Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:14

Тошкентда Наврўз байрами ўтказилганидан шаҳарликлар бехабар қолди


Тошкентда Президент Ислом Каримов иштирокидаги Наврўз байрами тантаналари "ёғингарчилик кутилаётгани сабабли" 21 мартда эмас, балки икки кун олдин – 19 март куни ўтказилди.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Тошкентнинг Навоий номли миллий боғида ўтказилган Наврўз тантаналарида сўзлаган нутқида "турли минтақаларда" давом этаётган можароларни фақат тинч йўллар билан ҳал қилишга чақирди.

Лекин, Каримов Қримни тилга олмади.

"Бизнинг халқимиз нимани истайди? Аввало ўз юртида, қўшни минтақаларда, бутун оламда тинчлик-осойишталик ҳукм суришини, турли-турли ҳудудларда ҳали-бери давом этаётган можаро ва қарама-қаршиликлар куч ишлатмасдан, такрор айтаман, куч ишлатмасдан, фақатгина тинчлик йўли билан, зўравонликни четга суриб, сиёсий музокаралар йўли билан ҳал қилишни хоҳлайди, - деди Каримов.

Ҳар галгидек президент Каримов Наврўз байрами тантаналарида рақсга тушди.

Ўзбекистон Гидрометеорология маркази расмийлари 21 март куни Тошкентда ёғингарчилик кутилаётгани сабабли Наврўз байрамининг асосий тантаналари 19 мартга кўчирилганини айтишди.

- Бир ҳафта давомида, 21 март куни ҳам ёмғир кутиляпти. Ёмғирсиз кун фақат бугун эди. Шу сабабли байрамни бугунга кўчиришди, - деди Ўзбекистон Гидрометеорология маркази ходими.



Тошкентда 19 март куни асосий байрам тантаналари бўлаётганини пойтахтликлар асосий йўллар тўсиб қўйилганидан билди.

19 март тонгдан Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон Миллий боғига олиб борувчи қатор туташ кўчаларда автомобиллар ҳаракати чекланди.

“Миллий боғ” ҳамда “Бунёдкор” метро бекатининг Навоий боғига чиқадиган томони вақтинча ёпилди.

- Шаҳар марказида машинада юриб бўлмайди. Эрталабдан текшир-текшир. Тўхтатиб багажни текширяпти. Уйга келиб, телевизорни қўйсам, “Ахборот”да айтиб қолди, байрам бўлди, деб. Олдиндан айтишса, болаларимизни байрам сайлига олиб чиқар эдик, - дейди тошкентлик такси ҳайдовчиси Неъматилла.

Тошкентнинг кириш ва чиқиш йўлларида милиция ходимлари автомобилларни диққат билан текширмоқда.

Пойтахтлик Маъруфжон байрам билан боғлиқ текшир-текширларига кўникиб қолганини айтади.

- Бугун Чирчиққа санаторийга бориб келдим. Чиқишда ҳам шаҳарга киришда ҳам тўхтатиб текширди. “Багажни оч”, дейди. Байрамлардан безиллаб қолганмиз, дейди тошкентлик Маъруфжон.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги расмийлари Тошкентда Наврўз байрами муносабати билан ўтказилаётган “Тозалаш” тадбири доирасида хавфсизлик чоралари кучайтирилганини тасдиқлашди.

Шаҳарлараро қатнайдиган автобуслар уч кундан буён Тошкентга киритилмаяпти.

- Шаҳарлараро автобуслар Тошкентга қўйилмаяпти. Алоҳида кўрсатма бўлмагунча автобусларнинг шаҳарга киришига руҳсат йўқ. Раҳбарият фалон куни оч деса, очади. Фақат шаҳарлараро автобуслар. Енгил машиналарга чеклов йўқ, - деди Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси расмийси.

Аввалроқ Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Наврўз байрами муносабати билан профилактика ишлари олиб борилгани ва пойтахтда 16 мингдан ортиқ хонадон текширилгани ҳақида маълумот тарқатган эди.

-Оддий халқ ҳар йили байрам арафаси ўтказиладиган бунақа рейдларга кўникиб қолишган, - деб сўзида давом этади ўзбекистонлик журналист Абдураҳмон Ташанов: - Бу тадбир доирасида Тошкентда пропискаси бўлмаганлар вилоятларга жўнатилади. Уйма -уй юриб паспорт режимига амал қилмаётган одамлар аниқланади. Одамлар йигирма йилдан буён давом этаётган бу байрамолди текшир-текширларини табиий хол, сифатида қабул қиляпти. Расмийларни ўзлари ҳам яширишаётгани йўқ, - дейди журналист.

Баъзилар буни об-ҳаво билан боғласа, бошқалар президент Ислом Каримов хавфсизлигини таъминлаш зарурати билан изоҳлашади.
XS
SM
MD
LG