондан қандли диабетга қарши курашиш ойлиги бошланди (“Халқ сўзи”, 31 октябр).

“Қандли диабет давлат ва жамиятга моддий ҳамда маънавий зарар етказиши билан ижтимоий хавфли касалликлар сирасига киради” дейди Республика ихтисослаштирилган эндокринология маркази бўлим мудири Моҳира Ойхўжаева.

Ойлик давомида аҳолига қандли диабет ва унинг хавфли омиллари ҳақида кенгроқ маълумот бериш, давра суҳбатлари ва очиқ эшиклари куни ташкил этиш кўзда тутилган.

“Сирдарёдаги автоҳалокатда опа-ука нобуд бўлди”

Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида рўй берган йўл-транспорт ҳодисасида бир оиланинг икки вакили ҳалок бўлди (“Адолат кўзгуси”, 31 октябр).

1991 йилда туғилган Абдукарим Абдалимов ГБА ГАЗ-3507 русумли автомашинасида йўлни кесиб ўтаётган Зарина Норбекова ва унинг укаси Улуғбек Норбековларни уриб юборган. Опа-ука оғир тан жароҳатидан воқеа жойида вафот этган.

Опа-ука Норбековлар 25 ва 15 ёшда бўлган. Маълумотларга қараганда, жорий йилнинг ўтган даврида Сирдарё вилоятида 71 мингдан ошиқ қоидабузарлик қайд этилган. Қоидабузарликларнинг асосий қисмини тезликни меъёрдан ошириш ва маст ҳолатда транспортни бошқариш ташкил этади.

“Наманганлик йигит бегуноҳ гўдакни чавақлади”

Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида мудҳиш жиноят қайд этилди: шу туманлик Музаффар Муҳиддинов бегуноҳ чақалоқни чавақлаб ўлдирди (“Инсон ва қонун”, 29 октябр).

Газетада эълон қилинган тафсилотларга қараганда, Музаффар Муҳиддиновнинг хотини эри билан жанжаллашиб, тугун-тўқмоғини кўтариб онасининг уйига кетиб қолган. Аёлининг итоатсизлигидан жаҳли чиққан Муҳиддинов рўзғор пичоғини чўнтагига солиб, қайнотасиникига йўл олган.

Муҳиддинов тор кўчада бир ёшли қизчасини кўтариб кетаётган Шаҳноза Ҳамроевага туртилиб кетган. Ушбу арзимас ҳолат жаҳл отига минган Муҳиддиновни янада қутуртириб юборган.

“Инсонлик қиёфасини йўқотган йигит” йўловчи аёл ва унинг чақалоғини пичоқлаб ташлаган. Ўша заҳоти қизчанинг жони узилган, онаси Шаҳноза Ҳамроеванинг эса ҳаёти сақлаб қолинган. Руҳий клиник шифохона Муҳиддинов жиноят содир этган пайтда ақли расо бўлган дея хулоса берган.

Жиноят ишлари бўйича Наманган вилояти суди қотилни узоқ муддатга озодликдан маҳрум этган.

“Сурхондарёлик фуқаро “Дамас” олай деб беш йилдан бери сарғаймоқда”

Сурхондарё вилояти Ангор туманида яшовчи Бўри Юсупов “Дамас” автомашинаси сотиб оламан деб беш йилдан бери сарсон бўлмоқда. “Мен Сурхондарё вилояти автохизмат ҳиссадорлик жамияти раиси номига 2008 йил 28 ноябрда бир дона “Дамас” русумли автомашина сотиб олиш учун ариза ёзган эдим. Орадан беш йил ўтди, фақат шу ташкилот оралиғида қатнайвераман, аммо ҳамон машинадан дарак йўқ”, дея “Даракчи” газетасига шикоят ёзган фуқаро Юсупов.

“Республикамизда “Дамас” автомобилларига бўлган талабнинг юқорилиги сабабли уларнинг танқислиги вужудга келмоқда ва кўплаб харидорлар талабларини қондиришнинг иложи бўлмаяпти”, дея муносабат билдирган “GM Ўзбекистон” компанияси бу ҳолатга жавобан.

“Пиёдага лой сачратган ҳайдовчига жазо борми?”

Ёғин-cочинли кунларда пиёдаларга лой сачратиб юрадиган беодоб ва бетамиз ҳайдовчилар кўпайиб қолади. Қонунчиликда уларга жазо мавжуд (“Истеъмолчи”, 31 окятбр).

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-моддасига кўра, пиёдаларга лой сачратган ҳайдовчига энг кам ойлик иш ҳақининг иккидан бир қисми миқдорида жарима солинади. Агар шу ҳолат уч марта ва ундан ортиқ маъмурий жазо тайинлаганидан кейин яна содир этилса, қоидабузарга энг кам ойлик иш ҳақининг 4 баравари миқдорида жарима солинади ёки олти ой муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади.

“Газеталар “думи хуржунда бўлган” маслаҳатлар бермасин!”

Ўзбекистондаги матбуот нашрларида эълон қилинаётган тиббиёт ва соғлиқни сақлаш мавзуларидаги мақолаларда қўпол имловий хатолар, хом-хатала маслаҳатлар кўпаймоқда (“Ҳуррият”, 30 октябр).

Тошкент тиббиёт академияси доценти, тиббиёт фанлари номзоди Алижон Зоҳидий ўқувчиларни чалғитувчи тиббий маслаҳатларни “думи хуржунда бўлган” маслаҳатлар деб атаган.

Мутахассис “Шифо – инфо”, “Бекажон”, “Даракчи”, “Суғдиёна” каби нашрлардаги қўпол хатоларни кўрсатиб берган.

“Тиббий маслаҳатлар беришда ёки тиббий тушунчаларни ўқувчига етказишда сўзларни синчиклаб текшириш зарур. Шунингдек, айрим нашрлар фақат интернет манбаларига суяниб қолмасдан ўзлари ҳам мақолалар тайёрлашса, ёмон бўлмасди. Қачонгача тайёр маълумотлар ўқувчига хом-хатала таржима қилиб берилади?” дея нўноқ муаллифларни саволга тутади Тошкент тиббиёт академияси доценти.
XS
SM
MD
LG