Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:12

Ўзбекистонда туғилиш ҳам, бир ёшгача бўлган болалар ўлими ҳам кўпайган


Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси хабарида айтилишича, ўтган йили бир ёшга тўлмаган болалар орасида ўлим сони 6,8 мингтани ташкил қилган. Бу 2012 йилдагига нисбатан қарийб мингтага кўпдир.

Болаларнинг кўпчилиги перинатал даврда юзага келадиган хасталиклар, инфекция ҳамда туғма касалликлардан нобуд бўлган.

Ўтган йили Ўзбекистонда туғилиш суръати ҳам ортган. Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасига кўра, 2013 йилнинг январь-декабрь ойлари оралиғида 670 мингдан зиёд чақалоқ дунёга келган. Бу аввалги йилдагига қараганда уч фоизга кўпдир.

Ўзбекистон Давлат Статистика қўмитасига маълумотида айтилишича, мамлакат аҳолиси шу йилнинг 1 январь ҳолатига кўра 30 миллион 488 минг кишини ташкил этган ва ўтган йил бошидан бери 495 минг кишига, ёки 1.7 фоизга ортган.

Ўзбекистонда кейинги йилларда туғишни камайтиришга қаратилган уринишлар кузатилди.

Хусусан, ўзбек оилаларида болалар сонини иккитадан кўпайтирмаслик талаб қилинаётгани тўғрисида хабар қилинмоқда.

Кузатувларга кўра, туғиш ёшидаги аёллар, агар фарзандлари иккита бўлса, уларга мажбурий равишда бачадон ичи воситаси (спирал) қўйилмоқда ёки улар стерилизация қилинмоқда, яъни бичилмоқда.

Ихтиёрий экани айтилаётган стерилизация жараёни аксар ҳолларда мажбурий тарзда ўтказилаётгани ҳақида жуда кўплаб маълумотлар бор.

Аҳоли орасида ўлим сони ўтган йили 674 мингтани ташкил этган. Бу 2012 йилдагига қараганда бир фоизга камдир.

Ўлганларнинг 60 фоизи қон айланиш тизими касалликлари, 7 фоизидан кўпи саратон касаллиги, 6 фоизи бахтсиз ҳодисалар, 5 фоизи овқат ҳазм қилиш органлари билан боғлиқ ҳасталиклар сабаб дунёдан кўз юмган.

Ўзбекистонда ўтган йили ажрашишлар ҳам кўпайган. Ўзбекистон Давлат Статистика қўмитасига кўра, 2013 йилда 303 минг никоҳ ва 24 минг ажралиш қайд этилган. Яъни минг кишига 10та никоҳ ва 0,8 та ажралиш тўғри келади.

2012 йилда Ўзбекистонда ҳар минг кишига 0.6та ажрашиш тўғри келган.
XS
SM
MD
LG