Линклар

Шошилинч хабар
26 сентябр 2022, Тошкент вақти: 16:37

Халқаро хабарлар

Тожик ва қирғиз чегарачилари ҳамкорликда ишлайди

Тожикистон ва Қирғизистон икки давлат ўртасида баҳсли бўлиб турган чегара ҳудудларини ҳамкорликда назорат қилиш ҳақида келишиб олди.

Бу ҳақдаги келишим Душанбеда 8 январда ўтган Қирғизистон ва Тожикистон бош вазирлари ўринбосарлари учрашуви пайтида имзоланган.

Қирғиз расмийларининг билдиришича, бундан аввалроқ Ўзбекистон чегарачилари ҳам қирғиз ҳамкасблари билан икки давлат ўртасидаги 50 дан ортиқ баҳсли ҳудудларни ҳамкорликда назорат қилиш келишимига эришган эди.

Кун янгиликлари

Жаҳон банки сув тошқинидан жабрланган Покистонга 2 миллиард доллар маблағ ажратади

Покистонда сув тошқинидан 33 миллион киши жабрланди.

Жаҳон банки жорий йилда сув тошқинларидан катта зарар кўрган Покистонга 2 миллиард доллар маблағ ажратади. Сув тошқинларида камида 1600 киши ҳалок бўлган эди. Покистон ҳукуматининг барча жабрланганларга кўмак кўрсатиш имкони мавжуд эмас.

Жаҳон банкининг Жанубий Осиё бўйича вице-президенти Мартин Райзер 24 сентябрь куни Покистонга сафар қилди ва табиий офат оқибатларини кўрди. Райзер Покистонга шошилинч равишда бериладиган 850 миллион доллар маблағ кўпайтирилишини ва 2 миллиард долларга етказилишини ваъда қилди.

Покистон жанубидаги Синд ва Балужистон вилоятларида сув тошқинларидан 33 миллион киши жабрланди. Йўллар ва бошқа инфраструкутуралар вайрон бўлди. Экин майдонлари сув остида қолди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти сув тошқинлари ортидан юқумли касалликлар тарқалиши хавфидан ташвиш билдирди.

23 сентябрда Синд вилояти марказий ҳукуматдан безгак, ич ўтиш ва вабога қарши курашиш учун шифокорларни жўнатишни талаб қилди. Вилоят ҳокимлигининг билдиришича, сув тошқинларидан сўнг турли касалликлардан 600 киши ўлди ва 300 киши безгакка чалинди. 25 минг бола озиқ-овқат етишмовчилиги ортидан азоб тортмоқда.

Аввалроқ БМТ бош котиби Антониу Гуттерриш Покистонни қайта тиклашга 30 миллиард доллар зарур бўлишини айтган эди.

АҚШ Россияни “ядровий қурол қўллашнинг ҳалокатлари” тўғрисида огоҳлантирди

АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан.

АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан 25 сентябрь куни Москва Украинага нисбатан ядровий қурол қўллайдиган бўлса “ҳалокатли оқибатларга дучор бўлиши”дан огоҳлантирди.

“Америка овози” радиосининг хабар беришича, Салливан “ядровий ҳужумга кесин тарзда жавоб қайтарилиши”ни билдирган. Аммо у Москва қандай ҳалокатли оқибатларга дучор бўлиши мумкинлигини айтмади. Унга кўра, бу борадаги Вашингтон позицияси ёзма равишда Москвага тақдим этилган.

21 сентябрь куни АҚШ президенти Жо Байден БМТ Бош Ассамблеясида қилган чиқиши чоғида Россия президенти Владимир Путинни “очиқ ошкора Европага ядровий таҳдид қилаётганлик”да айблаган эди.

The Washington Post газетасининг ўз манбаларига таяниб ёзишича,Вашингтон сўнгги ойларда бир неча марта Москвани ядровий ҳужумга жавоб қайтарилиши тўғрисида ёзма равишда огоҳлантирган.

Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков 23 сентябрь куни Москва бошқа давлатларга ядровий қурол билан таҳдид қилмаётганини айтди.

Россияда сафарбарликка қарши аёллар намойишлари куч билан тарқатилмоқда (ВИДЕО)

Ёқутистонда норозилик намойишига йиғилганлар.

Якутск шаҳри марказида ўтган урушга қарши митинг иштирокчиси бўлган аёллардан бир нечасини полиция ушлаб кетди, деб хабар берди SakhaDay нашри.Намойишга чиққан бир неча юз аёл «Урушга йўл йўқ” деб қийқириб турдилар.

Россиянинг кўплаб шаҳарларида Путин 21 сентябрда эълон қилган сафарбарликка қарши намойишлар бўлиб ўтмоқда. Сўнгги маълумотларга қараганда, намойишларда иштирок этгани учун камида 2 минг киши қўлга олинди.

Доғистон пойтахти Махачкалада ҳам сафарбарликка қарши ўтказилган намойиш полиция томонидан тарқатилди.


Махачкалада 25 сентябрь куни сафарбарликка қарши ўтказилган намойишни тарқатишда полиция куч қўллагани айтилмоқда. ОВД инфонинг хабар беришича, "ҳуқуқ фаоллари полиция машинаси ичида қонга беланган тўрт -беш кишини ҳам кўрганлар".

Доғистоннинг Эндирей қумиқ қишлоғи мобилизацияга қарши чиқди. Полиция осмонга қарата ўқ узди. “Черновик” нашри биргина Эндирейда 110 киши мобилизация қилинганини ёзмоқда.

“Настояшчее время” телеканалининг хабар беришича, бу каби норозилик акциялари дам олиш кунлариРоссиянинг 30 дан ортиқ шаҳарларида бўлиб ўтган.

Қозоғистондаги кинотеатр Россиядан қочаётганларга бошпана бермоқда

Қозоғистоннинг Орал шаҳридаги CinemaPark кинотеатри Россиядан қочиб келиб, шаҳарда ижарага уй топа олмаётганларга вақтинча кинотеатр биносида тунашни таклиф қилмоқда, деб хабар берди Kazakh24.info.

Кинотеатр директорининг айтишича, сафарбарликдан қочаётган россияликларнинг кўплиги сабабли Оралдаги барча меҳмонхоналарда жой қолмаган, ижара ҳақи эса бир неча маротаба ошган. Шунинг учун ҳам у кўчада қолган россияликларга тунак таклиф қилмоқда.

Қозоғистон шимоли ғарбидаги Орал шаҳри Россия чегараси яқинида жойлашган. 21 сентябрда президент Путин қисман сафарбарлик эълон қилгани оқибатида кўплаб россияликлар ватанини тарк этмоқда. Қозоғистон россияликлар қочаётган мамлакатлардан биридир.

Аввалроқ матбуотда Россия билан чегарадош мамлакатлар чегарасида сафарбарликдан қочаётганлардан иборат узун навбатлар пайдо бўлгани хабар қилинган эди. Қозоғистонга Россия фуқароларининг оммавий кириб келиши оқибатида ижара уйга бўлган талаб кўпайди, ижара ҳақи эса ошиб кетди.

Олмаота аэропортида Москва рейси йўловчиларини пикет билан қарши олган талабалар тутиб кетилди

Олмаота аэропортида россияликларнинг оммавий келишига қарши акция ўтказган қозоғистонлик талабалар Карагоз Касим ва Айсултан Кудайберген, 2022 йил 23 сентябри

Қозоғистоннинг Олмаота халқаро аэропортида 23 сентябрь куни маҳаллий талабалар Карагоз Касим ва Айсултан Кудайберген “Россия” авиаширкатининг Москва рейси келиш вақтига мўлжаллаб пикет уюштиришди. Озодликнинг қозоқ хизмати хабарига кўра, талабалар Москвадан келган йўловчиларни “Шунчаки гўшт эканингизни тушундингизми?” ҳамда “Ҳурмат қил ёки жўна” деб ёзилган плакатлар билан кутиб олишган.

Пикет бошланганидан кейин кўп ўтмай маҳаллий полициячилар акция иштирокчиларини полиция бўлимига олиб кетишган.

“Менинг асосий мақсадим – Украина халқини қўллаб-қувватлаш”, деган Карагоз Касим Қозоғистонга келаётган россияликлар келажакда бу ерда сепаратистик қарашларни ҳимоя қилмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмаслигини қўшимча қилган.

Икки талаба полиция бўлимида ярим соатча тутиб турилган. Олмаота полицияси вакили Ернар Таскин Озодлик мухбирига талабалар оғзаки равишда огоҳлантирилганидан сўнг қўйиб юборилганини айтган.

Россия: Аэроширкатлар ва аэропортлар ходимлари ёппасига армияга чақирилди

Россиядаги “Аэрофлот” гуруҳи дохил камида бешта авиаширкат ҳамда ўндан ортиқ аэропортлар ходимлари Путин томонидан “қисман мобилизация” эълон қилинганидан кейин ўтган бир сутка мобайнида ҳарбий комиссариатга чақирув қоғози олишган.

“Коммерсант” газетасининг ёзишича, авиаширкатлардаги учувчиларнинг кўпи ўқув юртлари қошидаги ҳарбий кафедраларда ўқиган захирадаги зобитлар ёки армияда хизмат қилган оддий аскарлар бўлиб ҳисобланишади.

Нашр манбалари тахминича, авиаширкатлар ва аэропортларнинг 50-80 фоиз ходими армияга сафарбар қилиниши эҳтимолдан ҳоли эмас.

“Аэрофлот” гуруҳига яқин манба сафарбарлик ширкат ҳамда шу гуруҳга кирувчи “Победа” ва “Россия” авиакомпаниялари штатидаги одамларнинг ярмидан кўпига тааллуқли бўлишини айтган.

Toyota ширкати 15 йиллик фаолиятдан сўнг Петербургдаги заводини ёпишга қарор қилди

Иллюстратив сурат

“Коммерсант” нашрининг хабар қилишича, автоконцерн бу қарорга Россияга бутловчи қисмлар етказиб беришни йўлга қўёлмагани ортидан келган.

Санкт-Петербургдаги завод консервация қилиниб, эҳтимолки сотилиши мумкин, бироқ у ерда Toyota автомобиллари бошқа ишлаб чиқарилмайди, дея қайд этган газета. Шунингдек, ширкатнинг Москвадаги офиси ишини ҳам оптималлаштириш режаланган.

Офис ходимларига ҳам, завод ишчиларига ҳам, “Коммерсант” манбаларига кўра, 12 та ойлик маош миқдорида товон пули тўлаш ваъда қилинмоқда.

Нашр Toyota ширкати Россия бозоридан бутунлай кетмаётганини қўшимча қилган.

Украинанинг босиб олинган ҳудудларида Россияга қўшилиш бўйича референдумлар бошланди

Мелитополдаги тарғибот баннери.

Ўзларини ДХР ва ЛХРП деб номлаб олган тан олинмаган айирмачи ҳудудларда, шунингдек, Херсон ва Запорожье вилоятларининг босиб олинган ҳудудларида Россияга қўшилиш юзасидан референдум бошланди. Украина, АҚШ ва Ғарб давлатлари референдумларни тан олмасликларини билдирган.

АҚШ ва Европа Иттифоқи Россия ўтказаётган референдумларни “сохта” деб танишларини маълум қилган.

Ўзларини ДХР ва ЛХРП деб номлаб олган тан олинмаган айирмачи ҳудудларда, шунингдек, Херсон ва Запорожье вилоятларининг босиб олинган ҳудудларида Россияга қўшилиш юзасидан референдумларда гўёки “овоз бериш” беш кун -23 дан 27 сентябргача давом этади.

Биринчи тўрт кунда у сайлов участкаларида эмас, балки кўп қаватли уйларнинг ҳовлиларида яшовчиларга адресли келиш йўли билан амалга оширилади. Донбассдаги, Херсон ва Запорожье вилоятларининг Россия босиб олган ҳудудларидаги сайлов участкаларида овоз бериш 27 сентябрь куни ўтказилади.

Оккупацион маъмурият бу қарорни аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш билан изоҳламоқда. Чунки “овоз берувчилар”нинг асосий қисми фронт олди ҳудудларида яшайди. Россияда эса овоз бериш участкалари бугундан бошлаб очилади.

Ғарб давлатлари ва Киев референдумни тан олмасликларини ва унинг “сохта” деб ҳисоблашларини билдирган.

Таниқли россияликлар сиёсий маҳбусларга кўмак кўрсатиш учун мукофотларини сотувга қўйди

Мукофотларини хайрияга топширганлар орасида Чўлпон Ҳаматова ҳам бор.

"ОВД-Инфо", "Первий отдел" ва Москва Хельсинки гуруҳи каби ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари Россия Жиноят кодексининг рус армиясини дискредитациялаш ва унинг ҳаракатлари тўғрисида фейк хабарлар тарқатиш моддаси асосида айбланиб таъқиб қилинаётган фуқароларга ёрдам кўрсатиш мақсадида хайрия ким ошди савдоси ўтказилишини эълон қилди.

Онлайн режимда 26 сентябрь куни ўтказиладиган аукционда таниқли актёрлар, артистлар, ёзувчилар, мусиқачилар ва журналистларнинг мукофотлари сотилади.

Мазкур аукционда Чўлпон Ҳаматова, Борис Акунин, Лия Ахеджакова, Андрей Макаревич, Кирилл Серебренников, Катерина Гордеева каби ўнлаб Россия “юлдузлари” иштирок этишга розилик билдирган. Ким ошди савдосига уларнинг мукофотлари ва совринлари қўйилади.

Шунингдек, “Оскар” мукофотининг икки марта, “Олтин глобус” мукофотининг беш марта номинанти бўлган британиялик актёр Рэйф Файнс ҳам аукционга ўз мукофотларини топширади.

Бундан ташқари аукционга Борис Стругацкийнинг дастхати бор китоб ва Ирландиянинг U2 рок группаси раҳбари Боно томонидан чизилган Михаил Горбачёвнинг портрети ҳам қўйилган.

Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг Кремль деярли ҳарбий цензура жорий этиб, ўзи “махсус амалиёт” деб атаётган уруш ҳақида ҳукумат позициясига тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатишни тақиқлаган эди.

Россия армиясини дискредитациялаш ва унинг ҳаракатлари тўғрисида фейк хабарлар тарқатганликда айбланиб, шу кунгача камида 200 кишига нисбатан жиноят ишлари очилди. Уларнинг айримлари 15 йилгача қамалиши мумкин.

Зеленский россияликларни намойишларга чиқишга, қочишга ёки таслим бўлишга чақирди

Украина президенти Владимир Зеленский.

Украина президенти Владимир Зеленский ўзининг навбатдаги кечки мурожаатида Россияда эълон қилинган қисман сафарбарликка муносабат билдирди ва россияликларга мурожаат қилди.

Россияликларга мурожаат қилар экан Зеленский рус тилида гапирди. Украина президенти Россияда сафарбарликнинг эълон қилиниши “ўн йиллар давомида ўзгалар ерини босиб олишга ўргатилган армия барбод бўлганининг очиқдан очиқ белгисидир”, деб айтди. Зеленскийга кўра, бу билан уруш кўпчилик россияликлар учун энди телевидение ва интернетдан кўчиб, ҳар бир хонадонга кириб келди.

“Нима учун, масалан, доғистонликлар ёки яна кимлардир Харьковда ёки Донецкда ҳалок бўлиши керак? Чунки Россияда бир одам барча Россия фуқаролари номидан мана шундай қарор чиқарди. Бошқа сабаби йўқ. У шуни хоҳлайди. Сизлар украиналикларнинг ўлдирилиши ва қийноққа солинишига оид барча жиноятларга шериксиз. Чунки сиз индамадингиз. Чунки ҳозир ҳам индамаяпсиз. Энди ўз танловингизни қиладиган пайт келди”,- деди Зеленский.

Украина президенти сўзида давом этар экан: “Бу урушда ярим йил ичида 55 минг рус аскари ҳалок бўлди, ўн минглаб аскар яраланди. Янада кўпроқ бўлишини истайсизми? Йўқми? Унда норозилик билдиринг, курашинг, қочинг ёки украин кучларига таслим бўлинг. Бу сиз ҳаётингизни сақлаб қолишингиз учун зарур бўлган вариантлар”,-деди.

21 сентябрь куни Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Украина урушида жами 5937 рус ҳарбийси ҳалок бўлганини билдирган. Бу рақам ғарб давлатлари разведкаси берган маълумотлардан ва урушдаги талафотларни ўрганган мустақил тадқиқотчилар айтган рақамлардан ҳам озроқдир.

Томонларнинг талафотлар тўғрисидаги билдирувларини уруш шароитида мустақил манбалардан тасдиқлаш имконияти мавжуд эмас.

21 сентябрь куни эрталаб президент Путин “Украинадаги вазиятдан келиб чиққан ҳолда” Россияда қисман сафарбарлик эълон қилди. Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу армияга захирадаги 300 минг киши чақирилишини билдирди.

Шундан сўнг Россиянинг кўплаб шаҳарларида сафарбарликка қарши норозилик намойишлари ўтказилди. Намойишларда иштирок этганлардан 1,5 мингга яқини полиция томонидан ушланди.

Россиянинг қўшни давлатлар билан чегараларида автотиқинлар пайдо бўлди. Тиқинлар Қозоғистон, Грузия, Беларусь ва Финляндия билан чегараларда кузатилди. Шунингдек, Туркия, Арманистон, Озарбайжонга авиарейслар учун барча чипталар сотиб бўлингани айтилмоқда. Россияликлар военкоматга чақирув қоғози келмасдан туриб мамлакатни тарк этишга уринмоқда.

Финляндияда "Яндекс" ва ака-ука Ротенбергларнинг активлари мусодара қилинди

Аркадий Ротенберг Владимир Путин билан.

Финляндияда президент Владимир Путинга яқин бўлган миллиардерлар Борис ва Аркадий Ротенбергларнинг ҳамда "Яндекс" ширкатининг активлари мусодара қилинди. Ширкат асосчиларидан бири Аркадий Волож Европа Иттифоқи санкциялари рўйхатига киритилган эди.

Helsingin Sanomat нашрининг ёзишича, Европа Иттифоқи санкциялари рўйхатига киритилган миллиардерларнинг активларини мусодара қилиш тўғрисидаги қарор августнинг охирлари ва сентябрнинг бошларида қабул қилинган.

Ротенбергларнинг Långvik Capital ширкатидаги акциялари мусодара қилиниши натижасида Хелсинкидаги муз саройи Helsinki Halli ва меҳмонхона комплексини бошқарувчи Långvik ширкатлари назорати Фин ҳукуматига ўтди.

"Яндекс"нинг Фин шўъбаси банк ҳисоблари ҳибсга олинди. Forbes журналининг ёзишича, ширкат бу ерда Yango такси хизмати ва Мянтсяля шаҳрида маълумотларни қайта ишлаш марказига эга эди.

Аркадий Волож Европа Иттифоқи санкциялари рўйхатига июнь ойида киритилган эди. Шундан сўнг у “Яндекс”даги барча амалларни тарк этганди.

Чеченистонда аёллар ҳарбий сафарбарликка қарши митинг ўтказишга уринишди

Рамзан Қодиров

Чеченистон маркази бўлган Грозний шаҳрида 21 сентябрь куни ўнлаб аёл сафарбарликка қарши норозилик акцияси ўтказишга уринди. Уларнинг барчаси қўлга олинган. Воқеа Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировни ғазаблантиргани айтилмоқда.

Рухсат этилмаган митингга чиқишга чақириқлар 20 сентябрь куни – муҳтамал сафарбарликка оид миш-мишлар манзарасида ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилган. “Медиазона” нашри блогер Иброҳим Янгулбоевга таянган ҳолда, “Чеченистон юраги” масжиди олдидаги майдон эрталабдан қуршаб олингани ва у ерга борган барча аёллар қўлга олингани ҳақида хабар қилган.

Воқеа гувоҳларидан бири “Кавказский узель” нашрига масжид олдида 30-40 чоғли аёл тўпланганини айтган. Уларнинг аксарияти чоршанба оқшомида озод қилинган, аммо айримлари ҳануз ҳибсда қолаётган бўлиши мумкин.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров акцияга қуйидагича муносабат билдирган:

“Баъзи кимсалар қисман сафарбарлик ўтказилишига қарши кўчаларга чиқиш кераклиги ҳақида ёзишяпти... Ким чиқадиган бўлса, у халқ душманидир. Унақаларни тутиб, махсус ҳарбий амалиёт бўлаётган жойга жўнатиш керак”.

Қодиров норозилик акциясига 15-20 чоғли аёл чиққани, улардан икки нафарининг ёлғиз ўғли Украинада жанг қилаётганини тан олган. Аммо қолганлар, Чеченистон раҳбари иддаосича, “пулга ёлланган аёллар”дир. Қодиров уларнинг эркак қариндошларини урушга юборишга чақирган.

Кавказ.Реалии лойиҳаси маълумотига кўра, 21 сентябрдаги митингни узоқ йиллардан бери маҳаллий расмийлар хатти-ҳаракатига қарши уюштирилган илк норозилик чиқиши дейиш мумкин.

Россия аэропортларида йўловчи эркаклар қўшимча текширувдан ўтмоқда

Санкт-Петербургдаги Пулково аэропорти (иллюстратив сурат)

Россиядаги бир қанча аэропортда мамлакатдан учиб кетишга шайланган йўловчи эркаклар қўшимча текширувдан ўтказилаётгани ҳақида маълумотлар тарқалмоқда.

Ижтимоий тармоқлардаги қатор хабарларга кўра, Санкт-Петербургдаги Пулково аэропорти ҳамда Москва аэропортларида ёш йигитларнинг қарийб барчаси текширувдан ўтяпти. Бошқа маълумотларга кўра эса, улар орасида танлаб-танлаб текширилмоқда.

Текширув чоғида уларга “Чиптани қачон олгансиз?”, “Қайтишга чиптангиз борми?”, “Армияда хизмат қилганмисиз?” ва шунга ўхшаш саволлар бериляпти. Гувоҳликларга кўра, бунақа текширув 15-20 дақиқа давом этиши мумкин, текширувдан кейин кимдир рейсга қўйилмагани ҳақида ҳали бирор маълумот йўқ.

Сўнгги 10 йил ичида Россия фуқаролигини олган марказий осиёликлар урушга олиб кетилиши мумкин

Иллюстратив сурат

Президент Путин томонидан эълон қилинган ҳарбий сафарбарлик доирасида Россия фуқаролигини олганига 10 йил бўлмаган марказий осиёликлар бир йил мобайнида мажбурий ҳарбий хизматга жалб қилиниши мумкин. Бу ҳақда таклиф ҳозирланаётгани ҳақида Россия президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари кенгашининг аъзоси Кирилл Кабанов ўз телеграм-канали орқали маълум қилди.

Кабановга кўра, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистондан келиб, Россия фуқаролигини олган бу шахслар ҳарбий хизмат ўташдан бош тортган тақдирларида уларни ҳамда оила аъзоларини фуқароликдан маҳрум қилиш кўзда тутилмоқда.

“Бу ташаббуснинг амалга оширилиши юқорида номлари зикр этилган мамлакатлар расмийларининг ўз фуқароларини жиноий жавобгарлик билан қўрқитиб, “махсус ҳарбий амалиёт”да ихтиёрий равишда иштирок этишни тақиқлашига нисбатан муносиб жавоб бўлади”, деб ёзган Кирилл Кабанов.

Аввалроқ минтақа мамлакатлари, жумладан Ўзбекистон расмийлари ўз фуқароларини хорижий давлатлар ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмасликка ва ҳарбийлашган тузилмаларга ёлланмасликка чақириб, “бундай ҳаракатлар жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида” огоҳлантиришган.

Тольяттида номаълум шахслар шаҳар маъмурияти биносига ўт қўймоқчи бўлди

Иллюстратив сурат

Россиянинг Тольятти шаҳрида номаълум кишилар шаҳар маъмурияти биносини ёқиб юборишга уринган.

Маҳаллий нашрлар хабарига кўра, бинога ўт қўйишга уринилгани ҳақида 22 сентябрга ўтар кечаси соат 03:44 да маълум бўлган. Бинони ёқиб юборишга уриниш бўлганини шаҳар маъмурияти вакиллари тасдиқлашган.

Айтилишича, ёнғин тез орада ўчирилган, ўт қўймоқчи бўлганнинг шахси эса аниқланмаган. Воқеа жойида полиция ва кинологлар ишламоқда.

Бу орада, хабарларга кўра, ўтган тунда Нижний Новгороддаги Ленин ва Канава туманлари ҳарбий комиссариатларига ўт қўйиб кетилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG