Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:17

Ўзбекистонда болалар “ёмон кўрсатувлар”дан иҳота қилинди


Ноябрь ойи охиридан бошлаб Ўзбекистондаги кабель телевидениелари ва рақамли телевидениеларда “Карусель”, “Дисней” ва “Детский мир” (Болалар дунёси) телеканаллари чекланган тартибда эфирга узатилмоқда.

Мазкур телеканалларни ўзбекистонлик болалар эндиликда эрталабки соат 7 дан кечки соат 10 гачагина томоша қилишлари мумкин, бошқа пайт эса бу телеканалларда фақатгина заставка намойиш қилинмоқда.

Тошкентда фаолият юритувчи Starts TV рақамли телевидениесининг ўзини таништирмаган ходимаси Озодликка мазкур чеклов “юқорининг буйруғи асосида” киритилганини маълум қилди.

- Кечқурун соат 10 дан кейин эрталабки соат 7 гача ўчирилаяпти. Бунга юқоридан – Вазирлар маҳкамасидан буйруқ келди. Ўсмирларга хос бўлмаган фильмлар берилаётган экан бу пайтда, шу сабабдан ўчирилди. Бу телеканалларни UZDIGITAL да ҳам, кабель телевидениеларида ҳам ўчиришди, - деди Starts TV ходимаси.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, чеклов Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Ахборот фаолияти ва узатилиши самарадорлигини ошириш ва такомиллаштириш бўйича муассасалараро мувофиқлаштирувчи комиссия баённомаси асосида киритилган.

Тошкентлик Темур ака “Карусель”, “Дисней” ва “Детский мир” телеканаллари эфирининг чекланишини нотўғри деб ҳисоблашини айтади.

- Менинг фикрим – умуман одамни чеклаш керакмас. Мисол учун, ўша болаларнинг ота-онаси бор. Ўзининг ихтиёрига қараб туриб, болаларига кўрсатади – тўғрими-йўқми? Умумий чеклашни нотўғри дейман-да мен, мисол учун, - дейди Темур ака.

Айрим тошкентликлар тахминича, болалар учун кўрсатувлар намойиш қиладиган хорижий телеканаллар эфирига чеклов жорий қилиниши ўзбек расмийларининг маҳаллий телеканаллар, хусусан, “Болажон” телеканалига томошабин жалб қилиш истагидан келиб чиққан.

Эфири чекланган “Карусель” телеканали Россиянинг 1-канал ва ВГТРК давлат каналлари қўшма лойиҳаси, “Детский мир” (Болалар дунёси) Россиянинг НТВ телеканали лойиҳаси, “Дисней” эса жаҳонга машҳур Disney channel лойиҳаси бўлиб ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг август ойида Ўзбекистон кабель телевидениеларида Россиянинг “Домашний” телеканали трансляцияси тўхтатилганди. 2011 йили эса Россиянинг ДТВ, ТНТ, 2х2 телеканаллари трансляцияси, ундан аввалроқ РенТВ дастурлари намойиш этилиши тақиқланган.

Тошкентлик Темур ака Ўзбекистондаги кабель телевидениеларида ишлайдиган ходимларга ўз вақтида бу телеканаллар нима учун намойиш қилинмай қўйгани ҳақида савол берганини айтади.

- Мен: “Нимага РенТВни кўрсатмайсизлар, ТВ-Центрларни кўрсатмайсизлар?” деб сўраган эдим кабельнийдан. Мисол учун, “Дождь” деган каналлари бор Россиянинг. Очиқ-ойдин гапирадиган шунақа более демократичний информационний каналлар бор-да. Бизнинг Ўзбекистон тўғрисида ҳам гапиришади-да ўша каналларда. “Ўшаларни нега қўймайсизлар, одамлар қизиқиб кўради-ку” десам, “Биз қўйсак, кейин лицензиямизни олиб қўяди, ишхонани ёпиб қўяди давлат”, деди. Хуллас калом, ҳаммаёқдан иҳоталаниб ўтирибмиз-да мустақил бўли-иб, чегараларни ёпволи-иб, қўшнилар билан урушволи-иб, - дейди Темур ака истеҳзо билан.
XS
SM
MD
LG