Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:17

Мобил алоқа мижозлари “емаган сомса” учун тўлаëтган ҳақ яна ошди


2014 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистондаги мобил алоқа операторларининг ҳар бир мижоз номери учун давлатга тўлайдиган тўлови 500 сўмдан 600 сўмга кўтарилди. Айни пайтда¸ алоқа сифати ëмонлашаëтган шароитда ҳар бир мижоз операторга кунига 4 цент миқдорида абонент тўлови тўлашда давом этмоқда.

Ушбу мақолада бир мижоз учун арзимайдиган пулдай кўринган ушбу маблағ қай тарзда миллионлаб мижозлардан йигилиб, кимларнингдир чўнтагига тушадиган юзлаб миллион долларга айланишини кўришингиз мумкин.



Давлат ширкатдан¸ ширкат мижоздан...

Ўзбекистон президенти 2013 йилнинг 25 декабрь куни имзолаган “Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисидаги” қарори асосида мобил алоқа операторларининг давлатга ҳар бир телефон номери учун тўлайдиган божи 20 фоизга ошди ва 600 сўм қилиб белгиланди.

2012 йилда янги киритилган бу бож бундан икки йил аввал ҳар бир номер учун 400 сўм¸ 2013 йилда эса 500 сўмни ташкил қилган эди.

22 яшар Бахтиëр асосий акциялари Швеция ва Финляндия ҳукуматларига қарашли UCell оператори мижози. У январь ойидан бошлаб ўз телефон рақами учун¸ ундан фойдаланиш-фойдаланмаслигидан қатъий назар¸ тўлайдиган тўлови ошганидан хабардор:

- Давлат юридик шахсга юклаб қўйган. Юридик шахслар эса абонентдан олади уни. Олдин умуман ҳамма компаниялар абонент тўловини йўқотиб яхши қилган эди. Уни давлат ўзи янги солиқ сифатида юклаб қўйгандан кейин компаниялар уни мижоз елкасига юклади. Ишлатсангиз¸ ишлатмасангиз тўлайсиз. Ҳар бир абонентга ойига 600 сўмдан деб белгиланган. 2012 йилгача бу нарса бўлмаган¸ дейди UCell мижози.

"Абонент тўлови ҳозирча ўзгармади"

Ўз телефон рақами учун давлат 20 фоизга оширган солиқни тўлаш баробарида¸ Ўзбекистондаги асосий мобил алоқа оператори сифатида бозорда фаолият юрғизаëтган UCell ва Beeline ширкати мижозлари кунига 4 цент миқдорида абонент тўлови ҳам тўлайди.

Ҳар бир мобил рақам учун давлат томонидан белгиланган тўловнинг оширилиши¸ абонент тўловининг ҳам ошишига сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларга муносабат билдирган бу иккала йирик мобил ширкати расмийлари Озодлик билан суҳбатда¸ ҳозирча абонент тўловида ўзгариш йўқлигини таъкидлашди:

- Бу хабарда мобил алоқа операторлари давлатга бож тўлаши оширилсин¸ деяпти. Бу ерда “Абонентлар компанияга абонентлик тўловини бошқатдан тўласин, яъни кўтарилган нархда тўласин” деяëтган жойи йўқ. Кўтарадими¸ кўтармайдими уни компания ҳал қилади. UCell компанияси мижозларга абонент тўловини янги йилдан оширгани йўқ. Қандай бўлган бўлса, шундай турибди¸ деди аксар акциялари Швеция ва Финляндиянинг TeliaSonera ширкатига қарашли бўлган UCell ширкатининг ўзини таништиришни истамаган менежери.

Худди шундай Beeline расмийси ҳам кунлик миқдори 4 цент миқдорида бўлган абонент тўловларида ҳозирча ўзгариш йўқлигини таъкидлади:

- Бизларда абонент тўлови 4 цент эди, ҳалигача 4 цент. Сўмда абонент тўлови 88 сўм бўлади. Кунлик 4 центдан. Абонент тўлови тариф тежа ишлатасизку, шунинг учун¸ деди Beeline расмийси.


Чув тушириш арифметикаси

Ўзбекистон мобил алоқа бозоридаги икки йирик монополист кўриладиган UCell ва Beeline ширкатлари ҳар бирида¸ улар расмий сайтида ëзилишича¸ 10 миллионга яқин мижоз бор. (Жами қарийб 20 миллион)

Ўзбекистондаги ҳар бир абонентдан хизмат кўрсатилмаса ҳам ҳар ойда 1.5 доллардан ҳақ олинади.

Мижозларнинг давлатга ўзи фойдаланаëтган телефон рақами учунгина тўлайдиган солиғи ойига 12 миллиард ўзбек сўмини ёки тахминан 5 ярим миллион доллар ташкил этади.

Айни пайтда¸ ҳар бир мижоз бу икки операторга тўлайдиган абонент тўлови ойига тахминан 24 миллион АҚШ долларини ташкил этади.

Шундай қилиб Ўзбекистон мобил алоқа соҳасида ойига қарийб 30 миллион доллар ҳеч қандай хизмат кўрсатилмасдан абонентлардан ундирилади.

Бу рақам бир йилда 350 миллион доллардан ошади.

Аксар мижоз бу пулларнинг нима мақсадда¸ қайси хизматлар учун олинаëтгани ҳақида маълумотга эга эмас.

“Агар бу тўловлар хизмат сифатини яхшилаш учун сарфланаëтган бўлса¸ буни билган бўлардик. МТС синдирилишидан сўнг ўз вазияти ҳам қалтис эканини англаб қолган UCell ва Beeline хизмат сифатини оширишга деярли сармоя қилмай қўйди ва алоқа сифати кундан-кунга ëмонлашмоқда. Шундай экан¸ ҳар бир мижоз кунига тўлаëтган 4 центдан бир ойда ўнлаб миллионга етадиган каттагина бу маблағнинг қаерга ëхуд кимга кетаëтгани сирлигича қолмоқда”¸ дейди Озодлик суҳбатлашган иқтисодчи.


Таги тешик бюджет?

Бу таҳлилчига кўра¸ ҳақиқий рақамлари жамоатчиликдан сир тутиладиган Ўзбекистон давлат бюджетида юзага келгани тахмин этилаëтган жиддий камомад¸ ҳукуматни аҳолига кўрсатилаëтган хизмат ва сотилаëтган товарлар учун белгиланган турли бож ва солиқларни оширишга мажбур қилмоқда:

- Охирги йилларда бюджет тешиги кўриниб қолаяпти. Ўша нарса охири одамлар, истеъмолчиларнинг бошига тушаëтган юкдир. 1 январдан бензиннинг ҳам нархи ошди. Бензиннинг нархи нимага ошди? Чунки 25 сўмга қўшимча қиймат солиғини ошириб қўйди давлат. Ҳозир қўпол қилиб гапирганда ҳаводан пул қилиш бормоқда. Ҳеч қандай танлаш ҳуқуқига эга бўлмаëтган мижоздан ойига 600 сўм олиб қолса¸ унча билинмайди, 1000 сўм олса билинмайди, деб шунақа бўйнига қўйишаверади. Ваҳоланки, ҳаммасининг ҳажмини айтадиган бўлсангиз, катта суммалар чиқиб кетаяпти¸дейди ўзбекистонлик мустақил иқтисодчи.

Рақобатсиз бозор

Мустақил кузатувчилар Ўзбекистондаги мобил алоқа мижозлари зиммасига юкланган турли тўловлар ошишини МТС ширкатининг 2012 йил ëзида синдирилиши билан боғлиқ¸ деб ҳисоблайдилар:

- Ўзбекистондан МТС чиқиб кетишидан олдин абонент тўлови деган нарса мобил операторлари томонидан олинмас эди. Чунки рақобат кучли эди. Аммо МТС ëпилиб кетгандан кейин икки йирик мобил оператори монополист сифатида қолгани учун уларга катта ҳажмдаги МТСнинг абонентлари ўтиб кетди. Уларга нисбатан рақобат¸ Ўзбекистонда бошқа мобил оператори бўлмаганлиги сабабли¸ мижоз умуман алтернатив вариант бўлмагани учун¸ “шу ëки ҳеч нарса” деган ақидага мос мижоз шулардан бирини танлашга мажбур бўлди. Шунинг учун 600 сўмдан қўядими, 1000 сўмдан қўядими ëки 2000 сўмдан қўядими¸ умуман ҳеч қанақа танлаш ҳуқуқига эга эмас мижоз¸ дейди ўз исми айтилишини истамаган ўзбекистонлик мустақил иқтисодчи.
XS
SM
MD
LG