Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:12

Ўшда уч уйсиз совуқдан ўлди


Ўш шаҳрида сўнги йилларда яшаш учун аниқ бир манзили бўлмаган ўндан ортиқ одам совуқдан вафот этган. Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Замир Сидиковнинг айтишича, жорий қишнинг биринчи ойидаёқ уйсиз уч одам совуқдан ўлган.

Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Замир Сидиков, бу йил совуқда вафот этган 3 нафар дайдилар орасида аёл киши ҳам бўлганини айтди:

-Йил бошидан бери аниқ яшаш жойи бўлмаган 69 одам рўйхатга олинган бўлса, уларнинг орасидан 2 декабрдан бошлаб бир ой ичида 3 одам совуқдан ўлган. Ачинарлиси, уларнинг бири 1978 йилда туғилган Жипар исимли аёл бўлган. Шаҳарда бомжларни қаровчи, ҳеч бўлмаса қишки совуқдан олиб чиқувчи биронта ҳам ташкилот йўқ. Боқувчиси йўқ, касал бўлган одамларни қаровчи айрим нодавлат ташкилотлар бор, лекин улар бомжларни қабул қилишдан бош тортишади. Негаки, булар у ерга бориб, бирон нарсани ўғирлаб кетар экан, -деди Замир Сидиков.

Сидиковга кўра, ҳар йили қишнинг аёзида уй-жойсиз, халқ тилида бомж деб аталувчи одамлар кўчаларда музлаб вафот этади. Ўтган йили Ўшда 4 нафар, 2012 йилда эса 6 нафар бомж совуқдан ўлган.

-Қишки совуқда бомжларнинг вафот этиши ҳар йили кузатилади. Уларнинг ёши ҳам йил сайин ёшармоқда. Биздаги маълумотларга асосан, бомжларнинг энг ёши 20 ёшда, катталар эса 70-80 ёшда,- дейди Замир Сидиков.

Дайдилар қишда асосан, иссиқлик ўтувчи қуврлар ёнида тонг оттиришади. Ўзини дайди деб аташдан уялмаган Равшан, кўчада қолганига 20 йил бўлганини айтади:

- Ўзимни жуда яхши қарайман. Ҳозирча ўлишга ҳаракат қилмайман, бундай ниятим хам йўқ. Худодан ажал келгунича яшайвераман. Жон сақлаш учун хоҳлаган еримга бориб ётаман. Сув қувирлари ёнида ёки бошқа иссиқроқ ерларга кириб кетаман. У ерларда совқотмайман, аксинча бемалол ағанаб терлаб чиқаман. Бироқ бошқаларни киритмайман. Мен ёлғиз бўриман, - деди Равшан.

Равшан чиқинди йиғувчи ҳудудига ҳам бошқаларни йўлатмас экан. Ётишда ҳам иссиқ ерни топиб, қорнини яхши тўйдириб олади:

- Тақдир экан, шундай бўлиб қолди. Оилам, борадиган жойим йўқ. Дайдиман. Уйим бор эди, уни турмуш ўртоғим сотиб, мени ташлаб кетиб қолди. Ҳозир Россияда ишлаябди деб эшитаман, ажрашиб кетгандан кейин унга ҳам фарқи йўқда. Мен эса кўчада қолдим. Ўзим яшаш учун курашаябман, - деди Равшан.
Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳар йили қишда мамлакат бўйлаб ўнлаб бомжлар музлаб ўлгани ҳақида маълумиотлар беради. Бироқ бу маълумотларга ҳозирча Бишкек шаҳридан бошқа ҳудудларда эътибор берилмай келинмоқда.

- Буларнинг тақдири аянчли. Лекин нима бўлганда хам булар Қирғизистон фуқароларидир. Уларга ҳукумат ёрдам бериши керак. Бишкекда дайдилар учун махсус жойлар очилганини биламан. Ўш ҳокимияти ҳам ўша каби жойларни ташкил қилмаётганидан хайронман. Билмадим, балки бюджет етишмаётгандир. Бироқ бу ҳокимиятнинг очиқчасига эътиборсизлигидир, - дейди ўшлик мустақил кузатувчи Арстанбек Акматбеков.

Ўш шаҳрида жами 20 ёшдан 80 ёшгача бўлган 60га яқин уй - жойсиз одам рўйхатга олинган. Уларнинг ўнга яқини аёллардир.
XS
SM
MD
LG