Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:38

Тошкентда Евромайдон хайрихоҳларидан икки нафари ҳибсдан озод бўлди


Тошкентда рухсат этилмаган норозилик тадбири ўтказганлик даъвоси билан жаримага тортилган фотосуратчи Умида Аҳмедова.
Тошкентда рухсат этилмаган норозилик тадбири ўтказганлик даъвоси билан жаримага тортилган фотосуратчи Умида Аҳмедова.

Тошкентда рухсат этилмаган митинг ўтказганлик даъвоси билан 30 январь куни 15 суткага ҳибс этилган Артём Людний ва Ашот Даниэлян шанба куни озод бўлган. Қўлга олинган учинчи шахс - Алексей Улько эса жазони ўташда давом этмоқда.


Бу ҳақда маълум қилган Озодликнинг Тошкентдаги манбаларига кўра, Евромайдон қўлловчиларининг муддатидан олдин озод этилиш сабаблари ҳозирча номаълум бўлиб, Людний ҳам, Даниэлян ҳам бу борада на матбуот билан, на-да таниш-билишлари билан сўзлашишни истамаяпти.

Озодлик мухбирларининг ҳибс этилганидан 9 кун ўтиб озод бўлган бу йигитлар билан боғланишга уринишлари ҳам самара бермади.

Эслатиб ўтамиз, 30 январь куни Жиноят ишлари бўйича Ҳамза туман суди Украинадаги Евромайдонни қўллаб тадбир ўтказган саккиз кишига нисбатан жарима ва маъмурий ҳибс шаклида жазо белгилаган. Хусусан, тадбир иштирокчилари бўлган аёлларга, шу жумладан, ўзбекистонлик таниқли фотосуратчи Умида Аҳмедовага энг кам иш ҳақининг 50 баробари, яъни тақрибан 1675 АҚШ доллари, эркакларга эса энг кам иш ҳақининг 60 баробари, яъни 2000 доллардан зиёдроқ миқдорда жарима солинган.

Умида Аҳмедованинг Озодликка айтишича, даставвал суд қарори ўқилганда унга ва Дина исмли аёлга энг кам иш ҳақининг 20 баробари, Умида опанинг ўғли Тимур Карпов ва Ильгар Гасимовларга эса энг кам иш ҳақининг 30 баробари миқдорида жарима солинганди.

- Мен [суд ҳукмини олиш учун] Ҳамза туман судига борганимда, ҳали “секретарь йўқ, печать йўқ, унақа-мунақа, деб беришмади. Кейин мен қайтиб бормадим. Кейин ҳаммага икки баробар кўпайтириб қўйибди штрафни. Суд эълон қилган, масалан, болаларга: “сенга 30 минимальний зарплата штраф” деган, бизга (яъни аёлларга – таҳр.) 20 деган. Кейин ҳалиги бир қизимиз (Дина исмли аёл назарда тутилмоқда – таҳр.) борганида унга 50 ёзибди, болаларга 60 ёзибди, - дейди Умида Аҳмедова.

Ҳамза туман судининг тошкентлик фаолларни жазога тортишига уларнинг 27 январь куни Украинанинг Ўзбекистондаги элчихонасига Киевда евроинтеграция талаби билан норозилик тадбирлари ўтказаётган намойишчиларни қўллашлари билдирилган аризани топширгани, кейин эса шаҳар бўйлаб сайр қилганлари сабаб бўлган.

Умида Аҳмедовага кўра, эндиликда уларнинг оиласи салкам 4 минг доллар жарима тўлаши керак. “Уйимизда 4 минг долларлик нарсанинг ўзи йўқ уларга беришга” деган Умида опа айни пайтда Ҳамза туман суди қарори устидан юқори инстанцияларга арз қилиш фикридан ҳам воз кечганини маълум қилди.

- Чунки мен билан боғлиқ 4 йил олдинги воқеалар бор-ку “за клевету и оскорбление” дегандек. Ўша ерда ҳам адвокат қаерларга ёзмади. Шаҳар суди апелляция қилмаганидан кейин сразу Верховний судга берганмиз. Мана, [ўша ариза] Олий судда тўрт йилдан бери ётибди, ҳеч қанақа жавоб йўқ, - дейди Умида Аҳмедова.

Эслатиб ўтамиз, 2010 йили ўзбекистонлик таниқли фотосуратчи Умида Аҳмедова 2006 йилда нашр қилинмиш "Аëл ва эркак: тонгдан шомга қадар" деб номланган бадиий суратлар тўплами ва "Бокиралик юки" ҳужжатли филми орқали "ўзбек халқига туҳмат ва ҳақорат қилганлик"да айбланиб, Ўзбекистон Жиноят кодексининг иккита моддаси бўйича айбдор деб топилган ва амнистия асосида суд ҳукми билан авф қилинганди.

Умида Аҳмедованинг фикрича, Евромайдоннинг тошкентлик хайрихоҳлари тақдирига оид кўп маълумотлар тадбир ташкилотчиси сифатида кўрилган Алексей Улько ҳибсдан озод бўлганидан кейин маълум бўлади. Инглиз тили бўйича мутахассис Ульконинг 3-4 кундан кейин озод бўлиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG