Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:29

Суратимни мендан бесўроқ Интернетда эълон қилишди, нима қилай?


Куни кеча Озодликка шикоят билан мурожаат қилган ўзбекистонлик ёш аёл Интернетдаги ижтимоий тармоқлардан бирида унинг номига бошқа биров очган ва унинг суратларини жойшлатирган саҳифага кўзи тушиб қолганини айтди. Ўзини Н. деб таништирган ўзбекистонлик аёлнинг аниқлашича, қалбаки саҳифани Интернетда танишгани йигит очган ва Н.нинг суратларини олиб ташлаш талабини рад этмоқда.


"Мен билан юрасан, деди. Кўнмадим."

“Суратларимни олиб ташланг, десам, кўнмаяпти. Нима қилсам бўлади?”деб зорланган Н. Озодлик мухбири билан суҳбатда бўлиб ўтган воқеани мана бундай ҳикоя қилиб берди:

- У йигит билан Интернетда танишганман. Профилим бор эди. У билан анча вақт гаплашиб юрдик. Оиласи бор. Шунинг учун шунчаки дўстона маънода гаплашиб юрдим. Кейин у мен билан юрасан, дегандай қилди. Мен, йўқ, оилангиз бор, оилангизни бузишни истамайман, деб рад этдим. Шундан кейин у худди меникидай номга профиль очиб, расмларимни қўйиб қўйибди, деди Н.

Айтишича, у Интернетдаги “дўсти”нинг нафақат исм-фамилиясини, ҳатто қайси кўча, қайси уйда яшашигача билади.

- Олиб ташланг, деб илтимос қилдим. Йўқ, дейди, туради, дейди. Кўнмаяпти. Кимга мурожаат қилишни билмаяпман, деди Н.


Адвокатнинг дегани

Тингловчимизнинг шикоятини шарҳлар экан, тошкентлик адвокат Руҳиддин Комилов бундай деди:

- Суратни эгасидан бесўроқ эълон қилган конкрет шахс аниқ бўлса, тегишли ҳуқуқни сақлаш органлари орқали масалани ҳал қилса бўлади. Аввало, ички ишлар органларига мурожаат қилиши керак, деди адвокат.

Шикоятчининг сўзларига қараганда, деди адвокат, унинг исми билан тармоқда профиль очиб, суратларини эълон қилган йигитнинг ҳаракатларида шахсий ҳаётга тажовуз аломатлари кўринмоқда.

- Лекин, масалани яқиндан ўрганмай туриб, хулоса қилиш тўғри эмас. Суратлар қаердан ва қандай олинди? Нима мақсад билан олинди? Балки шантаждир, балки тамагирликдир? Агар жиноят, деб ҳисобга олинса, мотив нимадан иборат бўлган? Бу саволларга ҳуқуқни сақлаш органлари жавоб топши керак, деди адвокат.


Қонунлар нима дейди?

Руҳиддин Комиловнинг айтишича, фуқаронинг шахсий ҳаёти дахлсизлиги қатор ҳужжатларда – Маъмурий, Фуқаролик ва Жиноят кодексларида кафолатланган.
Шахсий ҳаёт дахлсизлиги мамлакат Конституциясида ҳам кафолатланган.


Конституциядаги меъёр

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 27-моддасида “Ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва турар жойи дахлсизлиги ҳуқуқига эга. Ҳеч ким қонун назарда тутган ҳоллардан ва тартибдан ташқари бировнинг турар жойига кириши, тинтув ўтказиши ёки уни кўздан кечириши, ёзишмалар ва телефонда сўзлашувлар сирини ошкор қилиши мумкин эмас” дейилган.


Судга етиб борган "яланғоч аёл"

Демак Конституцияда ҳам, кодексларда ҳам шахс дахлсизлиги кафолатланган.

Бироқ ўша қонунларга таяниб ўзини ҳимоя қила олганларни санаш учун бармоқлар ҳам кўплик қилади.

Ҳар ҳолда, адвокат Руҳиддин Комилов кейинги йилларда худди шу масалада судгача етган биргина ишни билади.

- Бир йигит таниши бўлган аёлнинг яланғоч ҳолда тушган суратларини телефон орқали тарқатган ва иш судгача етиб, йигит жазоланди, деди адвокат.

Руҳиддин Комилов мазкур иш билан шахсан шуғулланмагани учун жазо қандай кўринишда бўлганини айта олмади.


Шахсга тажовуз қилган шахс қандай жазоланади?

Адвокатдан сўрадик:

- Шахс дахлсизлигига тажовуз қилинса, тажовуз қилган шахс қандай жазоланади?

- Саволингиз ҳам, ҳолат ҳам мавҳум. Бунга таъриф бериш учун диспозицияни билиш керак. Аниқловчи белгилар йўқ бизда. 3 – 4 йўналишда жавобгарликка тортса бўлади. Ҳатти-ҳаракатнинг оқибатига қаралади. Шунинг учун мен бу саволга конкрет жавоб бера олмайман. Бунга ҳақим ҳам йўқ,
деди адвокат.


Сохта саҳифалар "эпидемияси"

Маълумотларга қаралса, Озодликка шикоят қилган Н. ўз ташвишида ёлғиз эмас.

У ёки бу шахснинг исми ижтимоий тармоқларда бесўроқ ишлатилиши кейинги пайтларда ўзига хос эпидемияга айланиб кетган. Бу касаллик биринчи навбатда таниқли санъатчиларни “чалмоқда”.

Масалан, 2013 йилнинг сентябригача Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова номидан “Одноклассники”да 300 та, “Фейсбукда” 25 та, Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков номидан “Одноклассники” тармоғида 275 та, “Фейсбук”да 16та, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Райҳон Ғаниева номидан “Одноклассники”да 158 та, “Фейсбук”да 6 та, хонанда Муниса Ризаева номидан “Одноклассники”да 311 та, “Фейсбук”да 10 та сохта саҳифа очилган.


Лифт ва тўшак сирлари, таҳқирланган трансвестит...

Сохта саҳифалар ҳодисанинг юмшоқроқ кўринишидир. Бошқа кўринишини чинакам тажовуз, деб классификациялаш мумкин.

Кейинги пайтларда таниқли созанданинг лифтда аёл ҳамкасбига нисбатан қилган ҳаракатлари, таниқли кинорежиссернинг тўшак сирлари, трансвестит йигит билан зўравонлик билан ўтказилган “мулоқот” видеотасвирлари ижтимоий тармоқларда тарқалди, телефондан телефонга кўчди.

Бу видеолар қаҳрамонлари ўзларининг шахсий ҳаёти дахлсизлиги ҳимоя қилинишини сўраб ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилгани тўғрисида маълумот йўқ.
XS
SM
MD
LG