Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:28

АҚШлик ота-бола Тайванчикка пул ювишда кўмаклашганини тан олди


Пайшанба куни Нью Йоркнинг Манхэттен маҳкамасида АҚШнинг икки фуқароси россиялик тадбиркор Олимжон Тўхтаохуновга халқаро жиноий гуруҳни ташкиллаштиришда кўмаклашганига иқрор бўлишди.

Нью Йорк жанубий округининг федерал прокурори Прит Бхарарнинг матбуотга айтишича, 53 яшар Вадим Трунчер ва унинг 27 яшар ўғли Евгений Тринчер халқаро қимор ўйинларини ташкиллаштириб, Тўхтаохуновга ўнлаб миллион долларлик пулни ювишга кўмаклашган.

Бхарарга кўра, суд жиноий гуруҳнинг барча аъзолари маҳкамага келтирилмагунча давом этади.

АҚШ ҳукумати россиялик тадбиркор, баъзи доираларда криминал авторитет экани айтиладиган Тайванчик лақаби билан танилган асли тошкентлик Олимжон Тўхтаохуновга қарши пул ювиш, товламачилик, ноқонуний равишда қимор ўйинлари бизнеси билан шуғулланганлик айбловларини илгари сурган.

Олимжон Тўхтаохунов АҚШда халқаро ва Евроосиё уюшган жиноятчилигида йирик шахслардан бири сифатида қидирилаётган кишилар рўйхатида.

Илгари АҚШда унга қарши "гиёҳванд моддалар тарқатиш, ноқонуний қурол савдоси ва ўғирланган машиналар савдоси" билан боғлиқ айбловлар ҳам илгари сурилган.

Шунингдек, Тўхтаохунов 2002 йилда бўлиб ўтган Қишки Олимпиада ўйинларида фигурали учиш мусобақаси ҳакамларига пора берганликда ҳам айбланган.

Кейинчалик уни Италия суди оқлаган ва уни АҚШга экстрадиция этиш ҳақидаги сўрови Вашингтон сўрови қондирилмаганди.

Олимжон Тўхтаохуновнинг ўзи Озодлик билан суҳбатда ўзига қўйилган айбловларни мутлақо рад қилган.
XS
SM
MD
LG