Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:38

Солиқдан 218 доллар қарз бўлганлар молини давлат ўзлаштиради


Янги йилдан Ўзбекистонда солиқчиларга мол-мулкдан қарзни ундириш ҳаққини берувчи минимал миқдор оширилди. Президент 25 декабрда имзолаган янги қарорга мувофиқ бундан буён солиқ идорасидан 218 АҚШ доллари (минимал иш ҳақининг беш баробари, давлат курсида) миқдорида қарздор бўлган жисмоний шахсларнинг қарзи мол-мулки ҳисобидан ундирилиши мумкин.



2014 йилнинг январь ойидан бошлаб, Ўзбекистонда солиқ инспекцияларига аҳолининг солиқдан қарзини мол-мулкидан ундириш ҳаққини берувчи минимал миқдор 218 АҚШ долларига кўтарилди.

Бу миқдор 2013 йилнинг 25 декабрида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов имзолаган "Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида" номи остидаги қарорга мувофиқ белгиланди.

Norma.uz сайтининг хабар қилишича, солиқчиларга жисмоний шахслар қарздорлиги 5 минимал иш ҳаққи миқдоридан, юридик шахслар қарздорлиги эса 20 минимал иш ҳаққи миқдоридан ошган тақдирда қарздорликни уларнинг мулкидан ундириш ҳаққи берилган.

Ўтган йил 15 декабрдан Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи, пенсия ва нафақалар миқдори оширилди ва минимал иш ҳаққи миқдори 96 105 сўмга (тақрибан 43 АҚШ доллари) етди.

Солиқ идораси ходимлари бошқа фуқаро ёки давлат ташкилотидан тушган даъво аризаси ёки идора томонидан хўжалик судига ариза киритиш асосида қарзни мулкдан ундириши мумкин.

Тошкент шаҳридаги Солиқ инспекцияси идораларидан бирининг ўзини таништирмаган ходими бу амалиётнинг тартибини шундай тушунтириб берди:

"Тартиби шундай бўлади: Олдин бир неча марта огоҳлантириш берилади. Кейин махсус комиссия билан борилади. Қарз миқдоридаги нархда бўлган бирорта буюми олинади, сотилади ва шундай қилиб қарз олинади. Комиссияда нархни белгилаб берадиган одамлари ҳам бўлади", деди солиқ инспекцияси ходими.

Қарз ундирилар экан, қарз миқдоридаги буюмнинг нархи давлат дўконларидаги нархига кўра белгиланади.

"Борган комиссияда ўзи рўйхати бор. Унда нархлар кўрсатилган бўлади. Масалан, 400 минг сўм қарзи бўлса, телевизори 600 минг сўм турса, олинади ва давлат дўконидаги нархда сотилади. Кейин 200 минг сўм пули қайтариб берилади. Холодилникми, машинами, уйми - ҳаммаси шу тартибда белгиланади", деди солиқ идораси ходими.

Унинг айтишича, фуқаро эшикдан кириб келган солиқ ундирувчи комиссиядан хизмат вазифаси ва ваколатларини тасдиқловчи ҳужжат билан бирга суд қарорини сўрашга ҳақли.

"Одатда, хўжалик судининг қарори бўлади. Бундан ташқари, масалан свет ва газдан қарзи бўлса, шу идораларнинг қарзи борлиги ҳақидаги аризаси ҳам етарли бўлади". дея қўшимча қилди солиқ идораси ходими.

Солиқ инспекциясидан олинган маълумотга кўра, сўнгги йиллар ичида ўзбекистонликларнинг солиқдан қарзини ундирувчи махсус гуруҳ зиммасига электр токи, газ ва бошқа коммунал тўловлардан қарздорликни ундириш вазифаси ҳам юкланган.

"Биз ҳозир фақат солиқдан қарздорликмас, свет-газдан қарздорликни ҳам ундиряпмиз. Телевизор кўраётган бўлсангиз керак, ахир! Комплексний қилиб, қарзини ундираяпмизку ҳозир", деди тошкентлик солиқчи.

Айни пайтда у қарздор жисмоний шахсларнинг қарзини тўлаш ҳаққи энг охирги дақиқага қадар сақланиб қолишини ҳам алоҳида эслатиб ўтди.

"Мулкингизни олиш учун эшигингизгача борган комиссияга энг охирги моментгача қарзингизни тўлашингиз мумкин. Уларга ҳам сизнинг телевизорингизни олиб бориб сотгандан кўра, нақд пулингизни олган яхшида, иши озаяди", деди пойтахтдаги солиқ инспекцияларидан бирида ишловчи исмини ошкор қилмаётганимиз ходим.

Озодликка боғланаётган тингловчилар аксар ҳолларда қарздорлик кексаларнинг пенсияси, болалар учун ойлик нафақа ва бюджет ташкилотларида ишлаётган ходимларнинг ойлик маошларидан муттасил равишда ундирилаётганидан кўп шикоят қилиб келмоқда.

Давлатдан пул оладиган пенсионери, ёш боласи ёки ишчиси бўлмаган оилалар, одатан қарздорликни мулки билан ўташга мажбур қолиши кузатилади.

Шаҳрисабзлик тингловчи Сардор 3 ой муқаддам кам таъминланган қариндоши уйидан замонавий мусиқий стерео аппаратни олиб кетишганини сўзлаб берди.

- У қариндошимизнинг светдан қарзи бор эди. Энди огоҳлантиришган, лекин тўлолмаганидан кейин, шундай уйига келишиб, музикалний центрни олиб кетишган, - деди Сардор.

Унинг айтишича, берилмаган газдан қарздорга чиқарилган бир қўшниси ҳам ҳозир шу аҳволда қолган.

- Рўпара қўшнимга шунақа қоғоз келибди. Ёши катта бўлгани учун менга тушунтириб бер, деб ўша қоғозни кўрсатди. Ўқисам, газдан қарзи бор экан 654 минг сўму қанчадир. Лекин икки-уч йилдан бери газ йўқ бўлса?! Уларнинг жаҳли чиқиб қолди. Мен айтдим, шу қоғознинг тагида исми кўрсатилган одамга боринглар шикоят қилиб, деб тушунтирдим. Қарздорлик 2013 йилнинг ноябригачамиш! Биз эса газдан уздириб ташлаганмиз уйимизни, шунинг учун ҳозирча бунақа муаммо йўқ, - дейди шаҳрисабзлик Сардор.

"Газ ва электр токи ёки солиқдан чиқарилган қарздорликни жисмоний шахс тан олмаган тақдирда қарздорликни унинг мулкидан ундириш жараёни тўхтатиладими?" деган саволга эса солиқ идораси ходими: "Йўқ" деб жавоб берди.

"Комиссия фуқаронинг эшигигача боргандан кейин қарзни ундириб кетадида! Кейин сиз "норозиман", деб судга борасизми, прокурорга борасизми - ўзингиз биласиз. Нотўғри қарздорлик бўлса, ундириб оласиз! Ўзи яхшиси, чўзиб ўтирмасдан қарзни дарров тўлаб қўйинг-қутулинг!" деди алоҳида таъкидлаб солиқ идораси ходими.
XS
SM
MD
LG