Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:37

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” бош муҳаррири “сиёсий хато” қурбони бўлди


Саъдулла Ҳакимов.
Саъдулла Ҳакимов.

Озодлик радиоси манбаларининг айтишларича, "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" газетасида чоп этилган Ўзбекистон қаҳрамони Абдулла Ориповнинг "Мени унутганни унутар бу халқ" сатрлари сабабли газета бош муҳаррири Саъдулла Ҳакимов истеъфога чиқарилган.

26 март куни Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси муассислигида чоп қилинадиган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси бош муҳаррири Саъдулла Ҳакимов лавозимидан четлатилди. Унинг ўрнига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Сирожиддин Саидов таҳририят раҳбари этиб тайинланди.

Бу хусусда мобил мухбирларимиз билан сўзлашган таҳририят ходими истеъфонинг ошиғич амалга оширилгани, президент девони ходимлари таҳририятга янги бош муҳаррирни сешанба куниёқ олиб келиб, таништирганини баён қилди.

Унинг таъкидича, муҳаррирни алмаштириш фикри президент Ислом Каримовдан чиққан ва шу боис ҳам муҳаррир алмашинувини биров билиб, биров билмай қолди.

Исмини очиқламаслик шарти билан Озодликка маълумот берган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ходими Саъдулла Ҳакимовнинг “сиёсий хато” қурбони бўлганини таъкидлади.

“Саъдулла ака бир муддат Туркия Республикасида юрак жарроҳлиги амалиётини ўтказган Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг собиқ раиси Абдулла Ориповнинг бир туркум шеърларини газетанинг 22 март сонида чоп қилган. Шоирнинг туркуми орасида “Мени унутганни унутар бу халқ...” номли сатрлар мавжуд. Абдулла Ориповнинг бу жумлалари айнан президент Ислом Каримовнинг шахсига қаратилганига шубҳа йўқ. Буни эса президент ўқиб ғазабланган. Ҳакимовга ҳатто иш ҳам берилмади”, деди Ёзувчилар уюшмасидаги манба.

Ўзбек мафкурачиларининг етакчиларидан бири бўлган шоир Абдулла Орипов қарийб 5 йилдан буён исталмаган шахс ўлароқ деярли телеэкранларда кўрсатилмайди. Унинг шеър ва прозаик материаллари оммавий ахборот воситаларида камдан-кам ҳолларда чоп қилинади.

1996-2000 йилларда Ўзбекистон Республикаси президенти девонининг Ахборот маркази раҳбари лавозимигача кўтарилган 63 яшар Саъдулла Ҳакимов таҳририятга 2010 йилнинг январида Бош муҳаррир этиб тайинланган эди. У бир қанча шеърий ва насрий рисолалар муаллифидир.
XS
SM
MD
LG