Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:50

Мухолифат билан алоқаси учун 8 йилга кесилган наманганлик заргар ҳукм устидан шикоят қилди


Қудратбек Расулов.
Қудратбек Расулов.

Наманганлик заргар Қудрат Расуловнинг Интернетдан “Қуролсиз кишининг озодлиги” номли фильм ва “Зулм қилма ва зулмга рози ҳам бўлма” сарлавҳали китоб файлларини кўчириб олгани Наманган суди тарафидан “Конституцион тузумга тажовуз” деб малакаланди. Суд заргарни 8 йилга озодликдан махрум қилди. Бу иш юзасидан аппеляция маҳкамасининг 21 январ куни ўтказилиши кутилмоқда.



Мухолифат билан онлайн алоқа қилганликда айбланиб, 8 йилга қамалган наманганлик 43 яшар заргар Қудратбек Расулов аппеляция маҳкамасини кутмоқда.

Қудратбек Расулов устидан аппеляция маҳкамасининг сешанба, 21 январ куни Наманган вилоят судида бўлиши кутилмоқда.

Наманган шаҳар жиноий ишлар судининг 27 декабрда ўтган маҳкамаси Қудратбек Расуловни 8 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган эди.

Маҳкамада адвокат сифатида иштирок этган Ҳусан Саломовнинг Озодликка билдиришча¸ Қудратбек Расулов Ўзбекистон жиноят кодексининг 159-моддаси “Конституцион тузумга тажовуз” ва 244-модда “Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига хавф солувчи материалларни хориждан келадиган молиявий ёрдам асосида тайёрлаш ёки тарқатиш” бўйича айбдор, дея топилган.

Суд ҳукми билан танишган адвокатнинг айтишича¸ Қудратбек Расулов “Одноклассники.ру”, Skype, Facebook – тармоқлари воситасида Ўзбекистон конституцион тузумига таҳдид солувчи сиёсий гуруҳлар билан мулоқот қилганликда айбланган.

Чунончи, ҳукмда Қудратбек Расуловнинг ижтимоий тармоқда “Хориждаги ўзбекларни қандай қилиб инқилобга кўтариш мумкин?” деган мавзуни муҳокама қилгани ҳам жиноят дея малакалангани айтилди.

Суд тергови Қудратбек Расуловдан мусодара қилинган “Оммавий ахборот воситалари ходимлари иши бўйича қўлланма” китобини жиноий фаолият далили сифатида инобатга олган. Маҳкумнинг адвокатига кўра, бу китобда халқаро журналистика қоидалари зикр қилинган.

Суд тергови ва ҳукм бир кунлик маҳкама мажлиси кун тартибига сиғдирилгани ҳамда суд мажлисига Қудратбек Расуловнинг яқинлари қатнаштирилмагани ҳам айтилди.

Озодлик тасарруфидаги Қудрат Расуловни қамоққа олиш ҳақидаги ҳужжатларда, чунончи, жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди ажримида ëзилишича, маҳбус Skype мессенжери воситасида мухолифат фаоллари Тўлқин Қораев ва Муҳаммад Солиҳ билан доимий мулоқотда бўлган.

Қудрат Расулов Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг 4 сентябр кунги ëпиқ мажлиси чиқарган ажримига асосан ҳибс қилинган эди.

Расуловнинг яқинларига кўра, Расулов 1 сентябр куни Наманган вилояти МХХ зобитлари тарафидан қамоққа олинган.

Маҳкумни вақтинча ҳибсга олиш юзасидан ўтказилган дастлабки мажлисида Қудрат Расулов Skype воситасида “Қуролсиз кишининг озодлиги” номли фильм ва “Зулм қилма ва зулмга рози ҳам бўлма” сарлавҳали китоб файлларини кўчириб олганликда айбланган эди.

Шаҳар суди судьяси Қодиров раислигида, Йўлдошев котиблигида ҳамда прокурор Болтаев иштирокида ўтган суднинг ëпиқ мажлиси Қудрат Расуловни вақтинча қамоққа олиш ҳақида ажрим чиқарган эди.

Озодлик тасарруфидаги ажрим ҳужжатида судья ва прокурорнинг исми келтирилмаган, аммо айни ҳужжатда Қудрат Расулов МХХ терговчиси А. Тўраев тарафидан ушлангани айтилади.

Суд ажрими
Суд ажрими
Ажримда Қудрат Расулов наманганлик фуқаролар А. Бойдедаев ва Қ. Солиевлар чақувига асосан ушлангани ҳам таъкидланади.

Фуқаролик жамияти фаоли Қудрат Расуловнинг қамоққа олиниши билан боғлиқ жараëнни кузатиб келаëтган инсон ҳуқуқлари фаоли Елена Урлаева Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистондаги куч ишлатар тизимлари инсонларнинг мамлакат конституциясида кафолатланган ахборот олиш эркинлигига тажовуз қилаëтганини таъкидлади:

- Дунëвий давлат тарафдори бўлган тадбиркор Қудрат Расулов, ўз мазмуни ва сарлавҳасига кўра, зулм қилмаслик ва зулмга рози бўлмаслик ҳақидаги китобни Интернетдан олгани учун 8 йилга қамалгани адолатсизликдир. Ўзбекистон конституциясининг 29-моддаси Ўзбекистон фуқаросининг ахборот олишини кафолатлайди,- дейди Елена Урлаева Озодлик билан суҳбатда.

Қудрат Расулов ўз сиëсий фаолияти боис узоқ муддат қамоқ жзосига ҳукм қилинган навбатдаги тутқун сифатида кўрилмоқда.

Маркази Францияда жойлашган “ACAT-France” инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра¸ Ўзбекистон қамоқларидаги ўнлаб фуқаровий жамият фаоллари асоссиз айблар билан жазо ўтамоқда.

Бу ташкилот рўйхатида журналистлар Солижон Абдураҳмонов, Муҳаммад Бекжон, Дилмурод Саййид, инсон ҳуқуқлари ва мухолифат фаоллари Аъзам Фармонов, Мурод Жўраев, ва Аъзам Турғуновларнинг номлари келтирилган.
XS
SM
MD
LG