Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:19

Бишкек ислом маданияти, Ўш МДҲ маданият маркази деб эълон қилинди


Ислом ҳамкорлик ташкилоти 2014 йилда Бишкекни ислом маданияти маркази деб эълон қилди. Ўш шаҳрига эса МДҲнинг 2014 йилдаги маданий пойтахти мақоми берилди. Бу ҳақда 29 январь куни ўтган матбуот анжуманида Қирғизистон маданият, ахборот сиёсати ва туризм вазири Султон Раев маълум қилди.

Ислом ҳамкорлик ташкилотига аҳолисининг асосий қисми мусулмонлардан иборат бўлган 57 даъвлат аъзо ҳисобланади. Ташкилот аввалги йиллари Баку, Тошкент, Душанбе шаҳарларини ислом маданияти маркази деб эълон қилган эди. 2015 йилда эса бу мақом Олмаота шаҳрига берилади.

-Бу дин билан алоқаси бўлмаган маданий лойиҳадир. Бишкек, умуман Қирғизистон дунёвий давлат. Бироқ аҳолининг асосий қисми мусулмонлардан иборат. Шунинг учун ҳам ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлганмиз. –деди Қирғизистон маданият, ахборот сиёсати ва туризм вазири Султон Раев.

Вазирнинг айтишича, мазкур лойиҳа доирасида Жалолободдаги Шохвазил тарихий комплекси таъмирланади, тарихчи Александр Бернштамнинг асарлари қайта нашр этилади, Бишкекда мусулмон давлатлари кинофестивали ўтказилади.

-Ислом маданиятига бағишланган анжуманлар, давра суҳбатлари ўтказилади.
Бугунги куннинг долзарб муаммолари: таълим, экология, давр чақириқлари, бағрикенглик ва бошқа глобал масалалар муҳокама қилинади. Динга тўғридан-тўғри алоқаси бўлган масалалар кўтарилмайди,
-деди Султон Раев.

Айни пайтда Ўш шаҳри 2014 йилда МДҲнинг маданий пойтахти деган мақомга эга бўлди. Бундай мақом жорий йилда Олмаота шаҳрига ҳам берилди. Ўтган йили Туркманистоннинг Мари ва Белоруснинг Могилёв шаҳарлари маданий пойтахт сифатида эълон қилинган эди.

Бишкекдаги “Эркин бозор” институти раҳбари Мирсулжон Намазалиев Бишкек ва Ўш шаҳарларига бундай мақомларнинг берилишидан мамлакат учун иқтисодий манфаат бўлмайди, деб ҳисоблайди.

-Бишкек шаҳрининг ислом маданияти маркази, Ўш шаҳрининг МДҲ мадният маркази деб эълон қилиниши республика ҳукуматининг бу шаҳарларни ривожлантириш стратегиясига қанчалик мос келади деган савол пайдо бўлади. Бу биринчи ўринда муҳокама қилинадиган мавзу. Акс ҳолда, мазкур мақомларни оқлаш учун ҳукумат фақат ортиқча пул сарфлашига тўғри келади, аммо бундан мамлакатга ҳеч қандай иқтисодий манфаат бўлмайди, -деди Мирсулжон Намазалиев.

Қирғизистон расмийлари эса Бишкек ва Ўш шаҳарларига 2014 йилнинг ислом маданияти ва МДҲ маданияти маркази мақомларининг берилиши, Қирғизистоннинг туризм потенциалини дунёга тарғиб қилинишига, бунинг ортидан эса мамлакатга келадиган сайёҳлар сони кўпайишига умид қилмоқда.
XS
SM
MD
LG